Logo

Марказий банк банкларга янги мажбурият юклади

Бугун 18:162 дақиқа

Энди банклар фақат мурожаатларни кўриб чиқиш эмас, балки такрорий қоидабузарликларга сабаб бўлаётган муаммоларни ҳам бартараф этиши шарт бўлади.

Марказий банк банкларга янги мажбурият юклади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк банк хизматлари истеъмолчилари билан ишлаш бўйича тижорат банкларига қўйиладиган минимал талабларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Тегишли қарор 2026-йил 1-август куни Адлия вазирлигида 3030-12-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ва бир ойдан кейин кучга киради.

Янги таҳрирдаги низомга кўра, тижорат банклари мурожаатларни кўриб чиқишда фақат аниқланган қоидабузарликларни эмас, балки уларни келтириб чиқарган сабабларни ҳам бартараф этиши шарт бўлади.

Марказий банк бу ёндашув такрорий муаммоларнинг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини самаралироқ ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади.

Ҳужжатда илк бор «тизимли камчилик» тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилди. Шунингдек, ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича намунавий ҳаракатлар режаси шакли ҳам тасдиқланди.

Назорат кучайтирилади

Янги талабларга мувофиқ, банк бошқаруви мурожаатлар билан ишлаш натижаларини ҳар чорак ва йил якунларида муҳокама қилиши, аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режасини тасдиқлаши лозим.

Мазкур қарорлар ва таҳлилий маълумотлар ички аудит хизматига тақдим этилади. Ички аудит эса ушбу ҳужжатлар асосида мониторинг ўтказиб, топшириқлар ижросини назорат қилади ҳамда ҳар чорак ва йил якуни бўйича банк бошқаруви ҳамда кузатув кенгашига хулоса киритади.

Низомда қайси ҳолатлар «тизимли камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмаган» деб баҳоланиши ҳам аниқ белгилаб берилди.

Жумладан, ҳаракатлар режасининг тасдиқланмаслиги, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмаслиги ёки камчиликлар сақланиб қолиши шундай ҳолатлар қаторига киритилди.

Ҳисоботлар ошкоралашади

Марказий банк талабига кўра, банклар мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижалари бўйича чораклик шарҳларни ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасигача, йиллик шарҳларни эса ҳар йили 15 февралга қадар расмий веб-сайтларида эълон қилиши шарт.

Бундан ташқари, банк акциядорларининг йиллик умумий йиғилишида тасдиқланадиган йиллик ҳисоботга мурожаатлар билан ишлаш натижалари ҳам киритилади. Шунингдек, банклар бошқарув қарорлари ва тизимли камчиликлар бартараф этилгани ҳақидаги маълумотларни белгиланган муддатларда Марказий банкка тақдим этиши лозим бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк 2026 йил I чорак якунига кўра, мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга бўлган банклар рўйхатини эълон қилганди.

Теглар

Мавзуга оид