Кремл Рамзан Қодировнинг ўлимига тайёргарлик кўра бошлади

24.01.2026 | 09:282 дақиқа

Кремлда Чеченистонда ҳокимият алмашинуви билан боғлиқ эҳтимолий сценарийлар муҳокама қилинмоқда, жараён эса ҳозирча жамоатчиликдан қатъий яширилмоқда.

Кремл Рамзан Қодировнинг ўлимига тайёргарлик кўра бошлади

Кремл Рамзан Кадыровнинг эҳтимолий вафоти ортидан Чеченистонда ҳокимият бўшлиғи юзага келиши хавфини ҳисобга олган ҳолда бир неча сценарийлар устида иш олиб бормоқда. «Важние истории» нашри манбасига кўра, Кремлга яқин доираларда Чеченистондаги вазият «жуда оғир» дея баҳоланмоқда. Бу ҳолат Р.Қодировнинг оғир касаллиги ҳақидаги хабарлар ҳамда унинг ўғли, 18 ёшли Адам Қодиров иштирокидаги сўнгги автоҳалокат фонида янада кескинлашган.

Манбаларга кўра, республикада содир бўлаётган жараёнлар қатъий назорат остида сақланмоқда, ахборот сизиб чиқиши эса қаттиқ таҳдидлар билан чекланмоқда. Кремл учун асосий хавф — ҳокимият транзити пайтида ички барқарорликнинг издан чиқиши ҳисобланади.

Ҳозирча расмий изоҳлар берилмаган бўлса-да, Москвада Чеченистон бўйича турли эҳтимолий қарорлар тайёрланаётгани таъкидланмоқда.

 

Эҳтимолий ворис моделлари

Манбалар таъкидлашича, вариантлардан бири — вақтинчалик «тахт кўриқчиси» тайинлаш. Агар Рамзан Қодиров ўғли Адам Қодиров 30 ёшга тўлмасидан олдин вафот этса, қонунга кўра, у республика раҳбари бўла олмайди. Бундай ҳолатда, Кремл Қодировлар оиласи манфаатларини ҳимоя қиладиган, барқарорликни таъминлайдиган шахсга таянишни режалаштирмоқда.

Иккинчи вариант — Қодировга мутлақо содиқ шахсни раҳбар этиб қўйиш. Манбаларга кўра, бу Беной «тейпи»га мансуб, ҳокимият тузилмаларида таъсирга эга шахслардан бири бўлиши мумкин. Номзодлар орасида Давлат думаси депутати Адам Делимханов ҳамда Чеченистон ҳукумати раҳбари Магомед Даудов тилга олинади. Айни пайтда ушбу шахслар ўртасида таъсир учун ички рақобат кучайгани айтилмоқда.

 

Москва учун устуворликлар

Мутахассисларнинг фикрича, Қодиров вафоти ҳолатида Чеченистонда кенг кўламли норозилик чиқишлари эҳтимоли паст, бироқ элиталар ўртасида кураш хавфи сақланиб қолади. Москва учун асосий мақсад — ҳудуддаги статус-квони сақлаш ва қўшимча ресурслар сарфламаслик.

Сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Кремл ҳозирги шароитда Чеченистонни эмас, асосан ташқи йўналишлар ва уруш билан боғлиқ масалаларни устувор деб билади. Шу сабаб, ҳокимият транзитида энг кам хатар келтирувчи сценарий танланиши эҳтимоли юқори.

Теглар

Мавзуга оид