Logo

Ойлаб навбатдан чегирмагача: Cobalt билан нима бўляпти?

Bugun 20:195 daqiqa

Етти ойда Cobalt ишлаб чиқариш 9,6 фоизга ошиб, 91,1 минг донага етди. Бироқ бир хил давр — январ—июн кесимида қаралганда, ишлаб чиқариш 13,5 фоизга кўпайган, ички сотув эса 39,4 фоизга камайган. Бир йил олдин бу икки кўрсаткич орасидаги фарқ 5,5 мингта эди, ҳозир 42 мингтадан ошди. Авваллари шартномаси бир неча соатда тугаб қоладиган Cobalt учун энди фоизсиз кредит таклиф қилинмоқда ва тўлиқ тўлов учун 15 млн сўмгача чегирма бериляпти.

Ойлаб навбатдан чегирмагача: Cobalt билан нима бўляпти?

Миллий статистика қўмитасининг янги ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг январ—июл ойларида Ўзбекистонда 91 140 та Cobalt ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 83 167 тадан 9,6 фоизга кўп.

Шу тариқа, Cobalt мамлакатда энг кўп ишлаб чиқарилаётган автомобиль бўлиб қолмоқда. Бироқ ишлаб чиқариш кўпайгани билан ички бозорда сотув ҳам камайиб бормоқда.

Ишлаб чиқариш ва сотув қарама-қарши йўналишда кетди

«Ўзавтосаноат»нинг сотув статистикасида ҳозирча январ—июн натижалари берилган. Компания негадир август ойида январ—июл ойи учун сотув маълумотларни очиқламаган.

Шу сабаб ишлаб чиқариш ва ички сотувни айнан бир хил олти ойлик даврда таққослаш тўғрироқ бўлади.

2025 йилнинг биринчи ярмида 73 102 та Cobalt ишлаб чиқарилиб, Ўзбекистон ичида 67 580 таси сотилган эди. Ишлаб чиқариш ва ички сотув орасидаги фарқ 5 522 тани ташкил қилган.

2026 йилнинг шу даврида эса ишлаб чиқариш 82 951 тага етган, ички сотув 40 936 тагача тушган. Яъни ишлаб чиқариш 9 849 тага ёки 13,5 фоизга ошган бир пайтда, ички сотув 26 644 тага ёки 39,4 фоизга камайган.

1

Натижада Ўзбекистонда сотилган Cobalt’лар сони ярим йиллик ишлаб чиқаришнинг 49,3 фоизига тенг бўлди. Бир йил олдин бу нисбат 92,4 фоиз эди.

Икки кўрсаткич орасидаги фарқ эса 5 522 тадан 42 015 тага — 7,6 бараварга кенгайди.

Бироқ бундан 42 мингта Cobalt’нинг барчаси омборда қолган, деган хулоса чиқмайди. Ишлаб чиқарилган автомобилларнинг бир қисми экспортга юборилиши, ички сотувда эса аввалги даврда ишлаб чиқарилган захиралар ҳам қатнашиши мумкин.

Ўзбекистон январ—июл ойларида 157,2 млн долларлик автомобиль экспорт қилган. Бу ўтган йилгидан 3,2 фоизга кам. Аммо Статистика қўмитаси ҳам, «Ўзавтосаноат» ҳам экспортни дона ва моделлар кесимида очиқламайди. Шу сабаб 42 мингта фарқнинг қанча қисми экспорт, қанча қисми омбордаги захира экани номаълум.

Масалан, Қозоғистон автомобиль уюшмаси маълумотига кўра, бу мамлакатда биринчи ярим йилликда 16 370 та Cobalt сотилган. Лекин Cobalt Қозоғистоннинг ўзида ҳам йиғилади. Шу сабаб бу рақамни Ўзбекистондан тайёр автомобиль экспортига тенглаштириб бўлмайди.

Cobalt ишлаб чиқариш ҳам пасаймоқда

Статистика қўмитасининг янги ҳисоботи Cobalt ишлаб чиқариш етти ойда 9,6 фоизга ошганини кўрсатади. Аммо жамланма рақам ичидаги ойлик ўзгариш бошқача манзарани беради.

Январ—июнда 82 951 та, январ—июлда эса 91 140 та Cobalt ишлаб чиқарилган. Демак, июл ойининг ўзида конвейердан 8 189 та автомобиль чиққан.

2025 йил июлида бу кўрсаткич 10 065 тани ташкил қилган эди. Шундай қилиб, июлдаги ишлаб чиқариш йиллик ҳисобда 18,6 фоизга, жорий йил июнига нисбатан эса 40 фоизга камайган.

2

Бир ойлик пасайишнинг ўзи ишлаб чиқариш доимий қисқартирилади, деган хулосага етарли эмас. Бироқ у йил бошидаги юқори суръат сақланиб қолмаганини ва завод ишлаб чиқаришни ички ҳамда ташқи бозордаги талабга мослаштира бошлаганини кўрсатади.

Бозор қисқармади, харидорнинг танлови ўзгарди

Cobalt сотувининг камайишини бутун автомобиль бозоридаги талаб пасайиши билан изоҳлаб бўлмайди. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 175 374 та янги автомобиль сотилган. Бир йил олдин бу кўрсаткич 172 258 та эди. Яъни умумий бозор 1,8 фоизга ўсган.

Cobalt’нинг бозордаги улуши эса 39,2 фоиздан 23,3 фоизга тушган. Модел ҳануз биринчи ўринда, аммо бир йил олдин Ўзбекистонда сотилган ҳар ўнта автомобилнинг қарийб тўрттаси Cobalt бўлган бўлса, ҳозир унинг улуши ҳар тўртта автомобилнинг биттасидан ҳам кам.

