Блогерлар номидан қалбаки қимор тарғиботи аниқланди. Бунда СИ ёрдам берган
Таниқли шахсларнинг овози ва қиёфаси сунъий интеллект ёрдамида сохталаштирилган видеоларда қимор ўйинлари тарғиб қилинган.

Рақобат қўмитаси блогерлар номидан сунъий интеллект орқали сохталаштирилган ҳолда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш ҳолатларини аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, интернетда дипфейк видео ва сохта тасвирлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, сўз устаси Элмурод Хақназаровнинг овози Chiken Road номли қимор ўйинини тарғиб қилаётгандек қилиб сунъий равишда монтаж қилинган.
Текширув чоғида Хақназаров бундай реклама жойлаштирмаганини, видео сунъий интеллект ёрдамида қалбакилаштирилганини билдириб, фуқароларни фирибгарликдан эҳтиёт бўлишга чақирган.
Шунингдек, қўмита dili.me саҳифасини юритувчи Д. Назаров ва abdurahmonmufid саҳифаси муаллифи А. Абдурахмоновлар ҳам қимор ўйинларини реклама қилмаганини аниқлаган. Улар иштирокидаги видеолар ҳам сохталаштирилган.
Қўмита фуқароларга машҳур шахслар қиёфаси ёки овозидан фойдаланиб тайёрланган сунъий интеллект маҳсули бўлган хабарларга ишонмасликни, тақиқланган маҳсулотлар рекламасига нисбатан огоҳ бўлишни тавсия этди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, июн ойида Рақобат қўмитаси қимор ўйинларини тарғиб қилган тўртта блогерни жавобгарликка тортганди.





