Logo

Ҳафталик нархлар: бозорда гўшт ва мева арзонлаб, сабзавотлар қимматлади

Бугун 14:556 дақиқа

Август ойининг биринчи ҳафтасида бозорда нарх-наво турлича шаклланди. Бир томондан, сабзавотлар нархида мавсумий қимматлашув кузатилган бўлса, иккинчи томондан,  янги ҳосилнинг кириб келиши ҳисобига меваларнинг аксарияти арзонлади. Шунингдек, мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятига тўғри келди.

Ҳафталик нархлар: бозорда гўшт ва мева арзонлаб, сабзавотлар қимматлади

5-август ҳолатига кўра, бир ҳафта ичида помидор нархининг 16,4 фоизга ошиши ва узумнинг 4 фоизга тушиши энг асосий ўзгаришлар бўлди. Гўшт маҳсулотлари нархи эса секин-асталик билан пасайишда давом этмоқда. 

Vaqt.uz Марказий банкнинг «narxtahlil» платформаси маълумотлари асосида ҳафталик озиқ-овқат нархларини анъанавий равишда таҳлил қилиб боради.

 

Асосий маҳсулотлар

Кундалик рўзғор учун керакли бўлган ун, пахта ва кунгабоқар ёғида сезиларли даражада ўзгариш бўлмади.

Хусусан, бу ҳафта пахта ва кунгабоқар ёғи нархи бироз ошди. Бироқ амалда харидорлар учун нархлар деярли ўзгармади. Ҳозирда пахта ёғининг ўртача нархи 20 минг 683 сўм, кунгабоқар ёғи эса 21 минг 573 сўмни ташкил қилмоқда.

Ун ва нон бозорида ҳам умумий барқарорлик сақланиб турибди. Бу ҳафта биринчи навли ун нархи 1 фоизга ошиб, 1 килограмми ўртача 6 минг 233 сўмга етди. Олий навли ун эса, аксинча, 1 фоизга арзонлаб, 9 минг 375 сўмдан сотилмоқда.

Ун нархидаги бу динамика нон маҳсулотларига таъсир қилмади. Бозорларда оддий нон нархи ҳамон 4 минг сўмдан сотилмоқда.

Бир ҳафта ичида шакар ва гуруч нархлари турлича ўзгарди. Шакар 0,3 фоизга арзонлаб, 13 минг 189 сўмга тушди.  Гуруч нархи эса аксинча ошиб, 11 минг 789 сўмдан сотилди. Ўтган ҳафтада ушбу маҳсулот 0,4 фоизга қимматлаб, 11 минг 745 сўмга етганди.

Сут ва тухум  нархлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Сутнинг бир литри 6 минг 918 сўмга етди. Таққослаш учун, ўтган ҳафтада у атиги 0,2 фоизга ошган эди.

Тухум эса бу ҳафта бошқа озиқ-овқатларга қараганда кўпроқ қимматлаган маҳсулот бўлди. Унинг нархи бирданига 0,8 фоизга кўтарилиб, 11 минг 128 сўмни ташкил этди. Олдинги ҳафтадаги 0,4 фоизлик ўсишдан сўнг бу сафар нархларнинг янада тезроқ кўтарилиши харидорлар чўнтагига яхшигина сезилмоқда.

Гўшт маҳсулотлари  нархлари ҳам кетма-кет икки ҳафтадан бери пасаймоқда. Бироқ ҳафталик 0,2–0,3 фоизлик пасайиш 120–130 минг сўмлик гўшт нархида атиги 300–400 сўмлик фарқни беради, холос. Яъни, нархлар тушгани расмий рақамларда кўрингани билан бозорга кирган харидор учун деярли билинмайди ва кунлик харажатларни камайтирмайди.

Хусусан, ҳафта давомида мол гўшти 0,3 фоизга арзонлаб, бир килоси ўртача 121 минг 267 сўмни, қўй гўшти эса 0,2 фоизга пасайиб, 132 минг 564 сўмни ташкил қилди.

Товуқ гўшти нархида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. 1 кг маҳсулот ҳамон ўртача 31 минг 948 сўмдан сотилмоқда.

