Ҳокимлар «тозалик рейди»га чиқди, кўприк ортидан 7,4 млрд сўм талон-торож қилинди, «Изза» бозори яқинида дўконлар ёниб кетди, Олмазорда «котлован» ўпирилди, гўшт учун 463 миллион доллар берилиши айтилди — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.
Ҳокимлар «тозалик рейди»га чиқди
«Салла деса, калласини ҳам қўшиб олиб келадиганлар бор», дея бежизга айтилмайди. Ҳафтаниңг энг трендга чиққан ва кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири — ҳоким ва маҳалла раисларининг аҳоли хонадонига кириб, қозон-ўчоғи-ю, ётоқхонасигача текширгани бўлди.
Ёдингизда бўлса, ҳатто президент ҳам тасодифий ташрифларида фуқаронинг эшигини тақиллатмасдан, рухсатсиз уйига кирмаган эди.
Аввалига Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг фуқаро хонадонига кириб, уй эгасини тартибсизлик учун танқид қилгани акс этган видео тарқалди. Видеодаги кескин гаплар, жарима қўллаш ҳақидаги топшириқлар ва фуқаронинг камерага олиниб, омма олдида изза қилингани жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди.
Орадан кўп ўтмай, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлигига хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома киритди. Агентлик давлат хизматчилари фуқаролар билан мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва инсон шаънини ҳурмат қилиши шартлигини эслатди. Шу билан бирга, Маҳаллалар уюшмаси ҳам хонадонларга кириш ёки аҳолини сўроққа тутиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаганини билдириб, бундай амалиёт қонунчиликка зид эканини урғулади.
Бу орада мавзу бошқа ҳудудда ҳам давом этди. Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳов йиғилишда туманда ҳудуди ободонлаштирилмаган ва тартибга келтирилмаган маҳаллаларга «Шармандали маҳалла» ҳамда талаб даражасида сақланмаган хонадонларга эса «Уятли хонадон» ёзувларини ўрнатишни буюрди.
Масъулларга уйма-уй юриб, ҳовлилар, дарвозалар ва ҳатто кўча бўйига райҳон экилган-экилмаганини текшириш топширилди. Камчиликларни бартараф этиш учун эса атиги бир кун муддат берилгани айтилди.
Хуллас, тарқалган видеоларга кўра, бундай вазифалар билан шуғулланган ходимлар бир эмас, бир нечта экани кўриниб турибди.
Яна бир маҳалла раисининг айтишича, хонадонларни ўрганиш ва ободонлаштириш ишлари мустақилликнинг 35 йиллигига тайёргарлик доирасида ўтказиляпти. Раис бу ишларни юқоридан берилган топшириқ асосида қилаётгани, мақсад эса аҳолини огоҳлантириш ва ҳудудларни тартибга келтириш эканини таъкидлади.
Хуллас, бу воқеа ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳатто кўпчилик ҳоким ва маҳалла раисларининг бу ҳаракатларини ҳазил-мутойибага айлантириб, пародия видеоларини ҳам тарқатишга улгурди.
Йўл ўтказгич ўпирилиши бўйича ҳукм ўқилди
Якунланаётган ҳафтада Тошкентда қурилганига ҳали икки йил бўлмаган янги туннель йўлининг ўпирилиши билан боғлиқ шов-шувли иш бўйича суд ҳукми ўқилди. Эсингизда бўлса, шу йил мартда Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасидаги янги туннелнинг таянч девори қисман қулаганди. Ўшанда ҳодиса қурилиш сифати ва давлат буюртмалари устидан назорат масаласини яна кун тартибига олиб чиққанди.
Суд ҳужжатларига кўра, лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг бир қисми ноқонуний ўзлаштирилган. Тергов давомида масъуллар айрим қурилиш ишларини сифатсиз бажаргани, яна баъзилари эса умуман бажарилмаган бўлса-да, ҳужжатларда гўё бажарилгандек расмийлаштирилгани аниқланган. Оқибатда давлатга қарийб 7 миллиард 400 миллион сўм зарар етказилган.
Мазкур иш юзасидан олти мансабдор ва пудратчи судланди. Уларнинг барчаси айбдор деб топилиб, 100 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди ҳамда маълум муддат мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бундан ташқари, суд давлатга етказилган зарарни қоплаш учун депозит ҳисоб рақамига киритилган миллиардлаб сўм маблағларни давлат фойдасига ундириш ҳақида қарор чиқарди.
«Изза» бозори ёнди
Охирги пайтларда, айниқса ёзда ёнғинлар сони кўпайяпти. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида юз берган йирик ёнғин ҳам ана шулардан бири бўлди. Гап шундаки, 6-август куни «Токзор» маҳалласида жойлашган савдо дўконларида чиққан ёнғин қисқа фурсатда катта ҳудудни қамраб олди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қуюқ қора тутун ва баланд аланга узоқ масофадан ҳам кўрингани ёнғиннинг қай даражада эканини кўрсатиб турибди.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, тез тиббий ёрдам ва бошқа хизматлар зудлик билан етиб борди. Гувоҳларнинг айтишича, кўплаб тадбиркорлар олов кучайиб кетишидан олдин маҳсулотларини олиб чиқишга улгурган. Бироқ, 15 дан ортиқ дўкон ва улардаги маҳсулотларнинг катта қисми ёниб кетган.
