Жаҳон банки Ўзбекистонга 800 млн доллар ажратади
Маблағ хусусий бизнесни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва энергияни тежашга қаратилган дастурларни молиялаштириш учун йўналтирилади.
© Ijtimoiy tarmoqlarЖаҳон банки Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар миқдоридаги молиялаштириш пакетини маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банки 25-ноябр куни эълон қилган баёнотида маълум қилди.
Маблағ хусусий бизнес, ижтимоий ҳимоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва савдони ривожлантиришга ажратилади.
Банк ҳисоб-китобларига кўра, дастур доирасидаги чора-тадбирлар натижасида 2029–2031-йилларда мамлакатда қўшимча 275 мингта сифатли иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Дастур хотин-қизлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун янги иқтисодий имкониятлар яратади.Хусусан, ижтимоий суғурта қамрови кенгайиб, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини олиш имконияти кўпроқ фуқароларга берилади.
Бундан ташқари, иш жойларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш чоралари кучайтирилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлайдиган ходимларнинг касбий малакаси ҳам оширилади.
Хусусий бизнес ва интернет
Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусий компаниялар учун тенг рақобат шароитларини яратиш режалаштирилган. Бу тадбиркорларга инвестиция жалб қилиш, янги технологияларни жорий этиш ва қўшимча иш ўринлари очиш имконини беради.
Интернетдан фойдаланиш имконияти ҳам кенгаяди. 2028-йилгача яна 500 минг киши кенг полосали интернетга уланиши режалаштирилган. Уларнинг 250 минг нафари хотин-қизлар бўлади. Шунингдек, шахсий маълумотларни хорижга хавфсиз узатиш қоидалари қайта кўриб чиқилади.
Энергетика ва қишлоқ хўжалиги
Электр энергияси ва табиий газ бозорида хусусий компаниялар учун кўпроқ имконият яратилади. Хусусан, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлашда хусусий операторларнинг иштироки кенгаяди.
2028-йилгача электр энергияси истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарадиган тармоқлар орқали хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Фермер ва чорвадорлар учун қишлоқ хўжалиги суғуртаси ҳам кенгаяди. Бу уларни қурғоқчилик, сув тошқини ва бошқа табиий офатлар оқибатидаги зарарлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. 2028-йилгача фермер ва чорвадорларнинг 35 фоизини суғурта билан қамраб олиш мўлжалланган.
Савдо ва экологик тоза иқтисодиёт
Ташқи савдода ҳужжатларни расмийлаштириш ва чегарадан ўтиш жараёнлари соддалашади. Корхоналар божхона ишларини «ягона дарча» тизими орқали бажариши мумкин бўлади. Бу халқаро савдо харажатларини камайтириш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига ёрдам бериши кутилмоқда.
Биноларда энергияни тежаш талаблари ҳам янгиланади. Корхоналар атроф-муҳитни камроқ ифлослантирадиган ва энергияни тежайдиган технологияларга сармоя киритиши учун имтиёзлар берилади.
2028-йилгача энергия самарадорлиги лойиҳаларига 10 млн доллар хусусий инвестиция жалб қилиш ва тақсимланган қайта тикланувчи энергия қувватини 3 000 МВт гача етказиш режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш 2029-йил 29-июнгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун 100 млн доллар имтиёзли кредит ажратишни маъқуллаганди. Маблағ 400 дан ортиқ оилавий поликлиникани янгилаш, тиббиёт ходимларини ўқитиш ва сурункали касалликларни эрта аниқлашга сарфланади.





