Илҳом Алиев янги ҳафтада Ўзбекистонга келади
Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев 23-24 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.
Кун тартиби
Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбойжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Саммит кун тартибидан Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштириш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар.
Музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш ҳамда қатор иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.
Маълумот учун, айни кунларда Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форуми ҳамда бошқа қўшма тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Олдинги ташрифлар хроникаси
Эслатиб ўтамиз, Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга сўнгги бор 2024 йилнинг 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан келган эди. Шунингдек, у 2025 йилнинг 15 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун амалий ташриф билан ҳам бўлган.