Дунёдаги қарзи энг кўп давлат кимлардан қарздор?
Дунё давлатларининг умумий қарзи 111 триллион доллар бўлса, шунинг 39 триллиони АҚШнинг бўйнида. Ўсиб бораётган бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун АҚШ турли харидорларга таянади.
© gagadget2025-йилда дунёда умумий давлат қарзи 111 триллион долларга етди. АҚШ 39 триллион долларлик қарз билан бу боради биринчи. АҚШ Молия вазирлигининг кунлик ҳисоботи бу қарзни ким молиялаштираётгани, унинг қайси қисми мамлакат ичида, қайси қисми эса хорижда сақланаётганини кўрсатди.
АҚШ қарзига кимлар эгалик қилади?
Ўсиб бораётган бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун АҚШ турли харидорларга таянади, жумладан, ички муассасалар, хорижий ҳукуматлар ва ўз марказий банки.
39 триллион долларлик умумий қарзнинг 31,4 триллион доллари (81 фоиз) ички ва хорижий инвесторларга тегишли. Қолган 7,6 триллион доллар (19 фоиз) – бу давлат ичидаги қарз бўлиб, ички давлат операцияларини акс эттиради. Бу сумма дунёдаги энг бой 20 нафар миллиардернинг умумий бойлигидан тахминан икки баробар кўп.

Давлатга тегишли қарз АҚШнинг ташқи инвесторлар олдидаги мажбуриятларини ифодалайди ва фоиз ставкалари, кредит қиймати ҳамда молия бозорларига бевосита таъсир қилади. Бундан фарқли равишда, ички қарз – бу ҳукуматнинг ўзига ўзи қарзи бўлиб, асосан ижтимоий таъминот каби дастурлар билан боғлиқ.
Пай инвестиция фондлари ва пенсия жамғармалари энг йирик оммавий эгалари ҳисобланади, уларнинг улуши 6,6 триллион долларни ташкил этади. Бу хавфсиз ва ликвид активларга бўлган юқори талабни кўрсатади.
АҚШ Федерал захира тизими балансида 4,4 триллион доллар мавжуд бўлиб, бу Япония, Буюк Британия ва Хитой каби учта энг йирик хорижий кредиторлар жами улушидан ҳам кўп.
Жисмоний шахслар орасида эса Уоррен Баффет ўзининг «Berkshire Hathaway» компанияси орқали АҚШ давлат облигацияларининг энг йирик нодавлат эгаси ҳисобланади – 2025-йилнинг тўртинчи чораги ҳолатига кўра, унинг активлари 339 миллиард долларга баҳоланган.
АҚШнинг юқори давлат қарзи оддий америкалик учун нимани англатади?
АҚШ дунёда давлат қарзи ЯИМга нисбатан энг юқори бўлган ўнта мамлакат қаторига киради ва унинг қарзи ҳар уч ойда тахминан 1 триллион долларга ошмоқда. Бу тенденция америкаликлар ҳаёт даражасига таъсир кўрсатиши мумкин.
Қарз ўсиши билан федерал бюджетнинг каттароқ қисми фоиз тўловларига сарфланади. Бу эса инфратузилма, мудофаа ва ижтимоий дастурлар каби муҳим соҳаларга ажратиладиган маблағларни қисқартиради.
Ортиқча қарз иқтисодий ўсишни секинлаштириши, иш ҳақи ўсиши ва янги иш ўринлари яратилишини чеклаши мумкин. Шу билан бирга, у фоиз ставкаларининг ошишига олиб келиб, ипотека кредитлари, банк қарзлари ва кредит карта қарзларини қимматлаштиради.
Давлат қарзи ўсиб бораётган бир пайтда унинг таркиби ва кимлар томонидан эгалланиши молиявий бозорлар ҳамда иқтисодиёт учун хавф ва имкониятларни тўғри баҳолашда жуда муҳим ҳисобланади.





