Иманъдан янги баёнот, инвесторларнинг пули ва муаммоли кредитлар: экспертлар бу машмашага нима дейди?
«IMAN Holding» илгари сурилган даъволарга қарши янги баёнот берди. Хўш, унда қандай янги далиллар келтирилган? Бошқарув компаниясининг қарийб 3 млн долларлик қарзи ва 9,5 миллион долларлик муаммоли кредитлар масаласи қандай изоҳланди? Mercedes-Benz ва BYD автомобиллари бўйича аниқ жавоб борми? Энг муҳими, инвесторлар тиккан пул маблағлари тақдири нима бўлади? Vaqt.uz мавзу юзасидан ислом молияси экспертларининг фикрини ўрганиб, инвесторларга энг муҳим тавсияларни жамлади.
Ўтган кунлар давомида «IMAN Invest» атрофидаги воқеаларни Vaqt.uz’да батафсил ёритиб бордик. Унда Маҳмуд Усмон эълон қилган молиявий ҳужжатлар, 20 миллион долларлик камомад ҳақидаги даъволар ва Рустам Раҳматовнинг баёнотлари кескин муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.
Ниҳоят, 27-октябр куни компания Маҳмуд Усмон томонидан илгари сурилган даъволарга расмий муносабатини эълон қилди.
Хўш, компания янги баёнотида қандай далилларни келтирди? Бошқарув компаниясининг қарийб 3 миллион долларлик қарзи ва 9,5 миллион долларлик муаммоли кредитлар масаласи қандай изоҳланди? Рустам Раҳматов фойдаланиши учун олингани айтилаётган Mercedes-Benz ва BYD автомобиллари бўйича аниқ жавоб борми? Энг муҳими, инвесторлар тиккан пул маблағлари қачон қайтарилади?
Бугунги кўрсатувда компаниянинг янги баёнотини аввал эълон қилинган ҳужжатлар ва томонларнинг позициялари билан солиштирамиз. Ислом молияси бўйича экспертлар билан биргаликда очиқ қолаётган саволларга жавоб излаймиз.
Янги баёнотда нималар дейилган?
Аввало, компаниянинг янги баёнотида нималар айтилгани ва аввалги муносабатлардан қандай фарқлар борлигини кўриб чиқамиз.
Маҳмуд Усмон ўз эътирозида 2026-йил 31-май ҳолатига «IMAN Invest»нинг муддатли тўлов портфелидаги қайтмайдиган муаммоли қарзлар 9,5 миллион долларни ташкил этгани, бу эса портфелнинг тахминан 17–18 фоизига тенг экани айтилганди.
Компания эса янги баёнотида бу кўрсаткичларни бошқача изоҳлайди. Хусусан, муддати ўтган қарзлар билан NPL — яъни қайтмаслик хавфи юқори бўлган муаммоли қарзлар бошқа бошқа тушунчалар.
«NPL бизнинг компания амалиётида умуман қайтмайдиган деб топилган қарзларни назарда тутади. Биз қарздорлар билан 90 кунлик муддатдан кейин ҳам ишлашни тўхтатмаймиз ва бундай қарзларни ҳисобдан чиқармаймиз. Қарзлар эса 300 кундан кейин умидсиз деб баҳоланади», — дейилади баёнотда.
Баёнотда келтирилишича, 2026-йил 31-май ҳолатида муаммоли қарзлар 58,79 миллиард сўмни ташкил этган. Бу ўша пайтдаги 618,41 миллиард сўмлик портфелнинг 9,5 фоизига тенг. 1-октябр ҳолатига келиб эса NPL 71,65 миллиард сўмга етган, бироқ портфел ҳажми ҳам кенгайгани сабабли унинг умумий портфелдаги улуши 6,5 фоизгача тушган.
Ушбу рискларни қоплаш учун 31,91 млрд сўмлик кутилаётган савдо йўқотишлари (ECL резервлари) заҳираси шакллантирилган. Натижада заҳира билан қопланмаган риск жорий портфелнинг 3,5% ташкил этади.
Компания бу кўрсаткич айрим молиявий институтлардаги ўртача 3,8 фоизлик даражадан паст эканини ҳам таъкидлайди.
Аммо компаниянинг бу молиявий кўрсаткичини фақатгина фоиз кўрсаткичига қараб хулоса қилиб бўлмайди. Яъни улуш бошқа банк ва микромолия ташкилотлари кўрсаткичидан пастроқ бўлса-да, амалда NPLнинг мутлақ суммаси 58,79 миллиард сўмдан 71,65 миллиард сўмга ошган.