3

Шу даврда Onix сотуви 8 704 тадан 19 595 тага, Tracker сотуви эса 16 641 тадан 20 274 тага ошган. Бу икки моделнинг қўшимча сотуви жами 14 524 тани ташкил этиб, Cobalt йўқотган ҳажмнинг ярмидан кўпроғини сон жиҳатдан қоплаган.

Бу харидорлар айнан Cobalt’дан Onix ёки Tracker’га ўтганини англатмайди. Аммо умумий бозор ўсиб, Cobalt кескин камайган бир пайтда бошқа моделлар сотуви кўпайгани харидор танлови кенгайганини кўрсатади.

Chevrolet’нинг умумий сотуви бир йилда 4,2 фоизга камайган, қолган ишлаб чиқарувчиларники эса қарийб 30 фоизга ўсган. Натижада Chevrolet’нинг бозордаги улуши 82,4 фоиздан 77,6 фоизга тушган.

Таклиф томони ҳам аввалгидан анча кенг. 2017 йилда Ўзбекистонда 135 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 458 мингтага етган. Саккиз йилда ишлаб чиқариш 3,4 бараварга ошган. Ҳар 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган автомобиллар сони эса 2010 йилдаги 21 тадан 2025 йилда 61 тагача кўпайган.

Бу рақамлар бозор тўлиқ тўйинганини англатмайди. Аммо тақчиллик камайиб, танлов кенгайгани сабаб ишлаб чиқарувчи энди фақат автомобиль чиқариш билан чекланмай, харидор учун рақобатлашиши ҳам керак.

Бир соатлик ажиотаждан фоизсиз сотувгача

Яқиндагина Cobalt сотиб олиш учун шартнома очиладиган вақтни кутиш, онлайн навбатга туриш ва автомобилни бир неча ой кутиш керак эди.

2025 йил 3 ноябр куни Cobalt учун 100 мингта шартнома атиги 2,5 соатда расмийлаштирилган. Шундан 53 911 таси биринчи соатнинг ўзида тузилган.

4

Бироқ шартнома сони ҳақиқий сотувга тенг бўлмаган. Кейинчалик UzAuto Motors 100 мингта шартномадан фақат 20 833 таси бўйича тўлов амалга оширилганини маълум қилди. Компаниянинг ўзи кўплаб шартномалар автомобилга ҳақиқий эҳтиёж бўлмаган ҳолда расмийлаштирилганини тан олган.

Шунга қарамай, ўша пайтдаги контрактация ажиотажи билан бугунги савдо сиёсати орасидаги фарқ катта.

15 июлда Cobalt учун Ipoteka-bank, 14 августда Kapitalbank, 24 августда InfinBANK, 26 августда эса Asakabank орқали 0 фоизли тўлов вариантлари эълон қилинди.

Уларнинг шарти бир хил эмас. Банкка қараб 0 фоизли таклиф учун автомобиль қийматининг 50—70 фоизини олдиндан тўлаш ва қолган қисмини 11—18 ойда ёпиш талаб этилади. Узоқроқ муддат ёки камроқ бошланғич тўлов танланса, фоиз ставкаси пайдо бўлади.

Бундан ташқари, Cobalt MCM учун 10 сентябргача 15 млн сўмгача чегирма берилмоқда. Бундай чоралар автомобиль ишлаб чиқарувчи энди харидорнинг ўзи келишини кутмай, талабни молиявий таклифлар билан фаол рағбатлантираётганини кўрсатади.

«0 фоиз» ҳар доим энг арзон вариант эмас

Фоизсиз тўлов ва 100 фоиз тўлов учун чегирма бир вақтда қўлланмайди. UzAuto Motors шартларида банк орқали автомобиль олинганда чегирма берилмаслиги алоҳида қайд этилган.

Масалан, Asakabank’нинг Cobalt Style MCM учун 12 ойлик режасида харидор аввал 101,465 млн сўм тўлайди, кейин 12 ой давомида 4,553 млн сўмдан тўлов қилади. Жами харажат 156,1 млн сўмга тенг.

100 фоиз тўловдаги акция нархи эса Cobalt MCM учун 146,1 млн сўмдан бошланади. Демак, айни мисолда 0 фоизли вариант тўлиқ тўловдаги акция нархидан 10 млн сўм қимматроқ тушади.

Бу таклифни «сохта фоизсиз кредит»га айлантирмайди. Харидор 10 млн сўм эвазига тўловнинг бир қисмини бир йилга кечиктириш имконини олади.

Аммо 0 фоиз дегани автомобиль энг паст нархда берилади дегани эмас. Тўғри таққослаш учун фоиз ставкасидан ташқари, жами тўлов ва бой берилаётган чегирмани ҳам ҳисобга олиш керак.

Cobalt’нинг бозордаги роли ўзгаряпти

Cobalt’га талаб бутунлай йўқолган эмас. У ҳамон Ўзбекистонда энг кўп сотилаётган модел, Қозоғистонда ҳам етакчи ва экспорт бозорлари мавжуд.

Аммо рақамлар унинг бозордаги мақоми ўзгарганини кўрсатмоқда. Авваллари Cobalt тақчил, шартномаси тез тугайдиган ва иккиламчи бозорда деярли янги автомобиль нархида сотиладиган маҳсулот эди.

Энди у харидор учун бошқа седанлар, кроссоверлар, гибрид ва электромобиллар билан рақобатлашиши керак бўлган одатий оммавий автомобилга айланмоқда.

Ишлаб чиқаришнинг ўсиши ички талабдаги пасайишни ҳозирча ёпиб турибди. Июлдаги ишлаб чиқариш камайиши, кетма-кет фоизсиз дастурлар ва чегирмалар эса UzAuto Motors ҳам бу ўзгаришга мослаша бошлаганини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid