Картадан картага пул кўчиришда «ўтказма мақсади»: техник янгиланишми ёки назорат?

Картадан картага амалга ошириладиган тўловларда энди ўтказма мақсадини кўрсатиш мажбурий бўлди. Марказий банк буни техник ўзгариш сифатида изоҳласа-да, жамоатчилик фаоллари бу қарорни кескин танқид қилмоқда.

Картадан картага пул кўчиришда «ўтказма мақсади»: техник янгиланишми ёки назорат?

Марказий банк томонидан 17-феврал куни банклар ва тўлов ташкилотларига юборилган расмий хатда мобил иловаларда P2P ўтказмалар мақсадини мажбурий кўрсатиш талаби баён қилинган. Ҳужжат Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев томонидан имзоланган.

2

Марказий банк картадан картага амалга ошириладиган P2P ўтказмалар бўйича янги талабни жорий қилмоқда. Гарчи регулятор тўлов ташкилотларига жўнатилган хатдаги талаб мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга эканини таъкидлаётган бўлса ҳам, жамоатчилик тавсияни банклар сўзсиз бажариши фойдаланувчилар пул юбориш жараёнида ўтказма мақсадини мажбурий тартибда танлаши керак бўлишини таъкидлашмоқда. 

Бунда 16 та тоифадан бири — масалан, «оилага ёрдам», «қарзни қайтариш», «ижара тўлови» ёки бошқа йўналишлардан бири белгиланади.

1

Мазкур топшириқ президентнинг 2025-йил 10-декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси ҳамда Махсус комиссия йиғилиши якунларига асосланган. Амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот 1 мартга қадар Марказий банкнинг Тўлов тизимлари департаментига тақдим этилиши сўралган.

Ҳозирда тизим айрим иловаларда ишга туширилган, қолганларида эса яқин вақт ичида жорий этилиши кутилмоқда.

Регулятор изоҳига кўра, янги тартиб ҳеч қандай тўлов ёки транзакцияларга чеклов киритмайди ва пул ўтказиш механизми ўзгармайди.

«Бу истеъмолчилар учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди, ортиқча оворагарчилик талаб қилмайди. Ҳар бир банк ва тўлов ташкилоти ушбу талабни ўз мобил иловаси архитектураси ва ички жараёнларидан келиб чиқиб мустақил равишда амалга оширади», — дея таъкидланади расмий изоҳда.

Шунингдек, фойдаланувчи томонидан киритилган маълумотлар фақат мобил илова доирасида қайта ишланиши ва учинчи шахсга берилмаслиги айтилган.

Бироқ регулятор бу янгиликни «техник ривожланиш» сифатида изоҳласа-да, жамоатчилик фаоллари орасида кескин танқид ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

«Шимол тажрибасига таянган ёмон ўзгариш»

Иқтисодчи Отабек Бакиров нима бўлганда ҳам бу истеъмолчилар учун яхши янгилик эмаслигини ёзмоқда. Сабабларини эса қуйидагича изоҳлаган:

  • Биринчидан, сўнгги пайтларда Марказий банк банк сектори ва тўлов ташкилотларига нисбатан истеъмолчилар ҳуқуқларига дахлдор қатор қарор ва чекловларни институционал тарзда, яъни очиқ ҳужжатлар орқали эмас, балки хатлар ёки мажлислардаги кўрсатмалар шаклида жорий этмоқда.

    Жумладан, 20 та карта чекловининг узайтирилиши, «15 миллион ўзбекистонлик шахсий ахборотига жароҳат» етказилгани ортидан киритилган тақиқ ва чекловлар (иловаларнинг хорижда ўчирилиши, OneID’га боғлаш, P2P суммасига миқдорий чекловлар) ҳамда энди P2P мақсадини кўрсатиш талаби шулар жумласидандир. Унинг фикрича, истеъмолчилар бу чекловлар ҳақида кўпинча амалиётни бажариш пайтидагина хабар топмоқда, проактив коммуникация эса камайган.

  • Бакировнинг иккинчи эътирози шундан иборатки, агар регуляторга P2P мақсади ҳақиқатан ҳам «рақамли сервисларни ривожлантириш» доирасида қизиқ бўлганида, бу маълумотни даврий сўровномалар орқали ҳам жамлаш мумкин эди. Унингча, мақсадни мажбурий кўрсатишга зарурат бўлмасди.