«Йил давомида ўнталаб бунақа кейс бўлади. Аҳолидан пул олибди, кейин фирибгар бўлиб чиқибди ёки бўлмаса жиноий жавобгарликка тортилибди деган ҳолатлар кўп кузатилади. Худди шу нарсани исломий молияда ҳам бўлиши мумкин», – дейди ислом молияси бўйича эксперт Искандар Турсунов Vaqt.uz билан суҳбатда.
«Чунки молиявий муносабатларда, пуллик муносабатларда бу доим бўлган, бўлади. Эҳтиёткор бўлиш керак. Исломий молияни қилаётган одамлар кимлигини биз билмаймиз-ку. Ташқи кўринишдан унга тўғри баҳо бера олмаймиз. Чунки унинг нияти нима, қилаётган ишлари қанақа, биз билмаймиз. Биз фақат яхши гумон билан шу ташкилот ислом молиясига мувофиқ ишлаяпти экан деб қараймиз».
IFCB, яъни Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши аввалроқ 9,5 миллион доллар муаммоли қарзлар ва унинг портфелдаги улуши 17–18 фоизни ташкил этишини айтганди, компания эса айнан 31-майда 9,5 фоизлик NPLни келтирмоқда. Негадир шубҳали!
Аммо 20 миллион долларлик тафовут қандай ҳисоблангани ва компания уни қайси ҳужжатлар асосида рад этаётгани масаласига ҳозирча бирор жавоб йўқ.
«IMAN Invest»нинг фонддан олган қарзи
Энди бошқарув компаниясининг фонд олдидаги 2,97 миллион долларлик қарзига тўхталамиз.
IFCB эътирозига кўра, «Iman Halal Investments» бошқарув компанияси ўз операцион харажатларини қоплаш учун фонд маблағларидан мунтазам равишда қарз олган. 2026-йил 31-май ҳолатига бундай қарз миқдори 2,97 миллион долларни ташкил этган.
Кенгаш бу амалиёт инвесторлар розилигисиз фонд рискларини уларнинг зиммасига тушишини айтиб, ҳолат «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддасига зид эканини айтганди.
Компания эса қарз мавжудлигини инкор қилмаган, бироқ унинг қандай шароитда юзага келганини бошқача тушунтирмоқда.
Баёнотга кўра, 2,97 миллион доллар асосан фонднинг бўш маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

Компания IFCB томонидан 2025-йил 28-январда тасдиқланган оммавий офертанинг 4.2-бандини ўз позициясига асос сифатида келтиради.

Ушбу бандда айрим лойиҳаларни бозордаги паст ставкаларда ёки фойда келтирмайдиган битимлар орқали молиялаштиришга, шунингдек, маркетинг ва хайрия мақсадларида чегирмалар беришга рухсат этилиши мумкинлиги айтилган. Бироқ чегирмалар умумий маҳсулот нархининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
Тафтиш комиссияси текширувидан кейин фонд маблағларидан бошқарув компаниясига қарз бериш амалиёти нотўғри деб топилган ва июль ойида тўлиқ тўхтатилгани айтилмоқда. Мавжуд қарзлар эса «IMAN Holding» акциялари орқали кафолатланган бўлиб, улар ноябрдан бошлаб ольти ой ичида фондга қайтарилади.
Инвесторлар пули қайтмасдан фойда тақсимланганми?
Энди можаронинг яна бир муҳим жиҳати — даромадни ҳисоблаш ва инвесторлар ўртасида дивиденд тақсимлаш масаласига ўтамиз.
«IMAN Invest» насияга савдо битимлари бўйича фойдани мижозлар амалда тўлов қилмасидан олдин даромад сифатида тан олгани айтилганди. Бу эса ҳали реал пул тушуми билан таъминланмаган даромад асосида ойлик дивидендлар ҳисобланиши ва инвесторлар маблағлари тўлиқ қайтмасдан уларга тўловлар амалга оширилишига олиб келган.
Компания эса даромадларни ҳисоблаш тартибини бухгалтерия стандартлари билан изоҳлайди. Баёнотда айтилишича, июл ойидан бошлаб компания халқаро молиявий ҳисобот стандартлари — IFRS асосида ҳисоб юритишга ўтган. Унгача ҳисоб-китоблар Ўзбекистон миллий бухгалтерия стандартлари асосида олиб борилган.

