add

Канада Сурияни терроризмни қўлловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди

Бугун 19:56922 дақиқа

Канада Сурияни кенг кўламли баҳолашдан сўнг терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди, шу билан бирга «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ҳам террорчи тузилмалар рўйхатидан ўчирилди.

Канада Сурияни терроризмни қўлловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди

Канада Сурияни терроризмни қўлловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди. «Middle East Monitor» хабарига кўра, Канада ҳукумати қарорни «Давлат дахлсизлиги тўғрисида»ги қонун доирасида қабул қилган.

Оттава бу чора Суриянинг барқарорликни таъминлаш, инклюзив келажак қуриш ва халқаро ҳамкорлар билан терроризмга қарши ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги қадамларини инобатга олган ҳолда қабул қилинганини қайд этган. Канада ҳали ҳам «Ал-Қоида» ва ИШИД каби глобал таҳдидларга қарши курашда ўз мажбуриятларига содиқ қолишини билдирди.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» Суриядаги уруш давомида Асад кучларига қарши курашган энг йирик гуруҳлардан бири бўлган. Асад режими барҳам топгач, унинг раҳбари Аҳмад аш-Шара мамлакатнинг ўтиш даври президенти сифатида иш бошлаган.

Канада ташқи ишлар вазири Анита Анад Сурия ҳукумати томонидан сўнгги бир йилда амалга оширилган «тинч сиёсий ўтиш» йўлидаги ижобий қадамларни олқишлади. Унинг таъкидлашича, Канада Сурия халқига барқарор ва фаровон келажак сари интилишда ёрдам беришда давом этади.

Сурия ҳам ушбу қарорни «ижобий ва конструктив ривожланиш» деб баҳолаб, у икки давлат муносабатларини янги босқичга олиб чиқиши ва кенг қамровли ҳамкорликка йўл очишини таъкидлади.

Дамашқ иқтисодий тикланиш ва қайта қуришни қўллаб-қувватловчи халқаро мулоқотга тайёрлигини маълум қилди.

Канада Суриянинг 56 ташкилоти ва 225 шахсига нисбатан санкцияларни сақлаб қолмоқда, бироқ айрим чекловларни юмшатувчи вақтинчалик рухсатнома 2026 йил 23 февралгача амал қилади.

Маълумотларга кўра, Сурияни қарийб 25 йил бошқарган Асад ўтган декабрда Россияга қочган ва 1963 йилдан бери ҳукмрон бўлган «Баас» режими тугаган. Январда Аҳмад аш-Шара бошчилигида ўтиш даври маъмурияти тузилган.

Теглар

Мавзуга оид