
Cambridge луғати йил сўзини эълон қилди: миллионлаб инсонлар бунга ружу қўйган
«Парасоциал» — оммавий маданият, инфлюенсерлар ва сунъий интеллект билан ёлғиз, бир томонлама муносабатларнинг янги номи. Илмий атама оммавий сўзга айланди.

Кембриж луғати 2025 йил учун «йил сўзи» сифатида «парасоциал» (parasocial) атамасини танлади. Бу сўз виртуал дунёда юзага келаётган бир томонлама, яъни инсоннинг машҳур ёки сунъий шахс билан ўзи ўйлаб топган муносабатини англатади. Бу муносабат реал эмас, лекин инсоннинг онгида жуда кучли ва таъсирли шаклланади.
Луғатда таъкидланишича, «парасоциал» — «бир инсоннинг ўзи шахсан танимайдиган машҳур билан ёлғиз ўзи ҳис қилган алоқаси». Илк бор 1956 йилда Чикаго университети олимлари телевидение орқали томошабин ва экран қаҳрамонлари ўртасидаги бу муносабат илмий жиҳатдан шундай таснифлаган.
Cambridge муҳаррири Колин Макинтошга кўра, сунъий интеллект ва ижтимоий тармоқлар «парасоциал» сўзини академик атамадан оммабоп трендга айлантирган. «Бу сўз 2025 йил руҳиятини тўлиқ акс эттиради. Минглаб одамлар айнан шундай бир томонлама муносабат ичида яшамоқда», деди у.
Профессор Симоне Шналл эса ёшларнинг инфлюенсерлар ва ҳатто ChatGPT каби AI воситаларини дўст, маслаҳатчи ёки тасалли манбаси сифатида қабул қилиш тенденцияси ҳақида огоҳлантирди. У буни парасоциал муносабатнинг янги босқичи, деб атади.
Шу билан бирга, луғат «memeify» ва «slop» каби сунъий интеллектга оид янги сўзларни ҳам расман қабул қилди. Бу сўзлар Интернетдаги мемлар ва маъносиз СИ контентини ифодалаш учун ишлатилади.





