Душанбеда ёқилғи нархи ошди

Бугун 18:052 дақиқа

Тожикистон пойтахтида бензин, дизел ва газ нархлари март бошидан буён сезиларли даражада қимматлади.

Душанбеда ёқилғи нархи ошди © Foto: sputnik.tj

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги шохобчаларда автомобил ёқилғиси нархи жорий йил март ойи бошидан буён ўртача 8–9 фоизга ошгани кузатилди. Бу ҳақда Тожикистон пойтахти нефт маҳсулотлари бозори мониторинги маълумотлари далолат беради.

Ҳайдовчилар орасида энг оммабоп бўлган AI-92 бензини нархи литри учун 9,5 сомонидан 10,3 сомонигача (тахминан 12,2 минг сўмдан 13,2 минг сўмга) кўтарилди. Дизел ёқилғиси сегментида ҳам шундай динамика қайд этилди: нарх 10,4 сомонидан 11,3 сомонигача (тахминан 13,4 минг сўмдан 14,5 минг сўмга) ошди. Пойтахтда кенг қўлланиладиган суюлтирилган газ нархи эса 6 фоизга ўсиб, литри учун 5,3 сомонидан 5,6 сомонигача (тахминан 6,8 мингдан 7,2 минг сўмга) етди.

Нархларда ҳудудий фарқланиш кузатилмоқда: Душанбе марказида жойлашган АЁҚШларда кўрсаткичлар шаҳар чекка ҳудудларига нисбатан бироз юқорироқ. Ёқилғи бозори вакиллари чакана нархларнинг ошишини ишлаб чиқарувчиларнинг отпуск нархлари кўтарилиши билан изоҳламоқда.

Нефт импорти

Тожикистон учун асосий ташқи нефт маҳсулотлари етказиб берувчи давлат Россия бўлиб қолмоқда. Индикатив балансга кўра, 2025-йилда Россиядан 1,2 миллион тоннадан ортиқ имтиёзли нефт маҳсулотлари ва суюлтирилган газ етказиб берилган, бу эса ушбу товарлар импорти умумий ҳажмининг 70 фоизидан ортиғини ташкил этади. Қўшимча равишда, кичик ҳажмларда Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва бошқа бир қатор давлатлардан ҳам етказиб бериш амалга оширилмоқда.

Тожикистон статистика идораси маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида республика 325 минг тоннадан ортиқ нефт маҳсулотларини 251 миллион доллардан зиёд суммага импорт қилган. Импорт қилувчилар учун бир тонна ёқилғининг ўртача нархи 772 долларни ташкил этган. 2025-йилнинг шу даврига нисбатан етказиб беришнинг жисмоний ҳажми 11,4 фоизга, қиймати эса 8,6 фоизга ошган.

Бошқаларда вазият қандай?

Нархлар шаклланишининг глобал контексти геосиёсий таранглик омиллари билан белгиланмоқда. Жаҳон ахборот агентликлари маълумотларига кўра, Эрон атрофидаги ҳарбий-сиёсий вазият «нефт хомашёси – қайта ишлаш – чакана сотув» занжирига таъсир кўрсатмоқда. Бунинг натижасида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ёқилғи нархлари ошган, бироқ бу таъсир даражаси турлича.

«Al Jazeera» келтирган маълумотларга кўра, энг катта ўсиш Камбоджада (тахминан 70 фоиз), Виетнамда (50 фоиз), Нигерияда (35 фоиз), Лаосда (33 фоиз) ва Канадада (28 фоиз) қайд этилган. Марказий Осиё давлатларида эса март–апрел ойларида нисбатан мўътадил динамика кузатилиб, нархлар 2–5 фоизга ошган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Туркманистонда умумжаҳон тенденциясига қарамасдан, чакана ёқилғи нархлари барқарор сақланган. Экспертлар бу ҳолатни Россия ишлаб чиқарувчилари томонидан барқарор нархлар сақланиши ва айрим мамлакатларда ички ишлаб чиқариш ҳажмларининг етарлилиги билан изоҳламоқда.

Теглар

Мавзуга оид