  • Учинчидан, иқтисодчи жамланган ҳар қандай ахборот келажакда турли чеклов ва ташаббусларни илгари суриш учун асос бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Масалан, P2P ўтказмасида «товарлар ёки савдо учун тўлов» деб кўрсатиш савдо қоидалари бузилаётганини де-факто тан олиш сифатида талқин қилиниши мумкин. Шунингдек, рўйхатдаги 2, 7, 8, 12 ва 16-бандларни танлаш ҳам истеъмолчининг ўзини ўзи компрометация қилиш эҳтимолини келтириб чиқаради, деб ҳисоблайди у.

Унинг фикрича, вақт ўтиб солиқ органлари P2P бўйича янги талабларни илгари сурса, бу ажабланарли бўлмайди. Шу билан бирга, 16 та мақсад ичида «ўзига ўзи ўтказма» банди йўқлигига ҳам эътибор қаратилган.

  • Тўртинчидан, бу чеклов ва талаблар уй-жой ва автомобил харидлари, давлат хизматлари, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи ҳамда қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловларни нақдсиз шаклга ўтказиш арафасида жорий этилаётганини ғалати деб баҳолайди. Унинг фикрича, бу ҳолат «картадан ва нақдсизликдан тезроқ қоч, нақдга ўт» деган чақириқдек кўриниши мумкин.

  • Бешинчидан, ушбу тажриба қаердан олинаётгани ҳақида савол қўяди ва Россия амалиётини мисол келтиради. Унинг айтишича, Россияда ўтказмаларда мақсадни кўрсатмаслик федерал қонун билан тартибга солинади: мақсадни кўрсатмаслик мумкин, бироқ бундай ҳолатда банклар мижозни блоклаш ёки қўшимча шахсий маълумотларни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади ҳамда маълумотлар солиқ органларига узатилиши мумкин.

    2025-йил 1-июлдан бошлаб талаблар янада кучайтирилган, ҳатто 10 минг рубллик ўтказмалар ҳақидаги маълумотлар ҳам солиқчилар ва Росфинмониторингга тақдим этилиши ва солиққа тортилиши мумкинлиги қайд этилган.

«Сунъий статистика пайдо бўлиши мумкин»

Иқтисодчи-журналист Баҳодир Абдуллаев эса жараён шу тарзда давом этса, бир неча ойдан кейин икки ҳолат муқаррар бўлишини айтмоқда.

Унинг фикрича, биринчи сценарийда одамлар шунчаки тўлови ўтиши учун биринчи мақсадни босиб, пулларини ўтказаверади. Натижада Ўзбекистонда фалон миллиард сўмлик «савдо учун тўлов» P2P орқали амалга оширилаётгани ҳақида асоссиз статистика шаклланиши мумкин. Бироқ айнан шу рақамлар кейинчалик солиқ органларига P2P маълумотларини олиш зарурлигини асослаш учун хизмат қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Иккинчи эҳтимолий вазиятда эса, янги бошоғриқлардан қочишни истаган сотувчилар P2P орқали савдо қилаётганда харидорлардан бошқа мақсадларни белгилашни сўрай бошлайди. Бу ҳолат, унинг таъбири билан айтганда, худди такси ҳайдовчисининг мижоздан 5 та юлдуз қўйишни сўрашига ўхшаш вазиятни юзага келтиради.

«Менимча бу ўзгариш фақат Марказий банк регуляцияси остидагиларга эмас, бутун жамиятнинг кундалик ҳаётига алоқадор. Шундай экан, қарор хат ёки йиғилиш баёни билан эмас, жамоатчилик муҳокамасига қўйиладиган бошқа ҳужжат билан қабул қилиниши лозим», — деб ёзмоқда Баҳодир Абдуллаев Telegram блогида.

Шунингдек, унинг фикрича, одатда тўлов ташкилотлари ёки банклар фойдаланувчини ортиқча ҳаракатга мажбурлайдиган функцияни ўз ташаббуси билан жорий этмайди, чунки ҳар бир қўшимча босқич уларнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Муаммо функцияда эмас, маълумотлардан фойдаланишда»

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбоновнинг айтишича, «ўтказма мақсади»ни мажбурий кўрсатиш ташқи томондан оддий функция бўлиб кўринса-да, амалда у нотўғри статистик хулосалар ва ортиқча назорат механизмларига эшик очиб бериши мумкин.

