Ўзбекистонда қанча маҳкум борлиги очиқланди
Маълумотларга кўра, ҳозирда республика бўйлаб 49 та жазони ижро этиш муассасалари фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жами 47 432 нафар маҳкум сақланмоқда. Бу ҳақда 11 апрел куни Ички ишлар органлари фаолияти юзасидан жорий йилнинг биринчи чораги бўйича таҳлилий ҳисобот мавзусида ўтказилаётган матбуот анжуманида VAQT.UZ мухбири саволига жавобан ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари Сатимбаев Отабек Мирзатиллаевич маълум қилди. .
Сатимбаевга кўра, мазкур маҳкумлар республика бўйлаб фаолият юритаётган 49 та муассасада жойлаштирилган. Тизимдаги муассасалар турли тоифаларга бўлинган бўлиб, маҳкумлар ҳам уларга мос равишда тақсимланади.
Жумладан, ёпиқ турдаги колонияларда ҳозирги кунда тахминан 26 минг нафарга яқин маҳкум сақланмоқда. Ушбу муассасаларда жазо ижроси нисбатан қаттиқ тартибда амалга оширилади.
Шунингдек, манзил колонияларида 11 минг нафардан ортиқ маҳкум мавжуд.
Қолган маҳкумлар эса бошқа турдаги жазони ижро этиш муассасалари ҳиссасига тўғри келади. Мутахассислар таъкидлашича, бу кўрсаткичлар доимий эмас ва вақт ўтиши билан ўзгариб боради.





