
Ҳақоратли ва таҳдидли чиқишлар жавобсиз қолдирилаверса, суверенитет қачон, қаерда ва қай тарзда ҳимоя қилинади?
Россиялик айрим тарихчи, сиёсатшунос ва журналистларнинг Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё давлатлари халқи, тарихи ҳамда суверенитетига нисбатан ҳақоратомуз, баъзан эса очиқ таҳдид оҳангидаги чиқишлари бугунга келиб одатий ҳолга айланди.
Гап алоҳида шахсларнинг ҳиссиёт билан айтган фикрларида эмас, балки Россия ички ахборот маконида бошқа мустақил давлатлар суверенитетини шубҳа остига қўйиш, уни баҳс мавзусига айлантириш жараёнида.
Бу — муаллифи Кремл бўлган изчил ва мақсадли ахборий-сиёсий тенденция.
Бундан тўрт кун аввал Россиянинг давлат телевидениеси телебошловчиси, пропагандачи Владимир Соловёв Марказий Осиё ва Арманистонда ҳам Украинадагига ўхшаш «махсус ҳарбий операция» ўтказиш мумкинлиги ҳақида шов-шувли чиқиш қилди.
Бу чиқишнинг энг хавфли жиҳати эса – баёнот шахсий фикр сифатида эмас, балки «Россиянинг миллий хавфсизлиги» деган универсал сиёсий формула билан оқланиши, изоҳланишидир. Халқаро муносабатлар амалиётида бу формула кўпинча бошқа давлат ҳудудига бостириб кириш, унинг ички масалаларига аралашувни бошлашни асослаш учун ишлатилади.
Албатта, бу каби чиқишлар Россиянинг бирданига, эртагаёқ Марказий Осиёга уруш бошлашини англатмайди. Лекин русларнинг давомий тарзда қилаётган шу каби чиқишларида уруш ҳақида гапиришни одатга айлантириш, жамиятни шунга тайёрлаш, унда агрессия муқаррарлик кайфиятини пайдо қилиш, Россия хавфсизлиги ўз ҳудуди билан чегараланмайди, балки қўшни ҳудудлар ҳам унга дахлдор, деган ғояларни легитимлаштириш ётади. Яъни, кеча мутлақо номақбул бўлган фикр бугун баҳс мавзусига айланади, эртага эса «вариантлардан бири» сифатида қабул қилинади. Соф Овертон туйнуги.
Ахборот урушлари доимо мана шундай босқичма-босқич кечган.
Энди видеонинг асосий қисмига ўтамиз.
Соловёвнинг ушбу чиқиши ҳам рус пропагандачиларининг бунгача бўлган бошқа чиқишлари каби Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан яна жавобсиз қолдирилди. Бирорта баёнот берилмади.
Бу эса муаммони янада чуқурлаштираётгандек. Чунки гап энди фақат риторика ҳақида эмас. Гап давлат ўзини қандай ҳимоя қилаётгани ҳақида.
Хўш, ҳурматли расмийлар, нега жимсиз? Нега Ўзбекистон суверенитетига бўладиган бу каби таҳдидларни доим кўриб, кўрмаганга оласиз?
Бу ерда яна бир муҳим савол туғилади: Ўзбекистонда хорижлик фуқароларни «персона нон грата» деб эълон қилиш – «номақбул шахс» деб топиш институти қонунан мавжуд. Лекин нега у амалда умуман қўлланмайди? Руслар очиқчасига мамлакат суверенитетига таҳдидли, ҳақоратомуз баёнотлар қилмоқда, лекин бунга нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқий ёки дипломатик механизм ишга туширилмаяпти. Бундай экан, бу институтнинг нимага керак?
Механизм мавжуд, лекин у фаоллаштирилмайди. Бу ҳолат эса муқаррар равишда шундай саволни туғдиради: биз бу нормаларни ҳақиқий ҳимоя воситаси сифатида қабул қилганмизми ёки фақат номига расмий ҳужжат сифатидами?
Ҳа, дипломатияда жимлик баъзан вазминликни англатиши мумкин. Аммо суверенитет ва ҳудудий яхлитликка очиқ дахл қилинаётган пайтда жимлик — нейтраллик эмас. Бу ахборот маконимизни бўш қолдиришни ҳам билдиради. Бўш қолган майдон эса ҳар доим бегона нарративлар билан тўлдирилади.
Ички жамият учун эса бу жимликнинг оқибатлари янада хавфли. Одамлар ижтимоий тармоқларда ўзлари жавоб қайтаряпти, ғазабланяпти, норозилик билдиряпти. Аммо давлат даражасида муносабат бўлмагач, бу норозилик тизимли ҳимоя ҳиссига айланмайди. Натижада жамиятда қуйидаги хавфли психология шаклланади: «бизни ҳақорат қилишлари мумкин, лекин давлат бунга жавоб бермайди».
Бу эса заиф давлат комплекси шаклланишига олиб келади. Кўплаб сиёсатшунослар эса аллақачон ана шундай комплекс билан яшаётганимиз ҳақида гапирмоқда ҳам. Яъни, давлат мавжуд, лекин у ҳар доим ҳам ўз қадр-қимматини очиқ ҳимоя қилаётгандек кўринмайди. Бу комплекс узоқ муддатда миллий ўзлик, сиёсий суверенитет ва ташқи сиёсатга бўлган ишончни емира бошлайди.
Шу сабабли бу ерда гап ҳиссиёт ҳақида эмас, талаб ҳақида кетмоқда. Талаб оддий ва аниқ:
– Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат суверенитетига таҳдидли баёнотларга расмий муносабат билдиришга мажбур.
– Персона нон грата институти қоғозда эмас, реал ҳолатларда ишлаши керак.
– Давлат ўзига нисбатан айтилган ҳақоратли ва тажовузкор риторикани «эътиборга лойиқ эмас» дея четлаб ўтмаслиги керак.
Бу талаблар можарони кучайтириш учун эмас. Аксинча, уларнинг барчаси олдини олиш мантиғига асосланган. Чунки тарих шуни кўрсатадики, катта босимлар кўпинча вақтида жавоб берилмаган кичик риторикалардан бошланади.
Суверенитет – бу фақат Конституциядаги банд эмас. Бу – ҳар сафар синовга дуч келганда ўз позициясини аниқ ва очиқ айта олиш қобилияти. Бугун жамият гапиряпти. Энди навбат давлат вакиллариники.
Ҳақоратли ва таҳдидли чиқишлар жавобсиз қолдирилаверса, суверенитет қачон, қаерда ва қай тарзда ҳимоя қилинади ўзи?
Илёс Сафаров, журналист
Теглар






