Марказий банк асосий ставка бўйича қарорни ўзгаришсиз қолдирди

24.10.2025 | 11:132 дақиқа

2025 йил 24 октябрда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарор инфляция босимини назорат қилиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Марказий банк асосий ставка бўйича қарорни ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг учинчи чорагида иқтисодий фаоллик ўсиши давом этган бўлса-да, инфляцияни барқарор даражада ушлаб туриш зарурлиги сабабли асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди.

Қатъий пул-кредит сиёсати, ўтган йилги инфляция омилларининг пасайиши ва миллий валюта — сўмнинг мустаҳкамланиши сентабр ойида йиллик инфляциянинг секинлашишига хизмат қилди. Натижада, умумий инфляция даражаси 0,8 фоиз бандга камайиб, 8 фоизни ташкил этди.

Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари нархлари пасайишга ҳисса қўшган бўлса, хизматлар соҳасида талаб омиллари таъсирида нархлар ўсиши юқори даражада сақланиб қолган. Базавий инфляция ҳам пасайиш йўналишига ўтиб, сентябр ойида 7 фоизгача секинлашди.

Марказий банк таъкидлашича, сўмнинг мустаҳкамланиши импорт инфляциясининг пасайишига олиб келиб, ички бозордаги нархлар барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлар инфляция бўйича кутилмалари ҳам пасайишда давом этмоқда.

Инфляциянинг пасайиш тенденцияси барқарор бўлиши учун Марказий банк пул-кредит шароитларини ҳозирги нисбатан қатъий даражада сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади. Бу иқтисодиётда жамғармаларни рағбатлантириш, кредитлар суръатини мақбуллаштириш ва ялпи талабни мувозанатда ушлашга хизмат қилади.

2025 йил учун ЯИМнинг реал ўсиши 7–7,5 фоиз даражасида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Марказий банк ўрта муддатли истиқболда инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушириш учун пул-кредит сиёсатидаги қатъийликни сақлаб боришни режалаштирмоқда. Асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиш 2025 йил 11 декабр куни бўлиб ўтади.

Теглар

Мавзуга оид