Компания маълумотларига кўра, шу кунгача жами 285 минг 952 та шартнома имзоланган ва улардан 195 минг 61 таси ҳозиргача фаол ҳолатда. Шартномаларнинг 45 минг 161 таси молиявий ижара бўлиб, улардан 11 минг 252 таси фаол ва келажакда даромад келтириши кутилмоқда. Мурабаҳа шартномалари эса 240 минг 791 тани ташкил этади, улардан 183 минг 809 таси фаол деб кўрсатилган.
Баёнотда фаол насияга савдо портфелининг умумий қиймати 1 триллион 105 миллиард 778 миллион сўмдан ортган. Инвесторлар портфели эса 965 миллиард 24 миллион сўмга тенг. Компания бу икки кўрсаткич ўртасидаги 140,75 миллиард сўмлик фарқни келажакда келиши кутилаётган савдо даромади — маржа сифатида изоҳлайди.
Бироқ бу ерда бир муҳим фарқ бор: шартнома бўйича келажакда олиниши кутилаётган даромад, бухгалтерия ҳисобида тан олинган фойда ва амалда келиб тушган пул бир хил тушунчалар эмас. Худди шунингдек, фойданинг ҳисобда акс этиши инвесторлар маблағлари тўлиқ қайтарилганини ўз-ўзидан англатмайди.
Раҳматов учун сотиб олинган автомобиллар
Энди эса можаронинг энг кўп муҳокама қилинган жиҳатларидан бири — фонд маблағлари ҳисобидан компания асосчиси Рустам Раҳматов учун харид қилинган Mercedes-Benz S500 автомобили масаласига тўхталамиз.
2026-йил 10-апрелда инвесторлар маблағлари сақланадиган Коммандит ширкати ҳисобидан «FOUNDERS TRUST 1» МЧЖ ҳисобига 128 минг доллар ўтказилган. Тўлов автомобил хариди билан боғлиқ бўлиб, шартнома бир кун олдин — 9-апрелда имзоланган. IFCB ушбу автомобил харидини манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли мавжуд бўлган битим сифатида баҳолаган.
Компания эса харидни бошқа талқин қилмоқда. Хусусан, автомобил Раҳматов ташаббуси билан фонд маблағлари ҳисобидан консорциум шартномаси асосида харид қилинган.

Маслаҳат кенгаши вакиллари кейинчалик бундай тузилмани нотўғри деб топган. Уларнинг эътирозига кўра, мазкур банддаги имтиёзлар компания улушдорларига ёки раҳбарларига эмас, фақат компания ходимларига тааллуқли. Рустам Раҳматов эса бир вақтнинг ўзида ҳам компания ходими, ҳам унинг эгаси сифатида фаолият юритган.
Натижада, битим бекор қилинган. Дастлаб йилига 12 фоиз устама билан белгиланган ижара ставкаси маъқулланмаган ва йилига 17 фоиз этиб қайта белгиланган. Компания автомобил 2026-йил 12-августда сотилганини, харид учун сарфланган маблағ ҳамда фойдаланилган давр учун ижара тўловлари тўлиқ қайтарилганини билдиради. Шунингдек, бозордагидан паст ставкаларда молиялаштиришга рухсат берувчи банд офертадан олиб ташланганини айтади.


BYD масаласи
Mercedes-Benz билан боғлиқ ҳолатдан кейин яна бир автомобил — BYD Champion учун тузилган муддатли тўлов шартномасига эътибор қаратамиз.
Аввал хабар қилганимиздек, компания таъсисчиси Рустам Раҳматов 2023-йил 1-декабрда BYD Champion автомобилини 36 ойлик муддатли тўлов шартномаси асосида харид қилган. Кенгаш кейинчалик тўловлар кечиккани, хусусан, 2025-йилнинг май ойидан буён тўланмаганини маълум қилганди.
Натижада, комиссия қарори қабул қилинган пайтда муддати ўтган қарздорлик 306 миллион 504 минг сўмдан, шартнома муддати тугагунига қадар тўланиши лозим бўлган умумий қарздорлик эса 366 миллион 940 минг сўмдан ортиқни ташкил этган.
Компания ушбу ҳолат бўйича тўловлар жадвалида кечикиш бўлганини тасдиқлаган. Бироқ унинг баёнотига кўра, тафтиш комиссияси қароридан кейин Раҳматов 2026-йил 31-июлда қолган қарздорликнинг барчасини — 366 миллион 940 минг 156,73 сўмни — муддатидан олдин тўлиқ тўлаган.

