add

Ҳарбий формага ўхшаш кийим-бош кийганлик учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда ҳарбий ва идоравий формага ўхшаш кийимдан фойдаланиш тақиқланиб, қоидабузарларга катта миқдорда жарима қўлланиши режалаштирилмоқда.

Ҳарбий формага ўхшаш кийим-бош кийганлик учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳарбий ва идоравий формага ўхшаш кийим-бошдан фойдаланганлик учун жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ташаббус ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда давлат органларига ишончни сақлаш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилмоқда. Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда киритилиб, матоси, ранги ва белгилари жиҳатидан ҳарбий ёки идоравий формага ўхшаш кийим-бошни жорий этиш ёки кийиб юриш тақиқланади. Бу ҳолат аниқланса, айбдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима тўлайди. Шунингдек, ҳуқуққа эга бўлмаган шахснинг ҳарбий хизматчи ёки идора ходимларига тегишли расмий формани кийиши учун ҳам жазо белгиланмоқда. Бундай ҳолатда формани мусодара қилиш билан бирга икки баравардан беш бараваригача жарима қўлланиши мумкин. Қонун лойиҳаси жиноят кодексига ҳам ўзгариш киритишни назарда тутади. Унга кўра, ҳокимият вакилининг хизмат кийими ёки ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади. Айни вақтда амалдаги тартибга кўра, фақат тасдиқланган расмий форма элементларини айнан такрорлаган шахслар жавобгарликка тортилган. Янги норма эса ҳатто ўхшаш шаклдаги формани кийишнинг ўзи ҳам жазога олиб келишини белгиламоқда. Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, бундай кийимдан фойдаланиш орқали шахслар турли ҳуқуқбузарликларни, шу жумладан оғир жиноятларни осон амалга ошириши мумкин. Бу эса аҳоли орасида давлат органларига ишончни сусайтиради ҳамда уларнинг нуфузига путур етказиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид