Logo

Жаҳон иқтисодиётида асосий ставка қандай ўзгармоқда? — 5 та давлат мисолида

Bugun 13:359 daqiqa

Дунёда инфляция босими, иқтисодий ўсиш ва ташқи хатарлар ўзгарар экан, марказий банклар фоиз сиёсатида турли йўлларни танламоқда. Vaqt.uz АҚШ, Россия, Буюк Британия, Қозоғистон ва Ўзбекистон мисолида асосий ставкадаги ўзгаришлар ва уларнинг сабабларини ўрганди.

Жаҳон иқтисодиётида асосий ставка қандай ўзгармоқда? — 5 та давлат мисолида © Sun'iy intelekt

Жаҳоннинг йирик иқтисодиётларида марказий банклар фоиз ставкалари бўйича турлича қарорлар қабул қилмоқда. АҚШ Федерал захира (Фед) тизими ставкани 3 йил деганда оширган бир пайтда, айрим давлатлар уни пасайтириш ёки амалдаги даражада сақлаб қолиш йўлини танламоқда.

Сентябр ойининг ўзида АҚШ, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Буюк Британия марказий банкларининг қарорлари глобал пул-кредит сиёсатидаги фарқларни яққол кўрсатиб бермоқда. Бир томонда инфляция хавфи туфайли пулни қимматлаштиришга мажбур бўлаётган иқтисодиётлар бўлса, бошқа томонда нархлар босими сусайиши фонида ставкани тушириш учун имконият излаётган мамлакатлар бор.

Асосий ставка оддий рақам ёки фоиз кўрсаткичи эмас. У кредитлар қиймати, бизнеснинг инвестиция қарорлари, аҳолининг истеъмоли, валюта курси ва инфляцияга таъсир қилувчи асосий инструментлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли марказий банкнинг ставкани ўзгартириши ёки ўзгаришсиз қолдириши иқтисодиётдаги жараёнларни тушуниш учун муҳим сигнал ҳисобланади.

Vaqt.uz АҚШ, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Буюк Британия мисолида марказий банклар ҳозир қандай қарорлар қабул қилаётгани, уларнинг ортида қандай иқтисодий омиллар тургани ва ставкалардаги фарқ иқтисодиётлар учун нимани англатишини солиштирди.

АҚШ: Фед уч йил деганда ставкани оширди

АҚШ Федерал захира тизими 2023-йилнинг июлидан бери биринчи марта асосий ставкани оширди. 16-сентябр куни Федерал очиқ бозор қўмитаси федерал фондлар ставкаси бўйича мақсадли диапазонни 0,25 фоиз бандга ошириб, 3,75–4 фоиз этиб белгилади. Қарор 12–0 овоз билан қабул қилинди.

Феднинг қарорида АҚШ иқтисодий фаоллиги барқарор суръатда кенгаяётгани, ички харажатлар чидамлилиги, меҳнат унумдорлиги ва капитал қўйилмалар кучли экани қайд этилди. Иш ўринлари сонининг ўсиши ишчи күчи ўсишига мос келаётгани, ишсизлик даражаси эса катта ўзгаришсиз қолаётгани таъкидланган.

Бироқ асосий муаммо — инфляция. Федерал захира тизими нархлар ўсиши ҳали ҳам юқори эканини қайд этиб, янги қарор инфляцияни 2 фоизлик мақсадга тезроқ қайтаришга хизмат қилишини билдирди.

Ставканинг оширилиши АҚШ иқтисодиётидаги инфляцион босим бир неча омил таъсирида күчайган бир пайтга тўғри келди. «Reuters» таҳлилига кўра, бунга президент Доналд Трамп маъмуриятининг тариф сиёсати, энергия нархларининг ошиши ва АҚШ–Исроил уруши фонидаги нефт бозоридаги ўзгаришлар ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, АҚШ ички талаби ва инвестиция фаоллиги ҳам юқори даражада қолмоқда.

Феднинг янги қарори президент Доналд Трампнинг фоиз ставкаларини пасайтириш ҳақидаги позицияси билан ҳам кескин фарқ қилмоқда. Трамп Федни юқори ставкалар учун танқид қилиб келган ва 16-сентябрдаги қарордан кейин ҳам ставкаларни 1 фоиз ёки ундан паст даражага тушириш кераклигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Фед раиси Кевин Уорш инфляцияни жиловлаш заруратини асосий вазифа сифатида кўрсатмоқда.

