Кўпроқ дам, камроқ иш: Сунъий интеллект иш ҳафтасини 3 кунгача қисқартириши мумкин

Технолидерлар сунъий интеллект кундалик вазифаларни ўз зиммасига олиши натижасида одамлар шахсий ҳаётига кўпроқ вақт ажратиши мумкинлигини айтмоқда.

Кўпроқ дам, камроқ иш: Сунъий интеллект иш ҳафтасини 3 кунгача қисқартириши мумкин © weforum

Яқин беш йил ичида анъанавий беш кунлик иш ҳафтаси ўтмишга айланиши ва сунъий интеллект жорий этилиши туфайли уч кунгача қисқариши мумкин. Бу ҳақда «Zoom» коммуникация платформаси бош директори Эрик Юан «Fortune» нашрига берган интервюсида маълум қилди.

Глобал корпорациялар раҳбарлари рақамли ёрдамчилар ёзишмалар ва учрашувлар каби кундалик вазифаларни тўлиқ ўз зиммасига олиши, бу эса одамларга шахсий ҳаёт учун кўпроқ вақт ажратишини айтмоқда.

Офис ходимлари ўрнига рақамли клонлар

Эрик Юан очиқчасига беш кунлик иш ҳафтасини ёқтирмаслигини айтди. Унинг прогнозига кўра, яқин вақт ичида анъанавий ишлаш режимига эҳтиёж умуман йўқолиши мумкин. Бундай ўзгаришларнинг асосий драйвери сифатида «рақамли агентлар»нинг оммавий қўлланилиши кўрсатилади. Компания раҳбари фикрича, СИ алгоритмлари мустақил равишда ҳисоботлар тайёрлайди, ишбилармонлик ёзишмаларини олиб боради ва ҳатто виртуал учрашувларда рақамли аватарлар орқали иштирок эта олади. Ходимларга эса фақат стратегик вазифалар ва муҳим қарорлар қабул қилиш қолади.

Уолл-стрит ва Кремний водийси: бир овоздан ваъдалар

Иш ҳафтасини қисқартириш ғоясини молия ва технология соҳасининг йирик иштирокчилари ҳам қўллаб-қувватламоқда. «JPMorgan Chase» банки бош директори Жейми Даймон ҳам тезкор автоматизация туфайли келажак авлоди 3,5 кунлик иш ҳафтасига ўтишини башорат қилди. Унинг фикрича, бу ҳаёт сифатини яхшилаб, ходимларнинг асабий ҳолатини камайтиради.

Банкчилар билан бирга «OpenAI» раҳбари Сэм Алтман ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлади. Нейротармоқлар ишлаб чиқувчилари янада илгарилаб, яқинда эълон қилинган дастурий ҳужжатда бизнес ва ҳукуматларни ҳозирданоқ 32 соатлик (тўрт кунлик) иш ҳафтасига ўтиш бўйича пилот лойиҳаларни бошлашга чақирди. Бу ёндашув меҳнат бозорини «Интеллект даври»га мослаштириш ва умумий самарадорликни сақлаб қолиш воситаси сифатида кўрилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид