
Ҳаво сифати инсон саломатлиги учун хавфли даражага чиққанда нима қилиш керак: 10 та муҳим тавсия
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида ҳаво сифати тобора ёмонлашиб, инсон саломатлиги учун ўта хавфли даражага чиқди. Маълумотларга кўра, бундай ҳолат бир неча кун давом этиши мумкин.

Сўнгги кунларда Тошкент ҳавосида зарарли заррачалар миқдори кескин кўпайган. Айниқса, PM2,5 майда дисперсли заррачалар рухсат этилган меъёрлардан ошиб кетган. Бу дегани — нафақат кўчага чиқиш, балки уй ичидаги ҳаво ҳам хавфсиз эмас.
Тадқиқотларга кўра, айниқса PM2.5 – ҳаводаги жуда майда заррачалар – энг катта хавф омилларидан бири ҳисобланади. Манбаларга кўра, PM2.5 нафақат нафас йўлларини, балки юрак-қон томир тизимини ҳам зарарлайди, инсон организмида яллиғланиш жараёнларини кучайтиради.
Шунингдек, қисқа ва узоқ муддатларда қатор касалликлар:
инсульт ва юрак хасталиклари;
астма ва қон босими кўрсаткичларининг ёмонлашиши;
бронх ва ўпка саратонлари;
нафас йўллари инфекциялари;
алсгеймер, деменция, II тур диабет кабиларга олиб келиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш ташкилотлари (WHO) ҳаво ифлосланиши «тананинг деярли барча органларига таъсир қилиши» ва мавжуд касалликларни оғирлаштиришини тасдиқлаган. Хусусан, болалар ва ўсмирлар организми ривожланиш босқичида бўлгани учун у энг заиф тоифага киради. Болалар, кексалар, юрак-қон томир ёки нафас йўлларида касалликлари бор шахслар ҳаво ифлосланишидан тезроқ зарар кўради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (WHO) маълумотларига кўра, ҳаво ифлосланиши таъсирида ҳар йили тахминан 7 миллион одам вафот этади.
Шундай экан, ҳар бир инсон «заҳарли» ҳаводан ҳимоялансин учун эҳтиёт чораларини кўриши зарур. Қуйида ҳавонинг ифлосланиш даражаси кўтарилган пайтда бажарилиши керак бўлган энг муҳим 10 тавсияни тақдим этамиз:
1. Ҳаво сифати ёмон бўлган кунлари очиқ ҳаводаги фаолликлардан воз кечинг: ҳаво сифати индекси (IQAir) бўйича, 150−200 оралиғи — соғлом одамларга ҳам очиқ ҳавода узоқ юриш тавсия этилмайди. 200 дан юқори кўрсатгич барча учун хавфли ҳисобланиб, иложи борича ташқарига чиқмаслик керак.
2. Очиқ ҳавога чиққанингизда сифатли маска тақинг: оддий тиббий ниқоб PM2.5ни тўлиқ тўсмайди. Шахсга мос ўлчамдаги N95 ёки KN95 фильтрли маска ҳаводаги майда заррачаларнинг катта қисмини ушлаб қолади. Нафас сиқилиши, юрак ёки бронх касалликлари борлар учун айниқса муҳим.
3. Дераза ва эшикларни ёпинг: уйни шамоллатиш ўрнига, дераза ва эшикларни ёпиқ сақланг. Агар кондиционерингиз бўлса, уни «recirculate» (ҳавони айлантириш) режимида ёқинг.
4. Уй ичидаги ҳавони тозаланг: иложи борича уйда фильтрли ҳаво тозалагичлардан фойдаланинг: ҳаво тозалагичлар PM2.5 заррачаларининг 99 фоизгача ушлаб қолиши мумкин. Агар тозалагич бўлмаса, хонага нам мато илиб қўйиш мумкин.
5. Кўпроқ сув ичинг: тана зарарли моддалардан тезроқ тозаланиши учун кўпроқ сув ичиш муҳим.
6. Душ қабул қилинг: ташқаридан қайтгач, танангизда тўпланган чанг ва ифлос зарралардан қутулиш учун душ қабул қилинг.
7. Тозалашда эҳтиёт бўлинг: ҳаво ифлос бўлган кунларда спрей ва ўткир ҳидли тозалаш воситаларидан фойдаланманг. Чунки бундай воситалар ҳаво сифатини янада ёмонлаштириши мумкин.
8. Жисмоний машқларни чекланг: ҳаво сифати ёмонлашганда ташқарида спорт машқлари билан шуғулланманг, чунки нафас тезлиги ошганда ўпка чуқур нафас олади ва зарарли заррачалар кўпроқ кириб бориши мумкин.
9. Уйда энергия сарфини камайтиринг: электр ишлаб чиқариш ҳам ҳаво ифлосланиши манбаи. Кам энергия сарфлаш орқали атмосферага чиқиндиларни камайтиришга ҳисса қўшиш мумкин, шу билан бирга харажат ҳам камаяди.
10. Ҳаво ифлосланганда иложи борича антиоксидант ва яллиғланишни камайтирувчи моддалар мавжуд маҳсулотларни истеъмол қилинг: ифлосланган ҳаво оксидатив стрессни оширади. Рационга:
C витамини (цитрус, қорақат);
Е витамини (ёғли ёнғоқлар, авокадо);
Омега-3 (балиқ, чия);
Куркума, кўк чой ва брокколи каби маҳсулотларни қўшиш мумкин.
Ҳавони ифлосламаслик учун нималар қилмаслик керак?
Ҳаво сифати ёмонлашишига фақат саноат ва катта корхоналар емас, балки кундалик одатларимиз ҳам сабаб бўлиши мумкин. Экологлар фикрига кўра, шахсий фаолиятни ўзгартириш орқали шаҳарлардаги чиқинди газлар, азот диоксиди ва PM2.5 миқдорини сезиларли камайтириш мумкин. Бу нафақат атроф муҳитга, балки ўз саломатлигимизга ҳам ижобий таъсир қилади.
Биринчи навбатда автомобилдан фойдаланишни қисқартириш муҳим: маҳаллий дўконларга пиёда ёки велосипедда бориш, ишга жамоат транспортида юриш, бир манзилга кетаётганлар билан машина бўлишиш (carpooling) ёнилғи сарфини ва чиқиндиларни камайтиради. Шу билан бирга, дизел каби ёнилғиларда ишлайдиган транспортни камайтириш ва гибрид ё электр автомобилларга ўтиш ҳаводаги азот оксиди миқдорини пасайтиради.
Уйда энергияни тежаш ҳам муҳим. Ёритиш ва маиший ускуналардан оқилона фойдаланиш, энергия тежайдиган техникага ўтиш иссиқлик ва электр ишлаб чиқаришдаги чиқиндиларни камайтиради. Ёғоч, кўмир, тўкилган барг ва чиқиндиларни ёқишдан воз кечиш эса ҳаводаги майда заррачалар чиқишини кескин камайтиради.
Озиқ-овқат танловлари ҳам ҳавога таъсир кўрсатади. Илмий ҳисоб-китобларга кўра, чорвачилик аммиак ва ҳаво чиқиндиларининг катта манбаларидан бири. Шунинг учун гўшт ва сут маҳсулотлари истеъмолини қисқартириш, ўсимликка асосланган рационга ўтиш экологик юкни камайтиради.
Шунингдек, кўпроқ дарахт экиш, яшил майдонлар яратиш, атрофни доимо тоза сақлаш ҳам ҳаво сифатини оширишга хизмат қилади.
Рухсора Жовлиева тайёрлади






