Энди телефон рақами орқали пул ўтказиш мумкин
Марказий банк телефон рақами орқали пул ўтказиш қоидаларини тасдиқлади.
© vaqt.uzМарказий банк Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида телефон рақами ёрдамида пул ўтказиш қоидаларини тасдиқлади. Ҳужжат Адлия вазирлигида 24-август куни давлат рўйхатидан ўтказилиб, «Lex.uz»да эълон қилинди.
Янги тартиб бир банк ҳисобварағидан бошқасига тўғридан-тўғри пул ўтказмаларини, яъни Account-то-Account ёки А2А операцияларини тартибга солади. Бунда ҳисобварақ эгасининг банк ҳисобварағига боғланган мобил телефон рақамидан фойдаланилади.
Қоидаларга кўра, ҳар бир банк ҳисобварағига битта телефон рақами боғланади. Телефон рақамига махсус боғлаш коди бириктирилиб, у фойдаланувчини бевосита ёки унга боғланган рақам орқали аниқлаш учун хизмат қилади.
Рақам қандай боғланади?
Ҳисобварақни телефон рақамига боғлаш учун ариза банкнинг мобил иловаси орқали берилади. Боғлаш жараёни муваффақиятли якунлангач, Банк омонатчиларининг Миллий маълумотлар базаси сўров юборган банкка ва фойдаланувчига махсус боғлаш кодини тақдим этади.
Фойдаланувчи ушбу кодни тасдиқлаганидан кейин телефон рақами банк ҳисобварағига боғланган деб ҳисобланади. Боғланган рақамлар ҳақидаги маълумотлар Банк омонатчиларининг Миллий маълумотлар базасида юритилади.
Фойдаланувчи хоҳлаган вақтда телефон рақамини мобил илова ёки банк офиси орқали ҳисобварақдан узиши мумкин. Айрим ҳолатларда банкнинг ўзи ҳам боғланишни бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Жумладан, фойдаланувчи банк иловасидаги ҳисобини ўчирса ёки терроризмни ҳамда оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришда айбланувчилар реестрига киритилса, боғланиш бекор қилиниши мумкин.
Ўтказмалар 24 соат ишлайди
Тезкор тўловлар тизими орқали пул ўтказмалари мобил илова ёки банк офисида жўнатувчининг тўлов топшириғи асосида амалга оширилади. Хизмат сутка давомида, ҳафтанинг етти куни реал вақт режимида ишлайди.
Агар пул турли банклардаги ҳисобварақлар ўртасида ўтказилса, операция Тезкор тўловлар тизими ва клиринг механизми орқали амалга оширилади. Бир банк ичидаги ҳисобварақлар ўртасидаги операциялар эса ички тўлов сифатида расмийлаштирилади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам ўтказма жўнатувчи ва олувчи банкларининг якуний тасдиғидан сўнг бажарилади. Жўнатувчига транзаксия вақти, ягона рақами, томонларнинг маълумотлари, ўтказма суммаси ва комиссия миқдори кўрсатилган тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.
Янги қоидалар расмий эълон қилинганидан уч ой ўтиб, 26-ноябрдан кучга киради.





