«Курсга қанақадир сунъий таъсир ўтказиш йўли тарафдори эмасмиз» — Марказий банк
VAQT.UZ мухбирининг маълум қилишича, Марказий банк олтин нархи инфляцияга бевосита таъсир қилмаслигини, валюта курси эса эркин шаклланишини билдирди.

Марказий банки раиси Темур Ишмeтов матбуот анжуманида олтин нархининг иқтисодиёт ва валюта бозорига таъсири ҳақида изоҳ берди. Mаълум қилинишича, олтин нархининг ўзгариши инфляцияга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди.
Раиснинг таъкидлашича, олтин нархининг таъсири иқтисодиёт учун муҳим бўлса-да, уни тўғридан-тўғри инфляция билан боғлаш нотўғри.
«Энди олтин нархи таъсири, албатта, кенг қамровли: иқтисодиётга, бюджетга, валюта тушумларига. Лекин тўғридан-тўғри инфляцияга фақатгина олтинни маълум бир нарх билан боғлаш, менимча, нотўғри бўлади».
Курс эркин шаклланади
Унинг айтишича, олтин нархи ўзгариши кўпроқ пул оқимлари ва қўшимча тушумлар орқали таъсир кўрсатади. Марказий банк эса валюта сиёсатида қатъий позицияни эгаллаган.
«Биз энди валюта сиёсатида аниқ қатъий позициямиз — бу курснинг эркин сузиб юришини таъминлаш».
Ишмeтовга кўра, сўнгги даврда валюта курси динамикаси ҳам айнан бозор омиллари асосида шаклланган: ўтган йили тушумлар кўплиги сабаб мустаҳкамланган, жорий йил бошида қисқа муддатли қадрсизланиш кузатилган ва март ойида яна тикланган. Ҳозирда йил бошига нисбатан курс деярли ўзгармаган.
«Мана тўрт ойлик, демак, курснинг ўзгариши 0 фоиз даражада қадрсизланиши. Яъни нима бўлган тақдирда ҳам, биз курсга қанақадир бир сунъий таъсир ўтказиш йўли тарафдори эмасмиз. Эркин сузиб юришини қўйиб юборамиз».
Олтин нархи ва валюта бозори
Регуляторга кўра, олтин нархи ўзгариши ишлаб чиқарувчилар даромадига ва бюджет тушумларига бевосита таъсир қилади. Марказий банк олтинни жаҳон бозори нархларида сотиб олади ва ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилади.
Шу билан бирга, Марказий банк валюта бозоридаги иштирокини олтин харидлари ҳажмига мос равишда олиб боради ва курсга қўшимча босим берувчи операциялардан тийилади.
«Биз эса валюта бозорида иштирокимизни айнан шу олтинни сотиб олган миқдорга яқинроқ миқдор билан шакллантирамиз. Яъни ундан ортиқ билан миллий валютанинг таклифини ошириш ёки камайтириш ҳисобига курсга сунъий таъсир қилиш сиёсатимиз йўқ ва бўлмайди ҳам».
Марказий банкка кўра, айниқса глобал ноаниқликлар кучайган шароитда эркин сузувчи курс иқтисодиёт учун мувозанатлаш механизми бўлиб хизмат қилади.


