Logo

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам берилади

Бугун 10:132 дақиқа

Шунингдек, аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ истеъмолидаги тарифлар фарқини компенсация қилиш муддати 2028-йилнинг 1-апрелигача, кўмир харидини қоплаш учун бериладиган моддий ёрдам эса 2029-йилнинг 1-январигача узайтирилди.

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам берилади © smartpress.by

2026/2027-йилги иситиш мавсумида айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилади, шунингдек, оилаларнинг эҳтиёжмандлигини аниқлашда жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад мезони оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 28-октябрда қабул қилинган «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-236-сонли Фармонида маълум қилинди.

Кимларга 1 миллион сўмлик ёрдам пули берилади?

Мазкур Фармонга асосан, 2026-йилнинг ноябр ойида бир қатор аҳоли тоифаларига моддий ёрдам пуллари тўлаб берилиши белгиланди.

Хусусан, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар ушбу ёрдамни олади.

Шу билан бирга, «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида Реестрга киритилмаган, бироқ ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича мезонларга мос келадиган оилаларга ҳам маблағ ажратилади. Бунда, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган оилалар назарда тутилган.

Шунингдек, марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар ҳам бу рўйхатдан жой олган. Бу тоифадаги оилаларнинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан, Тошкент шаҳрида эса 3 баробаридан ошмаслиги лозимлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман ёки шаҳар штаблари қарорига мувофиқ, ўртача ойлик даромади юқоридаги мезонлардан ошган айрим эҳтиёжманд оилаларга, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчилар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга ҳам 1 миллион сўмдан ёрдам берилиши таъкидланди.

Эҳтиёжмандликни аниқлаш мезонлари ва компенсация муддатлари узайтирилди

Ҳужжатга кўра, ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига босқичма-босқич ўтиш жараёнида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида оиладаги жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад мезони ҳам оширилмоқда.

Электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича компенсация тайинлашда ушбу мезон минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан 2 баробаригача кўтарилди.

Кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам ажратишда, шунингдек, «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан коммунал харажатларни ёки мавжуд қарздорликни қоплашда мезон минимал истеъмол харажатларининг 1 баробаридан 2 баробаригача оширилгани маълум қилинди.

Шу билан бир қаторда, аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёр доирасидаги ҳамда ундан ортиқ истеъмол учун белгиланган тарифлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш муддати 2028-йилнинг 1-апрелига қадар узайтирилди.

Кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам тўлаш муддати эса 2029-йилнинг 1-январига қадар амалда бўлиши белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид