Logo

Индонезияда 7,7 балли зилзила содир бўлди

Ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. Кучли зилзиладан сўнг мамлакат ҳудудларида ўнлаб такрорий силкинишлар кузатилган.

Индонезияда 7,7 балли зилзила содир бўлди

Индонезиянинг шарқий қисмида 15 август куни эрталаб 7,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Зилзила оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълумотларга кўра, зилзила Флорес ороли яқинида, тахминан 10–15 километр чуқурликда қайд этилган. Зилзиладан кейин ўнлаб такрорий силкинишлар кузатилган.

Силкинтиришлар Шарқий ва Ғарбий Нуса-Тенггара, шунингдек, Жанубий Сулавеси ҳудудларида ҳам сезилган. Маумере шаҳрида бинолар қулаган, Эндеда шифохона беморларни хавфсизлик учун ташқарига чиқарган. Айрим ҳудудларда кўчкилар ҳам қайд этилган.

Нагеокео ҳудудида қарийб 2 минг киши эвакуация қилинди. У ерда уйлар, омборлар ва давлат муассасаларига зарар етган. Айрим ҳудудларда электр таъминоти узилиб, йўлларда тирбандликлар юзага келган.

Кучли зилзиладан кейин дастлаб Индонезия ҳудудларида цунами хавфи эълон қилинганди. Айрим жойларда баландлиги бир метрдан кам бўлган тўлқинлар ҳам қайд этилган. Бироқ огоҳлантириш тахминан уч соатдан кейин бекор қилинган.

Маълумот учун, Индонезия Тинч океанидаги «Олов ҳалқаси» деб аталувчи юқори сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Бу минтақада тектоник плиталар тўқнашуви сабабли зилзила ва вулқон фаоллиги тез-тез кузатилади.

Теглар

Мавзуга оид