Ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 трлн сўм ажратилди
Президент Шавкат Мирзиёев кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаётгани, туман ва маҳаллада камбағаллик ҳамда ишсизликка масъул ходимларда ҳадик борлиги, ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаётганини танқид қилди.
© president.uzЎзбекистон раҳбари барча ҳудудларга бир хил ваколат, ресурс ва имконият берилганини таъкидлаб, улардан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишида айтди.
«Маҳалла еттилиги» учун масъул раҳбарлар вилоят, туман, шаҳар ва маҳалладаги ходимларга қабул қилинган қарорларни қандай ижро этиш бўйича аниқ кўрсатмалар бермаётгани қайд этилди. Айрим раҳбарлар яратилган шароитлардан тўғри фойдаланиш ва «Маҳалла еттилиги» фаолиятига холис баҳо беришни билмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Туман ва маҳаллада камбағаллик ҳамда ишсизликка масъул ходимларда ҳадик борлиги, ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаётгани танқид қилинди. Камбағалликни қисқартириш бўйича 50 йиллик тажрибага эга Хитой ҳам замон талабидан келиб чиқиб, қуйи тизимга доимий равишда аниқ кўрсатмалар бериб бориши таъкидланди.
«Ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 триллион сўм ресурс ажратилди. Лекин кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаяпти», — деди давлат раҳбари.
Ишни тўғри ташкил қилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланаётгани кўрсатиб ўтилди. Айни пайтда қолган 159 та туман ва шаҳар ҳамда 5 минг 536 та маҳалладаги масъуллар фаолиятида натижа етарли эмаслиги танқид қилинди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, йил бошида республикада камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушиб, эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 минг нафар эди. Ҳозир бу кўрсаткич 1,5 миллион нафарни ташкил этмоқда.





