Хитой иқтисодиётида парадокс: заводлар тўхтовсиз ишлаяпти, одамлар эса камроқ харид қилмоқда
Август ойида Хитой саноати 5,2 фоиз ўсган бўлса, чакана савдо атиги 0,4 фоизга кўпайган. Ҳозирда мамлакат иқтисодиёти олдидаги бош масала ишлаб чиқаришни кўпайтириш эмас, балки «Бу маҳсулотларни ким сотиб олади?» деган саволга жавоб топиш бўлиб турибди.
© Ijtimoiy tarmoqlarХитой иқтисодиётида ўзига хос зиддиятли ҳолат кузатилмоқда: саноат корхоналари ишлаб чиқариш ҳажмини ошираётган бир пайтда, аҳолининг харид фаоллиги пасайиб боряпти.
«Reuters» агентлигининг хабар беришича, саноат жадал ривожланаётган бўлса-да, ички истеъмол ва инвестициялар суръати пасайган. Август ойи якунлари бу тафовутнинг тобора кенгайиб бораётганини яққол кўрсатиб берди.
Хитой Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг август ойида йирик саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари йиллик кесимда 5,2 фоизга ошган (июл ойида бу кўрсаткич 4,5 фоизни ташкил этган). Шунингдек, ускуналар ишлаб чиқариш ҳажми 12,1 фоизга, юқори технологияли маҳсулотлар тайёрлаш эса 16,7 фоизга кўпайган.
Саноатдаги бундай ўсиш асосан янги технологиялар, хусусан, юқори технологик ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект билан боғлиқ тармоқларнинг фаоллашуви ҳисобига таъминланмоқда. Агентлик хабарига кўра, литий-ионли батареялар ва саноат роботлари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам юқори кўрсаткичлар қайд этилган.
Аҳолининг харид қобилияти пасаймоқда
Маълум қилинишича, Хитой иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида вазият тамоман бошқача тус олган. Август ойида мамлакатда чакана савдо ҳажми бор-йўғи 0,4 фоизга ўсган (июл ойида бу кўрсаткич 0,6 фоиз бўлган). Ваҳоланки, бозор иштирокчилари 0,8 фоизлик натижани кутишган. Январ-август ойларидаги чакана савдонинг умумий ўсиш суръати эса 1,1 фоизни ташкил этган.
Хуллас, корхоналар ишлаб чиқаришни кенгайтираётган бир пайтда, аҳолининг харажатлари бунга мос равишда ортмаяпти. «Reuters» бу ҳолатни Хитой иқтисодиётида чуқурлашиб бораётган номутаносибликнинг асосий белгиларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Бу эса мамлакат иқтисодиёти учун жиддий муаммо ҳисобланади. Боиси, саноатнинг ривожланиши ўз-ўзидан ички талабнинг тикланишини англатмайди. Агар истеъмолчилар харажатларни оширмаса, корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган қўшимча маҳсулотлар ички бозорда ўз харидорини топа олмаслиги хавфи мавжуд.
Инвестициялар ҳам қисқармоқда
Хитой иқтисодиётининг яна бир муҳим жиҳати — асосий фондларга йўналтирилаётган инвестициялар кўлами ҳам тораймоқда. «Reuters» маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида бу йўналишдаги сармоялар 7,2 фоизга камайган. Бу эса хусусий секторнинг эҳтиёткорлик қилаётгани ва инвестицион фаоллик пасайганини кўрсатади.
Айниқса, кўчмас мулк бозоридаги вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. Январ-август ойларида кўчмас мулк соҳасига инвестициялар 19,9 фоизга тушиб кетган. Уй-жой бозорида ҳам сезиларли тикланиш кузатилмаган — август ойида янги уйлар нархи йиллик ҳисобда 3 фоизга арзонлашган. «Reuters» мақоласида кўчмас мулк соҳасида узоқ вақтдан бери давом этаётган инқироз мамлакат иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдириши айтилади. Сабаби, қурилиш, уй-жой савдоси ва уларга алоқадор тармоқлар узоқ йиллар давомида иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бўлиб келган.
Хитой янги ўсиш нуқтасини изламоқда
Хитойнинг иқтисодий модели ҳам аста-секин трансформацияга учрамоқда. Агар авваллари иқтисодиёт асосан кўчмас мулк, қурилиш ва инфратузилмага киритилган сармоялар ҳисобига ривожланган бўлса, энди асосий эътибор юқори технологияли ишлаб чиқариш, электромобиллар, батареялар, робототехника ва сунъий интеллект соҳаларига қаратилмоқда.
Миллий статистика бюроси маълумотлари ҳам юқори технологияли ишлаб чиқариш тармоғи мамлакат саноати ўсишининг драйверига айланганини тасдиқлайди. Ушбу стратегиянинг афзаллиги шундаки, Хитой технологик маҳсулотлар экспортида ўз рақобатбардошлигини оширмоқда. Бироқ бунинг салбий томони ҳам бор: агар ички истеъмол етарлича шаклланмаса, ортиқча маҳсулот ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга тобелик кучайиб кетиши мумкин.
Асосий муаммо — талабнинг пастлиги
Бугунги кунда Хитой ҳукумати олдидаги асосий вазифа фақатгина ишлаб чиқаришни кенгайтириш эмас, балки ички талабни тиклаш бўлиб турибди. «Reuters» таҳлилчиларининг фикрича, расмий Пекин истеъмолни рағбатлантириш чораларини ўта эҳтиёткорлик билан амалга ошираётгани туфайли иқтисодиётнинг ички талаб ҳисобига тикланиш жараёни секинлашмоқда.
Бошқача айтганда, Хитойда заводлар тўхтовсиз ишлаяпти, янги технологиялар жорий этиляпти ва экспорт ҳажми ортмоқда. Аммо аҳолининг истеъмол кайфияти ва хусусий секторнинг инвестицияга бўлган иштиёқи бунга ҳамоҳанг эмас.
Бу эса Хитой иқтисодиёти олдидаги энг долзарб масалани кун тартибига чиқаради: мамлакат эски — инвестиция ва қурилишга асосланган моделдан янги — технологиялар ва истеъмолга таянган моделга қанчалик тез ўта олади? Ҳозирги статистика эса бу ўтиш даври осон кечмаётганидан далолат бермоқда.





