Ҳукумат қарори билан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби белгиланди

27.10.2025 | 15:452 дақиқа

Йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартибини белгилаш бўйича Ҳукумат қарори тасдиқланди.

Ҳукумат қарори билан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 24.10.2025 йил 670-сонли қарори билан «Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.

Мазкур низом Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар, шунингдек, уларга тегишли бўлган корхоналар ҳамда уларга ўзаро алоқадор корхоналар гуруҳи томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилишни назорат, мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

Ҳукумат қарорига кўра, йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражаси «паст хатарли», «ўрта хатарли» ва «юқори хатарли» деб тоифаланади. Яъни, йирик қарздорларнинг тоифаси:

  • «паст хатарли» бўлганда, жалб этилаётган янги молиявий қарз миқдоридан қатъи назар;

  • «ўрта хатарли» бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлари қолдиғининг 5 фоизидан ёки 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлган ҳолларда;

«юқори хатарли» бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлар қолдиғининг 1 фоизидан ёки 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлган ҳолларда Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор қилган ҳолда молиявий қарзлар жалб этилади.

Шунингдек, йирик қарздорлар молиявий ҳолати ёмонлашганда, Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қуйидаги молиявий усуллардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилади, жумладан:

  • мавжуд қарзларни тўлаш учун янги, қулайроқ шартларда қарзлар (ташқи ва ички қарз, кредит) олиш;

  • қарздорликни қайта кўриб чиқиш (муддатини узайтириш, тўлов жадвалини ўзгартириш, фоиз ставкасини пасайтириш, валюта турини ўзгартириши).

Низомда белгиланишича, йирик қарздорлар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг молиявий қарзни жалб қилишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид