add

Италияда XXV қишки Олимпия ўйинлари очилди

Қишки Олимпиада–2026 расман 6–22 феврал кунлари Италиянинг шимолидаги бир неча локацияда ўтказилмоқда. Маросимда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Айни пайтда мусобақалар очилиш маросимидан олдин бошланган.

Италияда XXV қишки Олимпия ўйинлари очилди

25-қишки Олимпия ўйинлари Италияда расман старт олди. Асосий очилиш маросими кеча, 6 феврал куни Миландаги 80 минг томошабинни сиғдира оладиган “Сан-Сиро” футбол стадионида бўлиб ўтди.

Шу билан бир вақтда Олимпиада иштирокчи давлатлар паради каби тантанали тадбирлар қишки Олимпия ўйинларини қабул қилаётган Италиянинг яна уч шаҳри – Кортина-д’Ампеццо, Предаццо ва Ливинода ташкил этилди. Бу шаҳарлар бир-биридан юзлаб километр узоқда жойлашган, айрим мусобақалар очилиш маросимидан олдин бошлангани сабабли спортчилар Миланга етиб кела олмади. Шунга қарамай, барча жойлардаги парадлар ягона телетрансляция орқали уланди.

1

Маросимнинг мусиқий қисми турли жанрларни қамраб олди: Вивалди ва Россинининг классик асарларидан тортиб замонавий мусиқагача. Шоуда қўшиқчи Мэрайя Кэри ва италиялик рэпер Гали иштирок этди. Италия операсига алоҳида эътибор қаратилди, кулминация эса тенор Андреа Бочеллининг чиқиши бўлди – у Пуччинининг “Турандот” операсидан «Nessun dorma» ариясини ижро этди.

2

Маросим доирасида Италия байроғи рангларидан илҳомланган мода дефилеси ҳам ўтказилди, унда «Armani» коллекцияси намойиш этилди. Бу 91 ёшида сентябр ойида вафот этган машҳур италиялик дизайнер Жоржо Арманийга эҳтиром рамзи сифатида ўтказилди. «Armani» мода уйи қишки Олимпия ўйинларида Италия терма жамоасининг расмий экипировка таъминловчиси ҳисобланади.

3

Маросим якунида Олимпия олови илк бор тарихда бир вақтнинг ўзида икки жойда – Миландаги Тинчлик аркасида ва Кортина-д’Ампеццодаги Дибона майдонида ёқилди.

4

Ўйинларни ёпиш маросими Веронадаги 2000 йилдан ортиқ тарихга эга амфитеатрда бўлиб ўтади. Уни 12 минг нафар томошабин кузатади. Бу Олимпиада ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган объект ҳудудида якунланадиган илк ҳолат бўлади.

Ўзбекистон иштироки

2026 йилги Милан–Кортина қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида шорт-трек бўйича терма жамоа аъзоси Даниил Ейбог Ўзбекистон делегацияси байроқдори.

5

Ўзбекистон спортчилари қишки Олимпиадада икки йўналишда иштирок этади. Медет Назаров тоғ чанғиси бўйича слалом ва гигант-слалом дастурларида стартга чиқади. Даниил Ейбог эса шорт-трек йўналишида 500 метр масофада баҳс олиб боради.

Шунингдек, саралаш босқичи якунларига кўра, фигурли учишнинг жуфтлик дастурида Дмитрий Чигирёв ва Екатерина Гейниш Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган эди. Бироқ тайёргарлик жараёнида Дмитрий Чигирёв жароҳат олгани сабаб мусобақагача тиклана олмади. Натижада Ўзбекистон делегацияси қишки Олимпиадада фақат тоғ чанғиси ва шорт-трек дастурларида иштирок этади.
Қишки Олимпиадада Беларус ва Россия спортчилари нейтрал мақомда иштирок этмоқда

Қишки Олимпиадада Беларус ва Россия спортчилари нейтрал мақомда иштирок этмоқда

Италиядаги Олимпия ўйинлари Россия спортчилари байроқ ва мадҳиясиз иштирок этаётган кетма-кет бешинчи Олимпиада бўлди. 2018–2022 йилларда бу чекловлар 2014 йилги Сочи Олимпиадасидаги допинг можароси билан боғлиқ эди, кейинчалик эса Украинага бостириб кириш сабаб бўлди.

Милан ва Кортина-д’Ампеццодаги қишки Олимпиадага нейтрал мақомда 13 нафар россиялик спортчи қўйиб юборилган. Улар: фигурали учиш бўйича Аделия Петросян ва Пётр Гуменник, шорт-трекчилар Алена Крилова ва Иван Посашков, чанғичилар Даря Непряева ва Савелий Коростелёв, конкида учиш бўйича Ксения Коржова ва Анастасия Семёнова, ски-алпинист Никита Филиппов, чанғичи-чаноқ спортчилари Даря Олесик ва Павел Репилов, шунингдек, тоғ чанғичилари Семён Ефимов ва Юлия Плешкова.

Беларусдан Олимпиадада фақат етти нафар аёл спортчи қатнашади, улар ҳам нейтрал мақомда чиқиш қилади. Бу чекловлар ҳам Россиянинг Украинага қарши уруши ва Александр Лукашенко режими томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ.

Италиядаги қишки ўйинларда Беларусдан фристайл бўйича Анна Гускова, Анна Деруго ва Анастасия Андрианова, тоғ чанғичиси Мария Шканова, конкида учиш бўйича Марина Зуева, чанғи пойгаларида Анна Королёва ва фигурали учишда Виктория Сафонова иштирок этади. Бу Беларус тарихида қишки Олимпиадада қатнашган спортчиларнинг энг кам сони ҳисобланади.

Россия Рим папасининг олимпия сулҳи чақириқларига қулоқ солмади

Қишки Олимпиада ўйинлари очилиш маросими арафасида Рим папаси Лео XIV ҳарбий можароларда иштирок этаётган давлатларни олимпия сулҳига чақирди. Бу анъана қадимги даврлардан бери мавжуд бўлган ёзилмаган қоида ҳисобланади.

«Тинчликка чанқоқ дунёга ҳокимиятдан суиистеъмол қилиш, куч намойиши ва қонун устуворлигига бефарқликка чек қўя оладиган воситалар керак», – деди понтифик «Мўл ҳаёт» («Life in Abundance») мурожаатида.

Католик черкови раҳбарлари сўнгги йилларда ўтказилган Олимпиадалар олдидан ҳам олимпия сулҳини эслатиб келмоқда, айни пайтда Россия Украинага қарши кенг кўламли урушни давом эттирмоқда. Россия 2022 йилда Пекиндаги қишки Олимпиада якунлангандан кўп ўтмай Украинага бостириб кирган, шу билан бирга 2024 йилги Париж Олимпиадаси даврида ҳам Украинага ҳужумларни тўхтатмаган. Италияда қишки Олимпиада–2026 ўтказилаётган пайтда ҳам Россиянинг Украинага берган зарбалари тўхтагани йўқ.

Теглар

Мавзуга оид