Зафаробод тумани ҳокими аварияга учради
Машинани мактабда ўқийдиган ўғли бошқаргани айтилмоқда. Автомобил катта юк машинасининг орқа томонига урилган. Ота-бола шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

30-август куни Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов ва унинг вояга етмаган ўғли KIA Seltos хизмат автомобилида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Айтилишича, автомобил катта юк машинасининг орқа томонига урилган, рулда ҳокимнинг мактабда ўқийдиган ўғли бўлган.
Тан жароҳатлари олган ота-бола дастлаб Зафаробод туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Аммо уларнинг аҳволи оғир бўлгани боис тез ёрдам машинасида Республика шошилинч ёрдам илмий марказининг Жиззах шаҳридаги филиалига олиб кетилган.

Vaqt.uz ҳолатга аниқлик киритиш учун Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Акмал Биноқулов билан боғланди. У ҳокимнинг йўл-транспорт ҳодисасига учраганини тасдиқламади, аммо инкор ҳам этмади.
Маълумот учун, Ғайратжон Эшпўлатов 2024-йил 5-мартдан буён Зафаробод тумани ҳокими сифатида иш юритмоқда.





