Logo

Гарварднинг «адашиб ўқишга қабул қилинган» талабаси ўз мактабига рекорд суммани хайрия қилди

Бугун 11:543 дақиқа

2026-молиявий йил Гарвард ҳуқуқ мактаби учун хайрия маблағларини жалб қилиш бўйича тарихдаги энг муваффақиятли йил бўлган. Бу даврда университет 135 млн доллардан ортиқ хайрия олган. Бу аввалги рекорддан қарийб 30 млн долларга кўп.

Гарварднинг «адашиб ўқишга қабул қилинган» талабаси ўз мактабига рекорд суммани хайрия қилди © Jodi Hilton

1976-йилда Гарвард ҳуқуқ мактабини тамомлаган Морган Чу ва унинг рафиқаси Ҳелен Чу таълим муассасасига 31,4 млн доллар хайрия қилди. Ушбу сумма мактаб тарихидаги энг катта хайрия ҳисобланади. Бу ҳақда Гарвард ҳуқуқ мактаби хабар берди.

Ажратилган маблағ ҳисобига олтита янги профессорлик лавозими ташкил этилади. Бу орқали университет профессорларининг илмий изланишлари ва дарс бериш фаолиятини узоқ муддатли молиялаштириш кўзда тутилган.

«Морган ва Ҳеленга бундай катта хайрияси ҳамда Гарвард ҳуқуқ мактаби билан кўп йиллик ҳамкорлиги учун чуқур миннатдорлик билдираман. Нуфузли ҳуқуқ мактаблари кучли ўқитувчилар, олимлар ва талабаларга таянади. Уларнинг бу хайрияси Гарвардга энг иқтидорли профессорларни жалб қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш имконини беради. Бу эса келажакдаги ҳуқуқшунослар ва раҳбарларни тайёрлашга хизмат қилади», — деди Гарвард ҳуқуқ мактаби декани ва ҳуқуқ профессори Жон Голдберг.

Университетнинг ривожланиш ва битирувчилар билан алоқалар бўйича декан ўринбосари Стивен Оливейра ҳам ушбу хайриянинг аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги профессорлик лавозимлари тез ўзгараётган дунёда талабаларга таълим берадиган ва уларни келажакда раҳбарлик лавозимларига тайёрлайдиган мутахассисларни қўллаб-қувватлайди.

Морган Чу ким?

Морган Чу — интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича таниқли адвокат. У 1976-йилда Гарвард ҳуқуқ мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган. Ўқишни тугатгач, АҚШ Апелляция судининг тўққизинчи округи судясининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

1977-йилда «Irell & Manella» юридик фирмасига ишга кирган, 1982-йилда эса ҳамкор мақомини олган. 1997–2003-йилларда фирманинг ҳамраҳбари бўлган. Ҳозирда эса унинг суд ишлари бўйича йўналишига раҳбарлик қилади.

«Менга жаҳон даражасидаги таълим берган ва кўплаб яхши хотиралар қолдирган ҳуқуқ мактабига қабул қилинганимдан миннатдорман. Гарвард мени адашиб қабул қилган бўлса керак», — деди у ҳазиломуз тарзда.

У рафиқаси билан ушбу хайрия орқали университетга миннатдорлигини билдирмоқчи бўлганини айтди.

Морган ва Ҳелен Чу бундан олдин ҳам Гарвард ҳуқуқ мактабига бир неча бор хайрия қилган. Уларнинг маблағлари профессорлик лавозимлари, ўқувда юқори натижа кўрсатган талабалар учун мукофотлар, моддий ёрдамга муҳтож талабалар учун стипендиялар ҳамда турли илмий ва таълим лойиҳаларини молиялаштиришга сарфланган.

2013-йилдаги хайрияси эса Гарвард ҳуқуқ мактаби декани лавозимини доимий молиялаштиришга йўналтирилган. Ҳозирда ушбу лавозимни Жон Голдберг эгаллаб турибди.

Муваффақиятли хайрия йили

Маълум қилинишича, 2026-молиявий йил Гарвард ҳуқуқ мактаби учун хайрия маблағларини жалб қилиш бўйича тарихдаги энг муваффақиятли йил бўлган. Бу даврда университет 135 млн доллардан ортиқ хайрия олган. Бу аввалги рекорддан қарийб 30 млн долларга кўп.

Ушбу маблағлар ўқиш учун тўловни қоплашга муҳтож талабаларни бепул ўқитиш дастури, молиявий ёрдам, профессорлик лавозимлари ва бошқа таълим ҳамда илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маск АҚШдаги сиёсий партияга энг кўп пул хайрия қилган шахсга айланганди.

Теглар

Мавзуга оид