Logo

Кондиционерсиз автобуслар бўйича берилган изоҳ, жаримага тортилган банклар ва 10 баравар оширилиши кутилаётган иссиқхона солиғи — 20 июл дайжести

Кеча 23:083 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Кондиционерсиз автобуслар бўйича берилган изоҳ, жаримага тортилган банклар ва 10 баравар оширилиши кутилаётган иссиқхона солиғи — 20 июл дайжести

Ўзбекистонда хорижий компаниялар сони илк бор 20 мингдан ошди

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 июл ҳолатига Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони илк бор 20 502 тага етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3817 та ёки 22,9 фоизга кўп. Уларнинг 15 891 таси тўлиқ хорижий капитал иштирокидаги, 4611 таси эса қўшма корхоналар ҳисобланади.

Хорижий компаниялар сони бўйича Хитой 6060 та корхона билан биринчи ўринда турибди. Кейинги ўринларни Россия (3454 та), Туркия (2293 та), Қозоғистон (1307 та) ва Жанубий Корея (725 та) эгаллаган. Фаолият йўналишлари бўйича эса савдо ва саноат етакчиликни сақлаб қолган, ахборот технологиялари соҳаси эса илк бор қурилишни ортда қолдириб, хорижий инвесторлар учун энг фаол тармоқлардан бирига айланган.

Тошкент ва айрим туманлардаги иссиқхоналар учун солиқ 10 баравар оширилиши мумкин

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасига кўра, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги айрим иссиқхоналар учун ер ва мол-мулк солиғи оширилиши таклиф этилмоқда. Лойиҳада мазкур ҳудудлардаги иссиқхоналар эгаллаб турган ерлар учун ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасига нисбатан 10 баравар миқдорда ундириш ва уларга амалдаги солиқ имтиёзларини татбиқ этмаслик кўзда тутилган.

Шу билан бирга, электр энергиясида иситиладиган ёки иситиш қозонхоналари демонтаж қилинган иссиқхоналарга бу талаблар қўлланмайди. Ҳукумат ушбу ўзгаришларни ҳаво ифлосланишини камайтириш ҳамда экологик тоза ва энергия тежамкор иситиш технологияларини жорий этишни рағбатлантириш билан изоҳламоқда. Шунингдек, кўмир ва мазутдан фойдаланувчи янги иссиқхоналарни ташкил этиш тақиқланган бўлиб, мавжуд иссиқхоналарни босқичма-босқич Сурхондарё вилоятига кўчириш режалаштирилган.

2026/27 ўқув йили учун давлат стипендиялари квотаси тасдиқланди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2026/27 ўқув йили учун Президент ва номли давлат стипендиялари квотасини тасдиқлади. Янги ўқув йилида республика бўйича иқтидорли талабалар учун жами 776 та стипендия ажратилади. Шундан 187 таси Президент, 194 таси Ислом Каримов, 175 таси Навоий стипендияси ҳиссасига тўғри келади.

Мазкур стипендиялар республикадаги 335 мингдан ортиқ юқори босқич талабалари орасидан ўқишдаги ютуқлари, илмий фаолияти ва жамоатчилик ишларидаги иштироки билан ажралиб турган номзодларга берилади. Шунингдек, 2026/27 ўқув йилидан бошлаб стипендия танловида талабгорларнинг ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тиллар бўйича билимлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўтказадиган махсус тестлар орқали баҳоланади.

Марказий банк 23 та молия ташкилотини жаримага тортди

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси июнь ойида ўтказилган 7 та йиғилишда жами 34 та масалани кўриб чиқди. Қабул қилинган қарорларга мувофиқ, қонунчилик талабларига риоя қилмагани ҳамда текширувларда аниқланган камчиликлар учун 21 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

Шунингдек, пруденсиал нормативларга риоя этмагани ва фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштирмагани учун 23 та банкга чора ва санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди. Йиғилишларда, шу билан бирга, лицензиялаш, кредит ташкилотлари уставига ўзгартиш киритиш, раҳбар кадрлар номзодларини кўриб чиқиш ҳамда банкларнинг молиявий ҳолатига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Нега Тошкентдаги айрим автобусларда кондиционер йўқ?

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг маълум қилишича, пойтахтда ҳаракатланаётган барча автобуслар ҳам кондиционер билан жиҳозланмаган. Жумладан, 102 та «Mercedes-Benz», 272 та «MAN» автобусининг 100 таси ва 201 та «SAZ LE-60» автобусининг 88 тасида совутиш тизими ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилмаган. Қолган «Yutong», «King Long» автобуслари ва электробусларда кондиционерлар мавжуд бўлса-да, экстремал иссиқ уларнинг самарадорлигини пасайтирмоқда.

Компанияга кўра, 45 даражадан юқори ҳарорат, автобус салонига тўғридан-тўғри тушадиган қуёш нурлари, бекатларда эшикларнинг тез-тез очилиши ва йўловчиларнинг кўплиги кондиционерлар самарали ишлашига тўсқинлик қилмоқда. Ҳозирда «Тошшаҳартрансхизмат» ҳар куни 1672 та автобус ва электробусни йўналишларга чиқармоқда ва йўловчилардан иссиқ об-ҳаво туфайли юзага келган вақтинчалик ноқулайликни тушунишни сўради.

Теглар

Мавзуга оид