
Дунёдаги энг аҳолиси зич шаҳар аниқланди: Унда 42 млн киши яшайди
Глобал рейтингларни тубдан ўзгартираётган БМТнинг янгиланган услуби шаҳар, қишлоқ ва шаҳар атрофи ҳудудларини янада аниқ демографик ва геокенглик мезонлари билан белгиловчи тизимга асосланган.

Индонезия пойтахти Жакарта дунёда энг зич аҳолига эга мегаполис сифатида БМТ рейтингида биринчи ўринни эгаллади. The Guardian нашрининг ёзишича, янги тадқиқотда шаҳарда 42 миллион киши истиқомат қилаётгани қайд этилган. БМТнинг янгиланган услуби шаҳар, қишлоқ ва шаҳар атрофи ҳудудларини янада аниқ демографик ва геокенглик мезонлари билан белгиловчи тизимга асосланган бўлиб, натижалар аввалги рейтинглардан анча фарқ қилмоқда.
Рейтингда иккинчи ўринни Бангладеш пойтахти Дакка 37 миллион аҳоли билан эгаллаган. Учинчи ўринда эса Япониянинг Токио шаҳри — 33 миллион аҳоли. Биринчи бешликка шунингдек Ҳиндистон пойтахти Ню Деҳли ва Хитойнинг Шангҳай мегаполиси кирди. Мутахассислар фикрича, мегаполислар улуши ошиши демографик босим, инфратузилма юки ва шаҳар кенгайиши бўйича янги масалаларни кун тартибига олиб чиқмоқда.
БМТ ҳисоботига кўра, 1950 йилда ер шарида 2,5 млрдга яқин киши шаҳарларда яшаган бўлса, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг деярли ярми шаҳар муҳитида истиқомат қилмоқда. Иқтисодий имкониятлар, иш ўринлари ва инфратузилмага яқинлик жаҳон бўйлаб урбанизация жараёнини тезлаштирмоқда. 1975 йилдан 2025 йилгача мегаполислар сони 8 тадан 33 тагача ошгани урбанизация суръатларининг қай даражада юқори эканини кўрсатади.
Таҳлилчилар янги методиканинг муҳим томони шундаки, у мамлакатлар қўллайдиган миллий мезонлардан мустақил ҳисобланади ва шаҳарлашувни ягона глобал стандартда баҳолаш имконини беради. Бу эса келгусида мегаполислар ривожи, инфратузилма режалаштириш ва аҳоли концентрацияси бўйича халқаро сиёсатда муҳим ўрин тутиши кутилмоқда.