Демак, АҚШдаги вазиятда муҳим жиҳат шундаки, иқтисодий фаоллик ва меҳнат бозори нисбатан мустаҳкам бўлиб турган бир пайтда инфляциянинг юқорилиги Федни пул-кредит сиёсатини яна қатъийлаштиришга ундамоқда. Бу эса дунёнинг бошқа марказий банклари ставкаларни пасайтиришга уринаётган бир вақтда АҚШнинг алоҳида йўналишда ҳаракат қилаётганини кўрсатади.

Феднинг сентябрдаги прогнозлари ҳам инфляциянинг тезда 2 фоизлик мақсадга қайтиши кутилмаётганини кўрсатмоқда. Регуляторнинг янги прогнозларида 2026-йил учун инфляция кўрсаткичи юқорироқ даражада баҳоланган ва ставка бўйича келгусидаги қарорлар ҳамон инфляция динамикасига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Россия: ставкани пасайтириш тўхтатилди

Россия Марказий банки 11-сентябр куни асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу июн ойидан бошланган ставкани пасайтириш жараёнидаги танаффус бўлди. Регулятор июн ойида ставкани 14,5 фоиздан 14,25 фоизгача, июлда эса 14 фоизгача туширганди.

Россия Марказий банки мамлакат иқтисодиёти 2026-йилнинг учинчи чорагида мўтадил суръатда ўсаётганини қайд этди. Бироқ иқтисодий фаолликнинг секинлашиши сезилмоқда. «Reuters»га кўра, Россиянинг 2,6 триллион долларлик иқтисодиёти 2026-йилда деярли ўсмаслиги кутилмоқда. Бунга юқори фоиз ставкаси, Ғарб санкциялари, уруш билан боғлиқ босим ва инфратузилмага ҳужумлар таъсир қилмоқда.

Шу билан бирга, инфляция яна тезлашган. Россия Марказий банки сўнгги ойларда нархлар босими сезиларли даражада күчайганини билдирди. «Reuters» бунга нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилган Украина дрон ҳужумлари ортидан юзага келган ёнилғи тақчиллигини муҳим омиллардан бири сифатида кўрсатади. Ёнилғи етишмовчилиги транспорт харажатларини ошириб, бу босим бошқа товар ва хизматлар нархларига ҳам ўтган.

Оқибатда Россия Марказий банки ставкани тезроқ пасайтириш имкониятини чеклашга мажбур бўлмоқда. Бизнес вакиллари эса юқори кредит ставкалари инвестицияларни қимматлаштираётганини айтиб, ставкани 12 фоиздан паст даражага туширишни талаб қилмоқда. Марказий банк эса инвестициялар йил бошига нисбатан тикланаётганини ва бунинг учун ставкани кескин пасайтириш ҳозирча зарур эмаслигини таъкидламоқда.

Россия учун яна бир муҳим омил — давлат бюджети. Бюджет тақчиллиги август ойида ЯИМга нисбатан 2,8 фоиздан 2,5 фоизгача қисқарган. Бунда давлат банкларидаги улушлардан олинган дивидендлар муҳим рол ўйнаган. Жаҳон нефт нархларининг 100 доллардан ошиши эса Россия бюджетига қўшимча даромад келтириши мумкин. Аммо қиммат нефтнинг бошқа томони ҳам бор: энергия нархларининг юқорилиги импорт қилинадиган маҳсулотлар орқали ички инфляцияни күчайтириши мумкин.

Валюта бозори ҳам Марказий банк қарорларида муҳим рол ўйнамоқда. Рубл 20-майдаги кўрсаткичидан 17 фоизга заифлашган, кейинчалик эса нефть нархларининг ошиши фонида қисман тикланган. Аввалроқ рублнинг күчли бўлиши импорт харажатларини пасайтириб, инфляцияни жиловлашга ёрдам берган эди. Энди валюта курси, нефт нархлари ва ташқи савдо шароитлари ўртасидаги боғлиқлик Россия пул-кредит сиёсати учун яна бир муҳим омилга айланган.

Россия Марказий банки 2026-йил якунида инфляция 6–7 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда. Регуляторнинг мақсади эса 2027-йилда инфляцияни 4 фоизгача тушириш. Шу сабабли ставкани кейинги пасайтириш қарори нафақат нархлар динамикасига, балки ҳукуматнинг янги бюджет параметрлари ва иқтисодиётдаги инфляцион босимга ҳам боғлиқ бўлади. Марказий банкнинг навбатдаги йиғилиши 23-октябрга белгиланган.

