add

Маҳаллий ижро ҳокимият органларининг ваколатлари қайта белгиланди

Янги қонун билан шаҳар транспорти, бюджет ва ёнғин хавфсизлигида маҳаллий ҳокимиятнинг аниқ ваколатлари белгиланди.

Маҳаллий ижро ҳокимият органларининг ваколатлари қайта белгиланди

2025 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–1109-сонли Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжатга мувофиқ, «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Қонунга қўшимчалар киритилиб, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари кенгайтирилди. Энди улар бекатлар, тўхтаб ўтиш ва диспетчерлик манзиллари ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, қуриш ва ободонлаштириш масалаларини ҳал қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш бўйича шаҳар йўловчилар транспортини бошқариш органи билан шартномалар тузиш ҳамда транспорт ҳаракатини ташкил этиш режаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Йўловчилар ташиш хизмати сифати устидан назорат қилиш ҳам уларнинг тўғридан-тўғри ваколатларига киритилди.

Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг функциялари ҳам аниқлаштирилди. Улар автомобил транспортини ривожлантиришга қаратилган комплекс минтақавий дастурларни тасдиқлаш ва ушбу дастурлар ижроси устидан назоратни амалга ошириш ваколатига эга бўлади.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари маҳаллий бюджетларнинг ёнғин хавфсизлигига оид қисмини, жумладан, ёнғиндан сақлаш хизмати таъминоти билан боғлиқ харажатларни тасдиқлаши белгиланди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид