Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини алдаш: «Meta» рекорд даражадаги — 25 миллиард долларлик жаримага тортилди
АҚШнинг Ню-Мексико штати суди «Facebook», «Instagram» ва «WhatsApp» тармоқлари эгаси бўлган «Meta» компаниясига фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини йиғиш ва тарқатиш борасида чалғитувчи баёнотлар бергани учун 25 миллиард доллар миқдорида жарима тайинлади. Суд қарори компания томонидан йўл қўйилган 43,9 миллионга яқин қоидабузарлик бўйича суд ҳайъати чиқарган хулосага асосланади.
© Sukerbergning Facebook sahifasidagi videodan skrinshotАҚШнинг Ню-Мексико штати суди 2026 йил 21 октябр куни «Meta Platforms» компаниясига 25 миллиард доллар жарима тўлаш мажбуриятини юклади. Ишнинг асл моҳияти «Facebook» ижтимоий тармоғида фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари билан қандай ишлаш, улардан фойдаланиш ва тарқатиш тартиби ҳақида берилган ахборотлар ҳамда платформанинг зарарли контентга қарши сиёсати билан бевосита боғлиқ.
Судя Фрэнсис Мэттю бу қарорни сентябр ойида суд ҳайъати томонидан чиқарилган хулоса асосида қабул қилди. Унга кўра, компания Ню-Мексико штатининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунини қарийб 43,9 миллион марта бузган деб топилган. Дастлаб қонунчиликка мувофиқ ҳисобланган эҳтимолий жарима миқдори 219,5 миллиард долларга яқинлашган эди, бироқ судя уни 25 миллиард долларгача пасайтирди.
«Meta» компанияси мазкур қарорга норозилик билдириб, апелляция беришини маълум қилди.
Суд «Meta»ни нима учун жазолади?
Ню-Мексико штати прокуратураси «Meta» компаниясига қарши даъво аризасини 2021 йилда киритган эди. Ишнинг диққат марказида «Facebook» томонидан фойдаланувчиларга уларнинг шахсий маълумотлари қандай йиғилиши, сақланиши, бошқа томонларга тақдим этилиши ва ишлатилиши ҳақида берган баёнотлари туради.
2026 йил 25 сентябр куни суд ҳайъати «Facebook» ва унинг раҳбарияти томонидан билдирилган 29 та баёнотдан 26 тасини чалғитувчи деб топди. Бу баёнотлар фойдаланувчилар ўз маълумотларини ким кўриши ва улардан ким фойдаланишини назорат қила олиши, шунингдек, компания шахсий маълумотларни реклама берувчиларга сотмаслиги ёки тақдим этмаслиги ҳақидаги ваъдаларни ҳам ўз ичига олган.
Шунингдек, суд ҳайъати «Facebook»нинг нотўғри маълумотлар ва нафрат қўзғатувчи контентларни аниқлаш ҳамда ўчириш сиёсатига оид баёнотларини ҳам кўриб чиққан. Улар қаторида зарарли контентни олиб ташлаш, сиёсатчилар учун ҳеч қандай истиснолар йўқлиги ва жамоатчиликка оид маълумотларни тарқатишда қоидалар изчил қўлланиши ҳақидаги гаплар бор эди.
Яна бир муҳим масала «Cambridge Analytica» можаросидан кейин учинчи томон иловалари томонидан маълумотлардан нотўғри фойдаланиш ҳолатларини текшириш, қоидабузар дастурларни чеклаш ва маълумотлари хавф остида қолган фойдаланувчиларни хабардор қилиш ваъдаларининг қандай бажарилгани билан боғлиқ бўлди.
Суд ҳайъати мазкур баёнотларнинг барчаси чалғитувчи хусусиятга эга бўлган, деган хулосага келди.
43,9 миллионта қоидабузарлик қандай ҳисобланган?