«Одамлар одатда рўйхатдаги биринчи бандни босади. Натижада реал вазиятни акс эттирмайдиган сунъий статистика пайдо бўлиши мумкин», дейди у.

Қурбоновнинг таъкидлашича, асосий масала функциянинг ўзида эмас, балки кейинчалик йиғилган маълумотлардан қандай фойдаланилишида. Унинг фикрича, бу маълумотлар келажакда янги чеклов ёки солиқ ташаббусларини асослаш воситасига айланиши эҳтимолини инкор қилиб бўлмайди.

Шу билан бирга, у нақдсиз тўловлар ҳар қандай ҳолатда ҳам нақд пулдан устунлигини қайд этади — чунки электрон ўтказмаларда из қолади, нақд пулда эса йўқ.

«Бу талаб аҳолини нақд пулга қайтариши мумкин»

«Platforma.uz» нашри ҳам танқидий ёндашмоқда. Унда ёзилишича, 1 апрелдан деярли барча олди-сотдиларда нақд пулдан воз кечилиб, фақат нақдсиз тўловлар амал қилиши белгиланган. Шу фондa P2P ўтказмаларда мақсадни кўрсатиш талаби акс таъсир бериши, яъни аҳолининг нақд пулга қайтишига туртки бўлиши мумкинлиги таъкидланади.

Нашр фикрича, агар фуқаро ўз пулини эркин ва истаганча ишлата олмайман, деган хавотирга борса, у ҳолда мақсад танлаб ўтирмасдан, маблағни нақд қилиб ечиб олиш йўлини танлаши мумкин. Айниқса, 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари сизиб чиққанидан кейин банк тизимига нисбатан ишонч пасайган бир пайтда бундай янгилик ишончсизликни янада кучайтириши мумкинлиги қайд этилган.

«Ўзимнинг бошқа картамни тўлдириш» банди нега йўқ?

Журналист Шуҳрат Шокиржонов эса танганинг бошқа томонига эътибор қаратди. Унинг тахминича, асосий мақсад касса аппаратисиз P2P орқали савдо қилаётганлар ҳақида маълумот тўплаш бўлиши мумкин.

Унга кўра, агар мақсад ҳақиқатан ҳам тизимни қулайлаштириш бўлганида, «ўзимнинг бошқа картамни тўлдириш учун ўтказма» каби банд ҳам рўйхатга киритилган бўларди. Чунки амалда ўтказмаларнинг катта қисми M2M — яъни бир шахснинг ўз карталари ўртасидаги ўтказмалардан иборат.

«P2P устидан назорат уринишлари 2018 йилдан бери бор»

P2P ўтказмалар тўғрисида ахборот олиш ва уларни назорат қилишга уринишлар 2018 йилдан бери турли кўринишларда давом этиб келмоқда. Бакиров таъкидлашича, ҳатто 2023 йилда янгиланган Конституция тарғиботи жараёнида ҳам бу масала билвосита муҳокама марказида бўлган. Шу вақтгача бундай уринишларга нисбатан Марказий банкнинг позицияси қатъий бўлиб келганини ҳам эслатади.

У Конституциянинг 15-моддасига таяниб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга эканини ва тўғридан-тўғри амал қилишини қайд этади. Яъни ҳеч бир ҳужжат — низом, фармон, қарор ёки қонун — Конституцияга зид бўлиши мумкин эмас. Агар зид бўлса, у автоматик тарзда бекор ҳисобланади.

Шунингдек, Конституциянинг 41-моддасида «Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши қонун билан кафолатланади», деб белгилаб қўйилганини эсга солади.

Бакировнинг фикрича, аввалроқ киритилган ва банк сирини ташкил этувчи P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотларнинг солиқ органларида жамланишини назарда тутувчи ПФ-21 фармонининг 7-банди 4-хатбошиси Конституцияга зид бўлиши мумкин. 

У банклар P2P ўтказмаларга доир, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни солиқ органларига тақдим этишни тўхтатиши, солиқ органлари эса бундай маълумотларни электрон ҳисобварақ-фактура ёки бошқа каналлар орқали олишдан воз кечиши зарурлигини таъкидлайди.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 74

Барчаси

Мавзуга оид

Картадан картага пул кўчиришда «ўтказма мақсади»: техник янгиланишми ёки назорат? | Vaqt.uz