Ўзбекистон ярим йилдан бери олтин сотмаяпти
Ўзбекистон март ойида ҳам олтин экспортини амалга оширмади. Охирги марта олтин 2025-йилнинг сентябр ойида экспорт қилинган эди.
2025-йилнинг И чорагида аллақачон 3,6 млрд доллар олтин сотилганди. Бу 2026-йилда экспортнинг камроқ шаклланишига сабаб бўлди.
Март ойида олтин нархлари сотув учун жозибадор бўлмаганди. Ой давомида нархлар унсия учун 5 300 долларга яқин кўрсаткичдан, 4 400 долларгача тушиб кетди.
Бироқ, аввалги ойларда олтин нархи тарихий рекорд даражада бўлиб, сотиш учун қулай нархда эди.
Марказий банк олтин сотилмаётганини сотувлар олтин захираларига таъсир қилиши, ҳозирда захираларни юқори кўрсаткичларда ушлаб туриш муҳим экани билан изоҳлади.
Ўзбекистон олтин экспорт қилмагани билан биргаликда, И чорак давомида энг кўп олтин харид қилган давлатлардан бирига айланди.
3 ой ичида олтин хариди 25 тоннани ташкил қилди ва мамлакат бу борада дунёда иккинчи бўлди. Харидлар натижасида Ўзбекистоннинг олтин захиралари ҳажми 416 тоннага етди — бу тарихий рекорд ҳисобланади.
Полша Марказий банки энг кўп олтин сотиб олган давлат бўлди. У ўз захираларини 31 тоннага кўпайтириб, 582 тоннага етказди.
Учинчи ўринни 7 тонна олтин харид қилиб, Хитой Марказий банки эгаллади. Харидларни ўтган чоракка нисбатан икки баробардан кўпроққа оширган Хитой Марказий банкининг умумий олтин захиралари 2313 тоннага (умумий захираларнинг 9 фоиз) етди.
Бошқа харидорлар қаторига Қозоғистон (12т), Чехия (5т), Малайзия (5т), Гватемала (2т), Камбоджа (2т), Индонезия (2т), Сербия (1т) ва БАА (1т) кирди.
Геосиёсий вазият, жумладан Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар бозорларда ноаниқликни кучайтирди. Шунинг учун Ўзбекистон ва бошқа давлатлар олтинни ишончли актив деб билиб, захираларини шу орқали кўпайтирмоқда.
Олтин сотган давлатлар
Уч ойда Туркия тахминан 70 тонна олтин сотиб, бозордаги энг йирик сотувчилардан бирига айланди. Ундан кейинги ўринларни Озарбайжон ва Россия 22 тонна олтин сотиб, эгаллади.
Шунингдек, Қирғизистон 1 тонна олтин сотди, Болгария эса евро жорий этиш жараёни доирасида 2 тонна олтинни Европа Марказий банки ихтиёрига ўтказди.
Таҳлилчилар фикрларига кўра, Ўзбекистон Марказий банк жаҳонда содир бўлаётган геосиёсий муаммолар сабаб олтин нархи келажакда бундан ҳам ошиши мумкинлигига ишонмоқда.
Маълумот учун: 2025-йил давомида Ўзбекистон 7,8 тонна олтин харид қилди. 2020–2025 йиллар оралиғида эса жами 54,4 тонна қимматбаҳо металл сотиб олган.
Олтин захиралари
Ҳозирда мамлакат 60,850 млрд долларлик олтин захираларига эга. Март ойида Ўзбекистоннинг олтин захираси рекорд даражадаги 67,7 млрд доллардан шу кўрсаткичга тушиб кетганди. Ваҳоланки, ой давомида захиралардаги олтин ҳажми қарийб 10 тоннага кўпайди.
Физик ўсишга қарамасдан захиралар қиймати йўқолишига март ойида олтин нархи троя унсиясида 5 300 доллардан 4 300 долларгача пасайиб кетгани сабаб бўлди.
Апрел ойида ҳам олтин нархи нисбатан пастроқ шаклланди. Натижада бу ойда ҳам Ўзбекистоннинг олтин захиралари пасайиши кутилмоқда.
Айни пайтда олтиннинг глобал нархи унсияда 4 700 доллар атрофида бўлиб турибди. Бу йил бошидаги 5 500 долларлик рекордга нисбатан анча кам.
Агарда нархлар шу атрофда сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон олтинни юқори нархда сотиш учун қулай вақтни ўтказиб юборган бўлади.
Шунга қарамай, узоқ муддатда олтин доимгидек хавфсиз актив сифатида кўрилмоқда.
Teglar