Ню-Мексико штати қонунчилиги истеъмолчиларни алдаш ёки чалғитиш билан боғлиқ ҳар бир қоидабузарлик учун 5 000 долларгача фуқаровий жарима белгилаш имконини беради.
Суд ҳайъати «Meta» қонунни тахминан 43,9 миллион марта бузгани ҳақида хулоса чиқарган. Шу сабабли энг юқори жарима миқдори қўлланилганда умумий сумма 219 миллиард доллардан ошиб кетган.
Лекин судя фақатгина қоидабузарликлар сонига эмас, балки уларнинг хусусияти, давомийлиги ва бошқа ҳуқуқий омилларга ҳам эътибор қаратди. Натижада якуний жарима миқдори 25 миллиард доллар этиб белгиланди.
Шунингдек, қарорда жарима тўлиқ тўлаб берилгунига қадар унга йиллик 15 фоизлик устама ҳисобланиб бориши ҳам белгилаб қўйилган.
«Cambridge Analytica» можароси билан қандай боғлиқлик бор?
Ушбу ишнинг энг муҳим қисмларидан бири 2018 йилда бутун дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлган «Cambridge Analytica» можароси билан чамбарчас боғлиқ.
«Cambridge Analytica» Британияда рўйхатдан ўтган сиёсий маслаҳат компанияси бўлиб, «Facebook»даги учинчи томон иловаси орқали йиғилган маълумотлардан сайловчиларни таҳлил қилиш ва сиёсий рекламалар учун фойдаланган. Канада шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ваколатли органининг текширувларида «Facebook» маълумотлари тахминан 87 миллион фойдаланувчига тааллуқли бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Маълумотлар Александр Коган томонидан ишлаб чиқилган илова орқали тўпланган. Иловадан фойдаланган одамлардан олинган маълумотлар уларнинг «Facebook»даги дўстлари ҳақидаги айрим ахборотларга ҳам йўл очиб берган. Кейинчалик бу маълумотлардан «Cambridge Analytica» билан боғлиқ таҳлил ва сиёсий мақсадларда кенг фойдаланилган.
АҚШ Федерал савдо комиссияси («FTC») 2019 йилда «Cambridge Analytica» ва унга алоқадор шахсларга нисбатан алоҳида иш очган эди. Комиссия компания фойдаланувчилардан шахсий маълумотларни йиғишда чалғитувчи усуллардан фойдаланган, деган хулосага келган.
«Meta» нима деяпти?
Компания мазкур суд қарорини қабул қилмаслигини ва апелляцияга беришини маълум қилди.
«Reuters» хабарига кўра, «Meta» суд жараёнида фойдаланувчиларнинг маълумотларини ҳеч қачон сотмаслигини ва штат томонидан бирорта ҳам алоҳида истеъмолчининг зарар кўргани аниқ исботланмаганини таъкидлаган. Суд ҳайъати эса компаниянинг айрим оммавий баёнотлари Ню-Мексико қонунларини бузган, деган хулосада қатъий қолган.
«Meta» учун бу аввалги жарималардан қандай фарқ қилади?
«Meta» ва унинг аввалги номи бўлган «Facebook» бир неча йиллардан бери шахсий маълумотлар ҳамда фойдаланувчилар хавфсизлигига оид йирик суд ишларига жалб қилиниб келинади.
Масалан, 2019 йилда АҚШ Федерал савдо комиссияси «Facebook»га нисбатан 5 миллиард долларлик жарима белгилаган эди. Бу қарор компаниянинг фойдаланувчилар махфийлигини ҳимоя қилиш бўйича тузилган аввалги келишув талабларини бузгани билан боғлиқ эди.
2026 йилда эса Ню-Мексикода «Meta»га нисбатан ёш фойдаланувчилар хавфсизлигига оид бошқа бир суд иши бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди. Ушбу алоҳида ишда 375 миллион долларлик фуқаровий жарима ва ёшларнинг руҳий саломатлигига етказилган таъсирни бартараф этишга қаратилган 567 миллион долларлик чоралар белгиланди.





