Logo

Интернетда 20 миллион бола ғаразли мақсадлар учун нишонга олинди — UNICEF

Бугун 13:005 дақиқа

Тадқиқотга кўра, миллионлаб болалар интернетда турли жинсий таҳдидларга дуч келмоқда, аммо уларнинг мутлақ кўпчилиги бўйича ҳеч қандай хабар берилмайди.

Интернетда 20 миллион бола ғаразли мақсадлар учун нишонга олинди — UNICEF

БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) томонидан 3 сентябр куни эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, дунёнинг 21 та мамлакатида ҳар йили салкам 20 миллион бола интернетда жинсий эксплуатация ва зўравонликка дуч келмоқда. Африка, Осиё, Лотин Америкаси, Кариб ҳавзаси ҳамда Шарқий Европа давлатларида 12-17 ёшли ўсмирларнинг ҳар бештадан бири рақамли платформаларда ғаразли мақсадлар учун нишонга олинган.

Тадқиқот доирасида мутахассислар 2020–2021 ва 2024–2025 йиллар мобайнида 21 давлатда интернетдан фаол фойдаланувчи 21 минг нафар ўсмир ўртасида сўровнома ўтказди. Бундан ташқари, болалигида шундай зўравонликни бошидан кечирган 100 нафар ёш билан юзма-юз, чуқурлаштирилган суҳбатлар ташкил қилинди.

Ташкилот маълумотларига кўра, жинсий тажовузларнинг ярмидан кўпи бевосита ижтимоий тармоқлар орқали содир этилмоқда. Бироқ бу рақамлар асл фожиа кўламини тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин. Сабаби, болалар кўпинча ўзларига нисбатан қилинган тазйиқларни сир сақлайди ёки қўрқади. Натижада, тадқиқотда аниқланишича, бундай жиноятларнинг 1 фоиздан камроғигина ҳуқуқ-тартибот идораларига етиб борган холос.

Айнан шу муаммолар фонида, ўтган ҳафта АҚШнинг технологик гиганти бўлмиш «Meta» компанияси болалар ҳаётини хавф остига қўйишда айбланган йирик федерал суд ишида 18 миллиард доллар товон пули тўлашга рози бўлди. Жорий йилнинг ўзида «Meta» устидан кўплаб суд даъволари қўзғатилди. Даъвогарларнинг таъкидлашича, компания ўз платформаларини атайлаб ўсмирларда қарамлик уйғотадиган тарзда ишлаб чиққан ва бу ёшлар руҳиятига жиддий зарар етказган. Охир-оқибат, компания ўз ижтимоий тармоқларининг ишлаш тизимига кескин ўзгартиришлар киритишга рози бўлди.

UNICEF ҳисоботининг асосий хулосалари қандай?

Ҳисоботга кўра, тадқиқот ўтказилган давр мобайнида 15 миллиондан ортиқ бола ўзи истамаган ҳолда жинсий мазмундаги материалларга дуч келган. Тўққиз миллион болага эса уларнинг хоҳишига зид равишда интим мавзуларда суҳбатлашиш ёки сурат алмашиш таклиф қилинган. Бундан ташқари, тўрт миллион боланинг шахсий интим суратлари уларнинг рухсатисиз тармоққа тарқатиб юборилган.

Ташкилотнинг қайд этишича, аксарият ҳолларда болалар зўравонлик қурбони бўлаётганини тушуниб етмайди, кимдан ёрдам сўрашни билмайди ёки бу ҳақда хабар берса, оқибати ёмон бўлишидан қўрқади. Бу эса муаммони янада оғирлаштирмоқда. Қолаверса, болалар учун расмий шикоят қилиш тизимлари ўта мураккаб, тушунарсиз ва ҳатто қўрқинчли туюлиши мумкин.

«Ушбу ҳисобот жуда аччиқ ҳақиқатни юзага чиқарди. Тадқиқот ўтказилган мамлакатларда 20 миллиондан ортиқ бола интернетда очиқ жинсий таҳдид ва эксплуатацияга дуч келмоқда. Энг ёмони шундаки, бундай жиноятлар болалар таълим оладиган, ўйнайдиган ва дўстлари билан мулоқот қиладиган рақамли маконларда юз бермоқда», — дейди UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел.

«Бундай ҳолатлар чуқур ҳиссий ва руҳий изтиробга сабаб бўлади. Кўплаб болалар ёрдам сўраб кимга мурожаат қилишни билмай, жимгина азоб чекмоқда. Бунга кўз юмиб тура олмаймиз», — дея қўшимча қилади у.

Маълумотлар қаердан олинган?

Ҳисобот хулосалари 2020–2025 йиллар мобайнида қуйидаги мамлакатларда интернетдан фаол фойдаланувчи 12-17 ёшли 21 мингга яқин ўсмир ўртасида ўтказилган сўровномаларга асосланади:

  • Шарқий ва Жанубий Африка: Эфиопия, Кения, Мозамбик, Намибия, Танзания ва Уганда.

  • Жануби-Шарқий Осиё: Камбожа, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Таиланд ва Виетнам.

  • Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси: Бразилия, Колумбия, Доминикан Республикаси ва Мексика.

  • Шарқий Европа: Арманистон, Черногория, Шимолий Македония ва Сербия.

  • Жанубий Осиё: Покистон.

Болалар асосан қаерда зўравонликка учрамоқда?

Зўравонлик кўпинча мактаб ёки маҳалла каби реал ҳаётда бошланса-да, кейинчалик рақамли маконларга кўчади. Бу эса вазиятни янада оғирлаштиради.

Ҳисоботга кўра, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар жиноятчиларга зўравонликнинг турли босқичларини амалга ошириш учун қулай шароит яратади. Жумладан, улар орқали бола билан дастлабки алоқа ўрнатилади, муносабатлар шакллантирилади, сўнгра жинсий алоқага ундаш, интим суратлар алмашишга мажбурлаш, шантаж қилиш ва бундай материалларни мунтазам тарқатиб бориш жараёнлари юз беради.

Айрим ҳолларда эса тажовуз ва зўравонлик фақатгина виртуал оламнинг ўзида содир бўлади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, жинсий тажовузларнинг 60 фоиздан ортиғи айнан ижтимоий тармоқларда юз бермоқда. Бу борада энг юқори кўрсаткичлар қуйидаги платформаларга тўғри келади: Facebook (50 фоиз), WhatsApp (29 фоиз), Instagram (24 фоиз), Snapchat (13 фоиз) ва TikTok (12 фоиз).

Болалар зўравонлик ҳақида кимгадир айтадими?

Аксарият болалар жинсий таҳдидга дуч келганда ёрдам сўраб ҳеч кимга мурожаат қилмайди. Статистикага кўра, бундай ҳолатларнинг бир фоиздан камроғигина полиция, ижтимоий ходимлар ёки ишонч телефонларига етиб боради. Ўнтадан тўртта ҳолатда эса ўсмирлар бу ҳақда умуман ҳеч кимга чурқ этмайди.

Шу билан бирга, кўпчилик болалар ўз бошидан кечирган воқеаларни арзимас санаб, эътиборсиз қолдиради ёки айнан қачон зўравонлик қурбонига айланганини ўзи ҳам англаб етмайди. Мабодо бола бу ҳақда яқин дўсти, ака-укаси ёки ота-онасига айтган тақдирда ҳам, бу ҳар доим тажовузни тўхтатишга ёки айбдорларни жавобгарликка тортишга ёрдам беравермайди.

UNICEF тадқиқоти давомида сўровномада қатнашган кўплаб ўсмирлар ўзлари дуч келган жинсий таҳдидлар ҳақида ҳаётида биринчи марта кимгадир очиқ гапириб бераётганини алоҳида таъкидлаган.

Рақамли макондаги жинсий тажовуз болалар руҳиятига қандай таъсир қилади?

UNICEF хулосаларига кўра, бунинг оқибатлари ўта оғир: рақамли технологиялар орқали жинсий тажовуз ва эксплуатация қурбонига айланган болаларда ўз жонига қасд қилиш ёки ўзига жисмоний зарар етказиш мойиллиги бошқаларга нисбатан тўрт баробар юқори бўлади. Бундан ташқари, уларнинг руҳиятида кучли хавотир ва ваҳима ҳисси ҳукмронлик қилади.

Ҳисоботда келтирилган мисолларга кўра, Мексика ва Шимолий Македонияда бундай мудҳиш ҳолатни бошдан кечирган ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли саккиз баробарга ортган. Покистонда эса ўзига зарар етказиш хавфи ўртача кўрсаткичдан етти баробар юқори экани қайд этилган.

Энг ёмони, зўравонлик фақат виртуал олам билан чекланиб қолмайди — у боланинг кундалик ҳаётига, ўқишига ва атрофдагилар билан муносабатларига ҳам соя солади.

Хўш, бу борада қандай чоралар кўриш зарур?

UNICEF таъкидлашича, болаларни интернетдаги хатарлардан ҳимоя қилиш масъулияти, энг аввало, ҳукуматлар ва йирик технологик компаниялар зиммасига тушиши лозим. Улар виртуал маконни яратиш ва тартибга солиш қоидаларини тубдан ўзгартириши шарт.

Шунингдек, ташкилот вакилларининг қайд этишича, гарчи болалар кўпинча бир-бирини ҳимоя қилишга уринса ҳам, бу оғир юкни уларнинг елкасидан олиш учун бутун жамият, мактаб ва оила бирдек ҳаракат қилиши керак.

 

Теглар

Мавзуга оид