
БМТ: «Ҳар куни 137 нафар аёл-қиз ўз яқини қўлида ҳалок бўлмоқда»
Маълумотларга кўра, 2024 йилда ҳалок бўлган 83 минг аёл-қизнинг 60 фоизи ўз турмуш ўртоғи ёки қариндошлари томонидан ўлдирилган — бу ҳар 10 дақиқада бир нафар қотиллик дегани.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда «БМТ-аёллар» тузилмаси 25 ноябр — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан дунё бўйлаб фемитсид даражасини очиқлади.
Ҳисоботга кўра, 2024 йилда 83 минг аёл ва қиз қасддан ўлдирилган, уларнинг 50 минг нафари — жиноятчи сифатида айнан ўз яқинлари иштирок этган ҳолатлардир. Бу кўрсаткич ҳар куни ўртача 137 нафар аёл-қизнинг ўз уйида ёки оила муҳитида ҳалок бўлаётганини англатади.
Халқаро мажбуриятларга қарамай, гендер асосидаги қотилликлар кўп йиллар давомида камаймаяпти. Эркаклар ўртасида яқинлари томонидан ўлдириш 11 фоизини ташкил этса, аёллар орасида бу кўрсаткич беш бараварга юқори.
«БМТ-аёллар» тузилмаси бўлими директори Сара Хендрикснинг таъкидлашича, фемицид кўп ҳолларда назорат, таҳдид, таъқиб ва онлайн зўравонликдан бошланади.
«Ҳар бир аёл ва ҳар бир қиз хавфсизлик ҳуқуқига эга. Фемицидларнинг олдини олиш учун зўравонликнинг онлайн ва офлайн кўринишларини ҳисобга олган ҳолда ўз вақтида аралашиш ва қонунларни қўллаш керак», — дейди Хендрикс.
БМТ маълумотларига кўра, уй кўплаб аёл ва қизлар учун ҳануз хавфли жой бўлиб қолмоқда. Африка гендер асосидаги қотилликлар бўйича энг юқори даражани қайд этган — ҳар 100 минг аёлга 3 та ҳолат. Кейин Америка, Океания, Осиё ва Европадаги кўрсаткичлар жойлашган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2025 йил январ–август ойларида 8 мингга яқин киши оилавий зўравонлик учун, 1450 нафар шахс шаҳвоний шилқимлик учун судланган. Шу даврда 37 та никоҳ зўравонлик сабаб бекор қилинган.