Буюк Британия: ставкани сақлаб қолди, аммо энергия шоки уни ошириш хавфини күчайтиради

Буюк Британия Марказий банки — Англия банки — 17-сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани 3,75 фоиз даражасида сақлаб қолди. Шу билан кетма-кет олтинчи йиғилишда ўзгармади ва бу қарор инфляция яна тезлашган бир пайтда қабул қилинди.

Август ойида Британияда йиллик истеъмол инфляцияси 3,1 фоизга етди. Июлда бу кўрсаткич 2,9 фоиз эди. Натижада инфляция Англия банкининг 2 фоизлик мақсадидан анча юқори бўлиб қолмоқда.

Инфляциянинг тезлашишида энергия нархларининг ошиши муҳим рол ўйнамоқда. «Reuters» маълумотларига кўра, сентябр ойида Британия табиий гази ва Brent нефти нархи қарийб 20 фоизга ошган. Бунга Яқин Шарқдаги уруш фонида энергия таъминотидаги узилишлар сабаб бўлмоқда.

Бироқ Буюк Британияда нархлар босими АҚШ ёки Россиядагидек бир хил кўринишда эмас. Базавий инфляция, яъни озиқ-овқат ва энергия каби ўзгарувчан компонентларсиз кўрсаткич 2,6 фоизда сақланиб қолган. Меҳнат бозори эса совимоқда: июлгача бўлган уч ойда бонуслардан ташқари ўртача иш ҳақи ўсиши 3,5 фоизгача секинлашган, бўш иш ўринлари сони эса 702 минггача тушган.

Шу сабабли Англия банки олдида икки қарама-қарши вазифа турибди. Бир томондан, инфляция 2 фоизлик мақсаддан юқори ва энергия нархларининг кейинги ўсиши нархлар босимини күчайтириши мумкин. Иккинчи томондан эса, меҳнат бозори ва иқтисодий фаолликдаги заифлашув ставкани оширишга эҳтиёткорлик билан ёндашишни талаб қилмоқда.

Шундай қилиб, сентябрдаги қарор Буюк Британияда ставкани ошириш босқичи бошланганини эмас, аксинча, Марказий банк инфляция ва иқтисодий фаоллик ўртасидаги мувозанатни кутиш орқали баҳолаётганини кўрсатади. «Reuters» маълумотларига кўра, бозор иштирокчилари кейинги йиғилишларда ставка оширилиши эҳтимолини кўпроқ муҳокама қилмоқда: сентябр қарори арафасида ноябр ойида 0,25 фоизлик ошириш эҳтимоли 80 фоиз атрофида баҳоланган.

Қозоғистон: cтавка пасайди, аммо Марказий банк эҳтиёткор

Қозоғистон Миллий банки 4-сентябр куни базавий ставкани 50 базавий пунктга пасайтириб, 16,25 фоиз этиб белгилади. Ставка бўйича коридор эса 15,25–17,25 фоиз даражасида қолдирилди. Бу Қозоғистонда йил бошидан буён учинчи пасайиш бўлди: ставка июнгача 18 фоизда сақланган, июнда 17 фоизга, июлда 16,75 фоизга туширилган эди.

Қарорнинг асосий сабаби — инфляциянинг изчил секинлашиши. Август ойида Қозоғистонда йиллик инфляция 9,8 фоизгача тушди ва бу кўрсаткич кетма-кет 11 ой давомида пасайиб борди. Озиқ-овқат инфляцияси 9,5 фоизгача, ноозиқ-овқат инфляцияси 11,4 фоизгача, хизматлар инфляцияси эса 8,9 фоизгача секинлашган.

Нархлар босимининг пасайишига бир неча омил ёрдам берган. Миллий банк күчли тенге, истеъмол фаоллигининг барқарорлашуви ва ҳукумат ҳамда регуляторнинг инфляцияга қарши чораларини асосий омиллар қаторида кўрсатган. Айниқса, тенге курсининг мустаҳкамланиши импорт қилинадиган маҳсулотлар нархига босимни камайтирган.

Бироқ Миллий банк ставкани туширган бўлса-да, пул-кредит сиёсатини юмшатиш босқичи тугамагани ёки кейинги пасайишлар кафолатланганини айтмаяпти. Аксинча, регулятор инфляция бўйича хавфлар ҳали ҳам юқорига йўналганини билдирди. 2027-йил учун инфляция прогнози аввалги 5,5–7,5 фоиздан 6,5–8,5 фоизгача оширилди. Бунга ташқи инфляция, тартибга солинадиган нархлар бўйича янги тахминлар ва фискал рағбатлантиришнинг күчайиши сабаб бўлган.

