Қирғизистон иқтисодиёти Ўзбекистонникидан тезроқ ўсмоқда

Bugun 19:172 daqiqa

2026-йил январ–март ойларида Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 428,6 млрд сомни ташкил этиб, иқтисодиёт 8,8 фоизга ўсди.

Қирғизистон иқтисодиёти Ўзбекистонникидан тезроқ ўсмоқда © foto: 24.kg

2026-йил январ–март ойларида Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 428 млрд 576,9 млн сомни (тахминан 4,9 млрд доллар) ташкил қилди. Бу ҳақда мамлакат мамлакат иқтисодиёт вазирлиги маълум қилди.

Билдирилишича, иқтисодий ўсиш 8,8 фоиз даражасида шаклланган. ЯИМ ўсишига энг катта ҳиссани хизматлар соҳаси қўшган. Соҳанинг ҳажми 215 млрд 978,8 млн сомга (тахминан 2,4 млрд доллар) етган бўлиб, ЯИМ таркибидаги улуши 50,4 фоизни ташкил этди. Саноат ҳам иқтисодий ўсишга сезиларли ҳисса қўшди. Саноат ишлаб чиқариши ҳажми 99 млрд 10,6 млн сомга (тахминан 1,1 млрд доллар) етди, ўсиш суръати 13,4 фоиз, ЯИМдаги улуши эса 23,1 фоиз бўлди. Қурилиш соҳаси ҳажми ҳисобот даврида 26 млрд 952,5 млн сомни (тахминан 308,5 млн доллар) ташкил қилди. Ўсиш суръати 29,6 фоиз бўлиб, ЯИМдаги улуши 6,3 фоизгача ошди.

Энг кичик ҳисса қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келди. Тармоқ ҳажми 16 млрд 336,9 млн сомни (186 млн доллар) ташкил қилди, ўсиш суръати 2,8 фоиз, ЯИМдаги улуши эса 3,8 фоиз бўлди.

Маҳсулотларга соф солиқлар ҳажми 70 млрд 298,1 млн сомга (тахминан 804 млн доллар) етди, ЯИМдаги улуши 16,4 фоиз, ўсиш суръати эса 9,2 фоиз бўлди.

Таққослаш учун, 2025-йил январ-март ойларида ЯИМ ҳажми 348 млрд 775,3 млн сом (тахминан 4 млрд доллар) бўлган, иқтисодий ўсиш суръати эса 12,6 фоизни ташкил этган. Бир йил ичида иқтисодиёт таркибида саноат ва қурилиш улуши ошган, хизматлар соҳаси ҳамда қишлоқ хўжалигининг улуши эса камайган.

Ўзбекистон иқтисодий ўсиши қандай?

Ўзбекистон Республикасида 2026 йилнинг январ–март ойлари якунларига кўра ялпи ички маҳсулот ҳажми 447,9 трлн сўмни (тахминан 37 млрд 101 млн доллар) ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга кўра, иқтисодиётнинг реал ўсиш суръати 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 фоизни ташкил қилган. 2025-йилнинг биринчи чорагида эса ўсиш суръати 6,8 фоизни ташкил этган эди.

ЯИМ динамикасига назар ташланса, Ўзбекистонда сўнгги йилларда барқарор ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, 2022-йил январ–март ойларида 186,7 трлн сўм бўлган кўрсаткич 2023-йилда 228,9 трлн сўмга, 2024-йилда 276,9 трлн сўмга, 2025-йилда эса 372,8 трлн сўмга етган. 2026-йилда эса бу кўрсаткич 447,9 трлн сўмга чиқиб, иқтисодий ўсишнинг изчил давом этаётганини кўрсатмоқда.

Икки давлат иқтисодийти таққосланса, Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳажми анча катта эканини кўриш мумкин. Қирғизистон иқтисоди нисбатан кичикроқ бўлсада тезроқ ўсмоқда.

Teglar

Mavzuga oid