Бозорда мол ва қўй гўшти нархи юқорилигича қолаётган бир пайтда, товуқ гўштининг арзон ва барқарор тургани кўпчилик оилаларга рўзғор харажатларини тежашга ёрдам беряпти.

 

3

Сабзавотлар

Ўтган ҳафта бозорларда сабзавотлар нархи анча қимматлади. Айниқса, ҳар кунги истеъмол қилинадиган помидор ва бодринг нархи бошқа сабзавотларга қараганда кўпроқ ошди.

Хусусан, помидор нархи атиги бир ҳафта ичида 16,4 фоизга кўтарилиб, 1 килоси 5 минг 643 сўмга чиқди. Ўтган ҳафтада бу маҳсулот 4 минг 850 сўмдан сотилаётганди. Яъни, бир ҳафтанинг ўзида помидор нархи қарийб 800 сўмга ошган. Буни биринчи ҳосил йиғиштириб олингач, бозорда таклифнинг вақтинча камайиши билан изоҳлаш мумкин.

Шу билан бирга, бодринг ҳам кетма-кет икки ҳафтадан бери ошиб бормоқда. Ўтган ҳафтада унинг 1 килоси 5 минг 679 сўмдан сотилган бўлса, бу ҳафта 3 фоизга қимматлаб, 5 минг 847 сўмга етди.

Ҳар кунги рўзғор учун зарур бўлган картошка ва пиёз нархи ҳам анча ошган. Бу ҳафта картошка нархи қарийб 0,2 фоизга юқорилаб,  унинг нархи 4 минг 181 сўмга етган. Ўтган ҳафтада унинг қиймати 1 фоизга арзонлаганди.

Пиёз нархи уч ҳафтадирки ошиб бормоқда. Шу ҳафта унинг 1 килограмми 2 минг 508 сўмдан сотилди.

Нисбатан ҳамёнбоп сабзавотлар сабзи ва карам нархлари ҳам кўтарилди. Карам ўтган ҳафта 1 фоизга тушган бўлса, бу ҳафтада унинг нархи 1,9 фоизга юқорилади.

Ўтган ҳафтада сабзи нархи деярли ўзгармаган бўлса ҳам,  бу ҳафта 1,2 фоизга ошган. Натижада унинг 1 кг нархи 4 минг 552 сўмга етган.

Аксарият сабзавотлар қимматлаётган бир пайтда, бақлажон нархи арзонлашда давом этмоқда. Ҳозирда 1 кг бақлажон 5,31 минг сўмдан сотиляпти. Ортда қолган ҳафтада харидорлар уни  5 минг 100 сўмдан  харид қилганди. Икки ҳафта давомидаги бу фарқ статистикада берилган бўлса ҳам, харидорлар ҳамёни учун деярли сезилмаган.

Бозорларда фақат булғор қалампири нархи ўзгармади. Унинг 1 килоси 7 минг 344 сўм даражасида сақланиб қолди.

Демак, бу ҳафта бозорларда аксарият сабзавотлар нархи кўтарилди. Бақлажон ва булғор қалампири нархлари барқарор бўлса-да, умумий манзара харидорлар рўзғорида харажатлар бироз ортганини кўрсатмоқда.

4

Мевалар

Мевалар сегментида эса бу ҳафта бир хил тенденция кузатилмади. Айрим маҳсулотлар нархида арзонлашув қайд этилган бўлса, бошқа турдаги мевалар аксинча қимматлади.

Нисбатан ҳамёнбоп нархлар олма ва нок меваларида кузатилди. Хусусан, олма бир ҳафта ичида 0,9 фоизга арзонлаб, килоси 12 минг 619 сўмга тушди. Таққослаш учун, ўтган ҳафтада у 12 минг 739 сўмдан сотилаётган эди. Демак,  бир ҳафта ичида олма нархи қарийб 100 сўмга арзонлаган.

Нок нархи ҳам тушмоқда. Бу ҳафта унинг нархи 1 фоизга арзонлаб, 18 минг 668 сўмни ташкил қилди. Аввалги ҳафтада нок 18 минг 855 сўмдан сотилганди.

Ҳафта давомида энг кўп арзонлаган мева узум бўлди. Олдинги ҳафтада нархи бир маромда сақланиб турган ушбу маҳсулот бу сафар бир йўла 4 фоизга пасайиб, 1 килограмми 13 минг 964 сўмгача тушди.

Лимон нархи бир ойдан буён тўхтовсиз қимматлашда давом этмоқда. Жорий ҳафтада ҳам у яна 0,5 фоизга кўтарилиб, бир килограмми 50 минг 475 сўмга етди.

Гарчи лимон ҳар кунги зарурий маҳсулотлар сирасига кирмаса-да, нархларнинг кетма-кет бир неча ҳафта давомида ўсиши уни доимий истеъмол қилувчи харидорлар ҳамёнига таъсир қилмоқда.

5

Ҳудудлар кесимида мол гўшти нархлари қандай?

Ҳудудлар кесимида мол гўшти нархлари бир-биридан фарқ қилади.  5-август ҳолатига кўра, республика бўйича ўртача нарх 121,5 минг сўм атрофида шаклланган бўлса-да, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич юқорироқ, айримларида эса пастроқ бўлди.

6

Энг юқори нархлар Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида қайд этилди. Пойтахтда 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 130 минг 854 сўмни ташкил қилиб, республика бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этди. Кейинги ўринда Сурхондарё бўлиб, бу ерда 1 кг мол гўшти ўртача 125 минг 150 сўмдан сотилмоқда. Бир ҳафта ичида унинг нархи 0,50 фоизга арзонлаган бўлса-да, Сурхондарё ҳамон мамлакатдаги энг қиммат ҳудудлар учлигида қолмоқда.

Энг паст нархлар эса Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро ва Хоразм вилоятларида кузатилди. Республика бўйича энг ҳамёнбоп гўшт Қорақалпоғистонда қайд этилиб, 1 кг мол гўшти ўртача 112 минг 637 сўмни ташкил этди. Нисбатан ҳамёнбоп нархлар Бухоро ва Хоразмда ҳам сақланиб қолмоқда. Хусусан, Бухорода 1 килограмм мол гўштининг ўртача қиймати 117 минг 956 сўмни, Хоразмда эса 118 минг 521 сўмни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида мол гўшти нархларида кескин ўзгаришлар кузатилмади. 14 та ҳудуддан фақат Қорақалпоғистон, Хоразм ва Қашқадарёда нархлар ошган бўлса, қолган ҳудудларнинг барчасида нархлар тушган. Энг катта арзонлашув Наманганда кузатилиб, нархлар 1,86 фоизга пасайган. Шунингдек, Жиззахда нархлар 1,03 фоизга, Фарғонада эса 0,85 фоизга пасайиб, харидорлар учун нисбатан арзонлади.

Аксинча, илгари энг арзон нархлар қайд этилган ҳудудларда кўрсаткичлар бироз юқорига кўтарилган. Хусусан, Қорақалпоғистонда гўшт нархи 1,08 фоизга ёки 1 минг 200 сўмга қимматлаган. Сирдарё, Самарқанд ва Бухорода эса нархлар деярли ўзгармади.

Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути ҳануз сақланиб қолмоқда. Энг қиммат мол гўшти Тошкент шаҳрида — 130 минг 854 сўмни, энг арзон гўшт эса Қорақалпоғистонда — 112 минг 637 сўмни ташкил этди. Бу икки ҳудуд ўртасидаги фарқ 18 минг 217 сўм, яъни пойтахтдаги нарх Қорақалпоғистондагидан  16,2 фоизга юқори.

Бошқача айтганда, харидор 1 кг мол гўшти учун Тошкент шаҳрида Қорақалпоғистонга нисбатан қарийб 18 минг сўм кўпроқ тўлайди. Бундай фарқ ҳудудлардаги талаб ва таклиф, гўшт етказиб бериш харажатлари ҳамда маҳаллий бозор шароитлари нарх шаклланишига таъсир қилаётганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 15–22-июлгача бўлган ҳолатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳам таҳлил қилган эдик.

Теглар

null null

Zilola Xolto'rayevaМақолалар сони: 21

Барчаси

Мавзуга оид

Ҳафталик нархлар: бозорда гўшт ва мева арзонлаб, сабзавотлар қимматлади | Vaqt.uz