add

Марказий банк ва Рақобат қўмитаси ҳамкорлик меморандумини имзолади

Бугун 10:262 дақиқа

Ҳужжат инфляцияни пасайтириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва бозорларда соғлом рақобатни кучайтиришга қаратилган.

Марказий банк ва Рақобат қўмитаси ҳамкорлик меморандумини имзолади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўртасида «Нархлар барқарорлигини таъминлаш, бозорларда рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида»ги Меморандум имзоланди.

Маълумотларга кўра, ушбу ҳужжат мамлакатда инфляция даражасини пасайтириш, товар ва хизматлар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни кўзда тутади. Томонлар бозордаги нарх шаклланиши жараёнларига таъсир этувчи омилларни мувофиқлашган ҳолда таҳлил қилиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқда.

Меморандумнинг вазифалари

Меморандум доирасида инфляцияга таъсир кўрсатувчи бозор механизмларини илмий асосланган усулларда ўрганиш, асоссиз нарх ошиши ҳолатларига қарши курашиш ҳамда монопол мавқенинг суиистеъмол қилинишига барҳам бериш масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланди. Шунингдек, тармоқлар кесимида нарх шаклланиши жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ўзаро ахборот алмашиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Истеъмол бозорида таклиф омилларини чуқур таҳлил қилиш ва эҳтимолий хатарларни олдиндан аниқлаш ҳам Меморандумда муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Бу борада томонлар ҳаракатларни мувофиқлаштириш, таҳлилий маълумотлар билан тезкор алмашиш орқали бозорда кескин нарх тебранишларининг олдини олишни мақсад қилган.

Инфляцияни пасайтиришда институционал ҳамкорлик

Ҳужжатда ҳамкорликнинг аниқ вазифалари ҳам белгилаб берилган. Жумладан, инфляцияни пасайтиришда институционал ҳамкорликни кучайтириш, товар ва хизматлар бозорларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, нархларга таъсир этувчи монопол шароитларни тезкор аниқлаш бўйича ахборот алмашинувини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Шу билан бирга, бозор концентрацияси даражаси, алоҳида тармоқ иштирокчилари, монопол ҳолатлар ва бозор ҳукмронлигини таҳлил қилишда ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда молия бозорларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича фикр алмашиш ҳам Меморандумнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Мутахассислар фикрича, ушбу келишув давлат идоралари ўртасидаги мувофиқлашувни кучайтириб, бозорларда барқарорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид