Logo

Декрет ва касаллик нафақасини олиш тартиби ўзгарди

Бугун 11:052 дақиқа

Энди меҳнат муносабатлари сақланган ҳолда иш ҳақи тўланмаган ойлар, жумладан ўз ҳисобидан олинган таътил, шунингдек касаллик даври суғурта стажининг узилишига сабаб бўлмайди.

Декрет ва касаллик нафақасини олиш тартиби ўзгарди © Zira.uz

Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш — декрет, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик – касаллик нафақаларини тайинлаш тартиби такомиллаштирилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 13-августдаги 440-сон қарори билан 6 ойлик узлуксиз суғурта стажини ҳисоблаш тартиби енгиллаштирилди. Энди меҳнат муносабатлари сақланган ҳолда иш ҳақи тўланмаган ойлар, жумладан ўз ҳисобидан олинган таътил, шунингдек касаллик даври суғурта стажининг узилишига сабаб бўлмайди.

Шунингдек, кам маош олувчи ва тўлиқ бўлмаган ставкада ишловчилар учун ҳам суғурта стажи ҳисобланади. Ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари ва ундан кўп бўлса 1 ой, бир баравардан кам бўлса ярим ой суғурта стажи сифатида ҳисобга олинади.

Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда декрет таътили узайтирилса, қўшимча нафақа аввалги ҳисоб-китоб кўрсаткичлари асосида белгиланади. Бу нафақа миқдорининг асоссиз камайиб кетишининг олдини олади. Янги тартиб натижасида қўшимча 3000 га яқин аёлда декрет нафақасини олиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Ушбу ўзгаришлар 2026-йил 13-майдан бошлаб юзага келган суғурта ҳодисаларига ҳам татбиқ этилади.

Агентликнинг ёзишича, давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги ҳар бир янги қадам орқали кўпроқ кишини қамраб олиш, паст даромадли ходимлар ва оналарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ортиқча чекловларни камайтириш ҳамда нафақаларни адолатли ва шаффоф тайинлаш имкониятлари кенгаймоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг январ-июн ойларида 66 мингдан ортиқ аёлга жами 772 миллиард сўмлик декрет пуллари тўлаб берилганди.

Теглар

Мавзуга оид