Фонд ва бошқарув компанияси харажатлари
Компания фонд ва бошқарув компанияси харажатларининг қандай тақсимланганига ҳам алоҳида изоҳ берди.
Баёнотда бундай харажатлар икки гуруҳга ажратилган. Биринчиси — мижозларни жалб қилиш, савдо жараёнлари, ҳамкор дўконларга бонуслар ва ундириш билан боғлиқ бевосита харажатлар. Компания буларни фонд фаолияти билан боғлиқ деб атаган.
Иккинчиси — дастурий таъминот, рискларни бошқариш, молия ва маркетинг жамоалари ҳамда брендни ривожлантириш каби бошқарув харажатлари. Компания фикрича, бундай харажатлар бошқарув компаниясининг ўз ҳисобидан қопланиши керак.
Аввал инвестиция шартномалари билан боғлиқ айрим харажатлар савдо харажатлари сифатида таснифланиб, фонд ҳисобидан қопланган. Аудитдан кейин эса насияга савдо ва инвестиция шартномаларига тегишли харажатларни аниқ ажратиш зарурлиги маълум бўлган.
«IMAN Holding» компанияси бу йўналишдаги ишлар ноябрдан бошлаб уч ой ичида тўғриланишини билдирди.
Хўш, бу ўзгаришлар инвесторларнинг даромадига қандай таъсир қилиши мумкин? Харажатларни фонд ва бошқарув компанияси ўртасида тўғри тақсимлаш учун қандай мезонлар бўлиши керак? Бу саволларни молия ва ҳуқуқ экспертлари билан муҳокама қилдик.
Искандар Турсунов Vaqt.uz билан суҳбатда қуйидаги фикрларни билдирди:
«Биламизки, “IMAN Invest” аввалдан ўша Тақий Усмонийнинг фарзандларининг ўша Имрон Усмоний ташкилотлари билан ҳамкорлик бўлган. Бошқалар ҳам бундан хабардор. Эртага мабодо улар холисона бир баёнот берган тақдирда ҳам, ўтмишдаги уларнинг муносабатлари борлигидан келиб чиқиб, ишончсизлик, яна ўша ҳозир сиз айтгандек, ёнбосиш қиляптими, таниш-билишлик қиляптими, “conflict of interest” деймиз, шунга ёндашяптими деган ҳолат бўлади. Менинг тавсиям шунақа бўлардики, мутлақо айнан алоқаси бўлмаган, танишчилиги бўлмаган, лекин малакали экспертлар ва салоҳиятга эга бўлган шунақа бир консалтинг компаниялари ёки мутахассислари томонидан тўғри, холисона аудит қилинган ҳолда, уларнинг баёнотлари айнан халқимиз учун ёки уларнинг инвесторлари, тадбиркорлари қизиқтирган саволларга жавоблар берилиши керак».
Исломшунос олим Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид эса иш бор жойда хато камчиликлар бўлишини қайд этди.
«Битта иш бор жойда хато бор. Масалан, бир кишининг хатоси билан бутун компанияни қоралаш ҳам нотўғри. Ёки компанияни бир қанча ютуқлар бўла туриб, битта-иккита хатосини деб, уни бир тўла бекорга чиқариш ҳам, бу ҳам тўғри эмас. Менинг ўз кузатувим ва фикрим шуки, у ерда масалан, ҳозир уни банкрот қилиб, ўша ташкилотни банкрот қилиб, пулингларни олиб олинглар дейиш билан қанча сармаядорларнинг пули йўққа чиқади. Бу иқтисоднинг табиатига зид. Иқтисоднинг табиати уни аста-аста ислоҳ қилиш бўлади. Шунинг учун мана Қуръон, Ислом рибо масаласини охирида ҳал қилган. 20 йил даъватдан кейин, қанча аҳком, қанча одоблардан кейин иқтисодий масалаларни тартибга солган. Тартибга солиб бораётган эди, ундан олдин ҳам. Масалан, ўғриликни ҳаром қилган эди, порани ҳаром қилган эди ва ҳоказо.
Лекин мана бу бевосита иқтисодий муносабатларда энг фаол бўлган демак муносабатларни Ислом аста-аста ислоҳ қилган. Нима учун? Билдан ислоҳ қиламан деса, иқтисодга зарар бўлади. Худди шунинг сингари бунга ўхшаш компания, бу Iman Investда содир бўлган бўлса, бошқаларда ҳам бўлиши мумкин. Ҳозир Ислом молиясига мен ўзимнинг муносабатларимни ўтказаман деган ҳар қандай айтайлик, ташкилотга агар текширувчи келса, камчилик топади. Муҳими мен ўзим гувоҳ бўлганим, “IMAN Invest” раҳбарияти шу камчиликларни тан олган ва тузатиб ҳам бўлган, тузатишга тушган ва енди камчиликлар яна бўлса керак, албатта. Мана шу камчиликларни тузатиб, компанияни сақлаш бу жамият учун ва ўша сармаядорлар учун ҳам манфаатли бўлади ва мана шу тўғри йўл деб биламан», — дейди у суҳбатда.
Рустам Раҳматовнинг бошқарувдан кетиши ҳақидаги қарор инвесторларга ёки компанияга қанақа таъсир қилишини эксперт қуйидагича изоҳлади:
«Одатда бунақа ҳолатлар ўша инвесторларининг ишончини янада мустаҳкамлаш учун, фаолиятни холисона бошқарувга бериш учун бунақа амалиётлар бўлиб туради. Бу табиий, нормал ҳолат ҳисобланади. Лекин Рустамнинг айнан бошқарувдан четлаштирилиб, бошқа кенгашгами ёки қайсигадир ўтиши, айнан “IMAN Invest” хато қилаётган экан, нотўғри иш қилаётган экан, шунинг учун у ердан кетди деган нарса эмас, балки ўша мижозлари, инвесторларни хотиржам қилиш учун бошқа бир бошқарувга, яна бошқа бир ўша соҳанинг ичидаги бошқа бир кадрга берилганлиги, балким яна бу нарсани бир тўғри, холисона ишларни давом эттирилишини таъминлаш деган мақсадда бўлиши мумкин», — дейди Искандар Турсунов.
Агар тикилган пуллар шаъриатга номувофиқ сарфланган бўлса, инвесторларнинг пуллари ҳаром бўлиб қоладими?
«Авваламбор, ҳозирча “IMAN Invest” доирасидаги бу шов-шувлар тўлиғича исботлангани йўқ. Яъни холисона аудит томонидан, мутахассислар томонидан ўрганилиб чиқиб, баёнлар эълон қилмаганлиги учун, биз “IMAN”ни шариат, ислом молиясига мувофиқ эмас экан деб гапиришимиз нотўғри бўлади. Чунки биз бу бўйича бирданига хулоса берадиган вазиятда эмасмиз. Лекин, мабодо, “IMAN Invest” фаолияти давомида, мана ўрганишлар натижасида маълум бир даврда, маълум бир даврда агар шунақа ҳолат бўлиб, даромадлар ислом молиясига мувофиқ бўлмаган ҳолатда топилгани аниқланса, Ислом молиясига номувофиқ ҳолда топилган даромадлар бу хайр-эҳсонга йўналтирилади», — деб тушунтиради эксперт.
«Ва кимнинг қўлида асосий маблағ суммасидан топган фойдаси бўладиган бўлса, айнан ўша даврда, ислом молиясига мувофиқ бўлмаган даврда, бу даромадлари барчаси хайр-эҳсонга сарфланиши керак бўлади. Лекин асосий суммага тегинилмайди, чунки асосий сумма доим бу ўша аслида ҳалол ҳисобланади. Лекин ўша маълум бир давр ичида агар қанақадир ҳолатлар бўлиб қолса, аниқланса, бу тўлиғича хайр-эҳсонга юборилади. Бу ўша жисмоний шахслар ҳолатида. Агар юридик шахслар ҳолатида, юридик шахслар ҳам сармоя тиккан бўлса ва улар даромад олган бўлса ўша даврда, юридик шахслар ўша харажатлари дейилади, баъзи бир амалга ошириладиган ҳақиқий харажатларни ушлаб қолган ҳолда ўша даромаддан, қолган қисмини хайр-эҳсонга ўтказади», – деди ислом молияси бўйича эксперт Искандар Турсунов.
«IMAN Invest» атрофидаги можаро юзасидан янги маълумотлар, экспертлар таҳлили ва инвесторлар учун муҳим тавсилларни ўтказиб юбормаслик учун Vaqt.uz’ни кузатиб боринг.
Теглар