Регуляторнинг 2026-йил учун инфляция прогнози эса 9–11 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Миллий банк инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсад атрофида барқарорлаштиришни, бунга эса 2028-йилда эришишни кутмоқда.

Қозоғистон учун яна бир хавф — ички талаб ва фискал сиёсат. Миллий банк инвестиция талаби ошиши натижасида талаб ва таклиф ўртасида номутаносиблик юзага келиши, инфляцион кутилмаларнинг юқори қолиши, бюджет харажатлари ҳамда уй-жой коммунал тарифлари ва ёнилғи нархларининг ўзгаришини инфляция учун хавф сифатида кўрсатмоқда. Жаҳон озиқ-овқат ва энергия нархларининг ошиши ҳам ташқи хавфлар қаторида. Шу сабабли 4-сентябрдаги қарорни Қозоғистон Марказий банкининг ставкани кескин пасайтириш сиёсатига ўтаётгани сифатида талқин қилиш қийин. Аксинча, регуляторнинг ўзи кейинги пасайтириш имконияти чекланганини билдирган.

Ўзбекистон: инфляция пасайди, аммо ставка ўзгармади

Ўзбекистон Марказий банки 16-сентябр куни асосий ставка бўйича навбатдаги қарорини қабул қилди. Регулятор ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.

Снимок экрана — 2026-09-17 в 12.28.57

Манба: Марказий банк (экран тасвири)

Қарор инфляция пасайишда давом этаётган бир шароитда қабул қилинди. Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида йиллик умумий инфляция 6,2 фоизгача секинлашган. Базавий инфляция эса 5,5 фоизни ташкил қилган.

Бироқ Марказий банк ставкани пасайтиришга шошилмади. Регуляторнинг таъкидлашича, айрим товар ва хизматлар нархларида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолмоқда. Аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари ҳам умумий инфляцияга нисбатан юқорироқ даражада қолмоқда.

Ички талаб ҳам Марказий банкнинг эҳтиёткор позициясида муҳим ўрин тутмоқда. Чакана савдо, хизматлар ва инвестициялар бўйича юқори фаоллик иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламоқда, бироқ талабнинг юқорилиги келгусида нархлар босини кучайтириши мумкин.

Шу сабабли Марказий банк ҳозирча пул-кредит шароитларини юмшатишдан кўра, 14 фоизлик ставкани сақлаб қолишни маъқул кўрмоқда. Регулятор учун асосий вазифа инфляцияни орта муддатда 5 фоизлик таргети даражасига тушириш бўлиб қолмоқда.

Бироқ келгусида ставка ўзгаришлари фақат 0,5 ёки 1 фоизлик бандлар билан амалга оширилиши шарт эмас. Аввалроқ, 29-июл куни бўлиб ўтган йиғилишдан ставка бўйича матбуот анжуманида Марказий банк раҳбариятига асосий ставкани 0,25 фоиз бандлик қадам билан ўзгартириш мумкинми, деган савол берилган эди. Бунга мисол сифатида Қозоғистон Марказий банкининг ставкани кичикроқ қадам билан пасайтиргани айтилган эди.

Марказий банк вакили ставка ўзгаришининг аниқ ҳажми олдиндан белгилаб қўйилмаслигини билдирган. Қарор инфляция динамикаси, иқтисодий фаоллик ва прогнозлар асосида қабул қилинади. Шунинг учун зарурат туғилса, асосий ставкани 0,25 фоиз бандга ўзгартириш ҳам мумкин.

Бу жиҳат Ўзбекистоннинг келгусидаги пул-кредит сиёсатини баҳолашда муҳим. Яъни Марказий банк кейинги йиғилишларда ставкани ўзгартиришга қарор қилса, ўзгариш аввалгидек катта қадам билан амалга оширилиши шарт эмас. Инфляция ва иқтисодий шароит бунга имкон берса, ставка босқичма-босқич, кичикроқ қадамлар билан ҳам ўзгартирилиши мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистон мисолида ҳозирча инфляция пасайган, аммо ставка ўзгаришсиз қолган. Бироқ бу ставка узоқ муддат давомида айнан 14 фоизда қолади дегани ҳам эмас.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 200

Barchasi

Mavzuga oid