Ёнғин тушлик пайти бошланган. Гувоҳларга кўра, ҳудуддаги дўконларнинг аксариятида телефон аксессуарлари ва сувенир маҳсулотлари сотилган. Тез ёнувчан буюмлар кўплиги сабабли олов қисқа вақт ичида катта майдонга тарқалган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин қарийб 1,5 соат ичида тўлиқ ўчирилган. Алангада жароҳатланганлар бўлмаган. Аммо ёнғин оқибатида қарийб 400 квадрат метр савдо майдони зарар кўрган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланяпти.
Олмазордаги «котлован» ўпирилди
Бу ҳафта пойтахтнинг Олмазор туманидаги қурилиш майдонида 9 қаватли уйга яқин масофада қазилган «котлован» ўпирилиб тушди ва унда бир киши жароҳат олди.
Воқеа жойига борган журналистлар билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли улар бу қурилишдан аввалдан норози бўлиб келаётгани, масъулларга бир неча бор мурожаат қилингани, аммо мурожаатлар жавобсиз қолганини айтди.
Уларнинг сўзларига кўра, ҳодисадан кейин айрим хонадонлар электр ва сувсиз қолган, қолаверса, қурилиш яқинидаги мактаб ўқувчилари хавфсизлиги ҳам хавотир уйғотяпти.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, вазият Умурзоқовнинг назоратига олинган бўлиб, унинг топшириғига биноан пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тезкор махсус комиссия тузилган.
Шунингдек, Экология бош бошқармасига кўра, ушбу ҳудудда 800 млн сўмлик 13 туп дарахт кесиб ташланган ва 16 туп чинор ноқонуний кўчирилиб, уларга шикаст етказилган. Бу қурилиш объектида аввал ҳам экология қонунчилиги талабларининг бир неча бор бузилгани аниқланган.
Гўшт учун 463 млн доллар
Хўп, гўштни қанчадан оляпсиз? Гўшт аҳолининг ўзига тўқлик даражасини белгиловчи норасмий омиллардан бири ҳисобланади.
Бозорларда гўшт нархи ва таъминот масаласи кўпчиликни қизиқтирадиган мавзулардан бири. Бу ҳафта мамлакатда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш бўйича янги режалар айтилди. 2026–2028-йилларда Ўзбекистоннинг чорвачилик соҳасига 463 млн доллар йўналтириш кўзда тутилган. Асосий мақсад — ички бозорда гўшт ва сут маҳсулотлари таъминотини ошириш, ишлаб чиқариш билан талаб ўртасидаги фарқни қисқартириш.
Ҳозирда Ўзбекистонда гўштга бўлган йиллик талаб қарийб 2 млн 150 минг тоннани ташкил этади. Ишлаб чиқариш ҳажми эса 1 млн 600 минг тонна атрофида. Янги лойиҳалар ҳисобидан қўшимча 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилиши кутиляпти.
Фаолиятини тўхтатган чорвачилик корхоналарини қайта ишга тушириш, наслли моллар олиб келиш, аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли молхоналар ташкил этиш ва кичик хўжаликларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, хориждан юз минглаб наслли қорамол ва қўйлар олиб келиш, сунъий уруғлантириш ҳамда замонавий наслчилик технологияларини кенгайтириш режалаштириляпти.
Масъулларга эса ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни қатъий назорат қилиш ва аҳолини сифатли ҳамда ҳамёнбоп озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича вазифалар юклатилди.
Инспектор чўкаётган болани қутқарди
Тошкент шаҳридаги «Бўрижар» каналида чўкаётган 13 ёшли бола ички ишлар ходими томонидан қутқариб қолинди.
Маълум бўлишича, ҳодиса вақтида Яккасарой тумани Пост-патруль хизмати инспектори Расул Жўраев вазиятни кўриб, зудлик билан сувга сакраган ва болани хавфсиз тарзда қирғоққа олиб чиққан. Унга яна бир киши ёрдамлашган. Боланинг аҳволи яхши экани айтиляпти.
ОКМКнинг йирик қувури ёрилиб кетди
5-август куни йирик саноат корхоналаридан бирида юз берган носозлик ҳам жамоатчилик эътиборига тушди. Тошкент вилоятидаги «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» мис бойитиш фабрикасининг чиқинди сақлаш омборига олиб борувчи магистрал пулпа қувури ёрилди.
Тарқалган видеоларда қувурдан кучли босим остида сув ва аралашма отилиб чиққан, айрим автомобиллар ҳаракатлана олмай қолган.
Комбинат маълумотига кўра, мутахассислар зудлик билан таъмирлаш ишларини бошлаб, носозликни бартараф этган. Ҳозирда ҳодиса оқибатларини тозалаш ишлари ҳам якунланган, ҳудуддаги йўллар тартибга келтирилган. Пулпа қувури нима ўзи деяётган бўлишингиз мумкин. У тоғ-кон саноатида майдаланган хомашё ва суюқлик аралашмасини ташиш учун фойдаланиладиган махсус тизим ҳисобланади.
100 йиллик 11 та арча қўпориб ташланди
Табиатга етказилган зарар билан боғлиқ яна бир ҳолат Сурхондарёда рўй берди. Сариосиёдаги Сангардак маҳалласида салкам 100 йиллик 11 туп Зарафшон арчаси ноқонуний равишда қўпориб ташланганди. Бу ишлар рухсатсиз қилинган. Огоҳлантиришларга қарамай бундай ҳолат давом этгани айтилпти. Арчаларга етказилган зарар суммаси ҳисобланяпти. Шунингдек, ҳудуддаги қурилиш ишлари экологик талаблар асосида олиб борилган ёки йўқлиги ҳам ўрганиляпти.
Теглар






