
Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан берилади
Президент қарорига кўра, бу йилги иситиш мавсумида 1,1 миллиондан ортиқ оилага моддий ёрдам берилади.

Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги моддий ёрдам дастури амалга оширилмоқда. Президент қарорига биноан, иситиш мавсуми давомида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида ёрдам пули ажратилади.
Маълум қилинишича, рўйхатга олинган оилалар сони 1,1 миллиондан ошган бўлиб, уларнинг 822 мингтаси ижтимоий реестрда мавжуд. Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” томонидан яна 290 мингдан ортиқ оила қўшимча равишда аниқланган.
Қўшимча рўйхатга турли ижтимоий ҳолатдаги оилалар киритилган. Улар орасида боқувчисини йўқотганлар — 33,8 минг, ногиронлиги бўлган аъзоси бор оилалар — 76,3 минг, оғир касалликка чалинган шахс яшаётган оилалар — 23,7 минг, ҳамда ёлғиз кексалар — 7 минг нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, газ тармоғига уланмаган оилалар, бир уйда уштадан ортиқ оила яшайдиганлар, меҳнат миграциясидаги боқувчиси бор ёки вақтинча ишсиз аҳоли ва фақат пенсия ҳисобига яшовчи оилалар ҳам дастур доирасига киритилган.
Ушбу дастурни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 1,2 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, ўтган йил 120 минг оиланинг ҳар бирига 270 минг сўмдан ёрдам пули берилган эди.





