Logo

Марказий Осиё ягона энергетика тизими нима беради?

Бугун 14:114 дақиқа

Евроосиё тараққиёт банки Марказий Осиё электр тизимларини интеграция қилиш йилига 640 миллион долларгача ялпи самара келтириши мумкинлигини маълум қилди. Аммо бунинг учун мамлакатлар ўзаро савдо ва бошқарув қоидаларини кескин ўзгартириши керак.

Марказий Осиё ягона энергетика тизими нима беради?

Марказий Осиё мамлакатлари электр энергетикаси соҳасида ўзига хос янги муаммога дуч келмоқда: минтақада генерация қувватларини ошириш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилаётган бир вақтда, мавжуд электр станциялари ва узатиш тармоқларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳануз пастлигича қолмоқда.

Евроосиё тараққиёт банк» («ЕОТБ») 29 октябр куни «Чегарасиз энергия» номли тадқиқотини эълон қилди. Унда Марказий Осиё электр тизимларини чуқурроқ интеграция қилиш, электр энергияси савдосини кенгайтириш ва мавжуд инфратузилмадан янада самаралироқ фойдаланиш имкониятлари таҳлил қилинган.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, минтақада электр тизимларини интеграция қилиш йилига 640 миллион долларгача ялпи иқтисодий самара келтириши мумкин.

Тадқиқотда келтирилган энг ёрқин мисоллардан бири — 2024 йил 10 декабрда минтақавий электр тизимида кузатилган юқори юклама ҳолатидир. Ўша пайтда Марказий Осиё ягона энергетика тизимига уланган электр станцияларининг умумий ўрнатилган қуввати 36,4 ГВт ни ташкил қилган. Бироқ талаб энг юқори нуқтага етган вақтда уларнинг фақат 28,8 ГВт қувватидан фойдаланиш имкони мавжуд бўлган. Қарийб 6,6 ГВт қувват совуқ резерв, гидрологик ва ёқилғи чекловлари, эскирган ускуналар ҳолати ҳамда электр тармоқларидаги муаммолар сабабли умуман ишлатилмаган ёки чекланган.

 «ЕОТБ»нинг фикрича, қувватларнинг мавжудлиги ва уларни тизим бўйлаб тўғри тақсимлаш масаласи бугунги кунда минтақанинг энг асосий энергетик муаммоларидан бирига айланган.

$640 миллионнинг қанчаси ҳақиқий иқтисодий самара бўлади?

«ЕОТБ» ҳисоботида интеграциянинг учта турли сценарийси кўриб чиқилган. Уларнинг бир-биридан фарқи бевосита электр тармоқларини бирлаштириш даражасига, зарур инвестициялар ҳажмига ва минтақавий бозорнинг қанчалик ривожланганига боғлиқдир.

 

 

 

Интеграция сценарийси

Ялпи самара

Йиллик харажат

Соф самара

Қисман интеграция

$193 млн

$75 млн

$118 млн

Чуқурроқ интеграция

$398 млн

$275 млн

$123 млн

Ривожланган минтақавий тизим

$640 млн

$600 млн

$40 млн

Ўзбекистон учун қандай имкониятлар пайдо бўлади?

Марказий Осиё мамлакатлари электр энергетикаси соҳасида турли манбаларга таянади. Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда иссиқлик электр станциялари муҳим ўрин тутади. Қирғизистон ва Тожикистон эса улкан гидроэнергетика салоҳиятига эга. Минтақада қуёш ва шамол электр станциялари қуввати ҳам жадал ортиб бормоқда.

«ЕОТБ» тадқиқотида айнан шу фарқлар минтақавий интеграциянинг энг асосий иқтисодий асосларидан бири сифатида кўрсатилган. Масалан, гидроэлектр станциялари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти фақат сув захираларига боғлиқ бўлса, қуёш ва шамол станцияларида ишлаб чиқариш об-ҳаво шароитига қараб тез-тез ўзгариб туради. Газ ва кўмирда ишлайдиган станциялар эса ёқилғи таъминоти ва техник имкониятларга узвий боғлиқ.

Тўғри ва аниқ мувофиқлаштирилган минтақавий тизимда бир мамлакатда электр энергияси ортиқча ишлаб чиқарилган пайтда уни зудлик билан бошқа мамлакатга етказиб бериш, талаб юқори бўлган вақтда эса қўшни давлатларнинг мавжуд ресурсларидан фойдаланиш имконияти кенгаяди.

Ўзбекистон учун бу масала, айниқса, қайта тикланувчи энергия манбаларини жадал ривожлантириш фонида алоҳида аҳамиятга эга. «ЕОТБ» ҳисоботида Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларидан олинадиган энергиянинг маълум бир қисми тармоқдаги чекловлар сабабли фойдаланилмай қолиши мумкинлиги кўрсатилган.

Тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришни чеклаш ҳажми 2026–2028 йилларда йилига 2,1–3,5 миллиард кВт·соатга етиши мумкин.

Ҳисобот тафсилотларига кўра, 2028 йилга бориб Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия қуввати 11,4 ГВт га, энергия сақлаш тизимларининг қуввати эса 4,3 ГВт га етиши мазкур сценарийда назарда тутилган. Ушбу шароитда қуёш ва шамол станцияларида ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган электр энергиясининг тахминан еттидан бир қисми чекланиб қолиши эҳтимоли бор.

Мамлакатлар ўртасида электр энергияси савдосини кенгайтириш орқали эса айрим ҳудудлардаги ортиқча ишлаб чиқарилган энергияни талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларга етказиб бериш имконияти пайдо бўлади. «ЕОТБ» мавжуд тармоқлардан янада самаралироқ фойдаланиш ва диспетчерлик бошқарувини тўғри мувофиқлаштириш ҳисобига йилига қўшимча 6 миллиард кВт·соатгача трансчегаравий электр энергияси савдосини йўлга қўйиш мумкинлигини баҳолаган.

Электр энергияси савдоси ҳали етарли даражада ривожланмаган

Минтақада мамлакатларнинг электр тармоқлари жисмонан бир-бирига уланган бўлса-да, бу мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти. «ЕОТБ» маълумотларига кўра, Марказий Осиё ягона энергетика тизими доирасида мамлакатлар ўртасидаги электр энергияси савдоси 2024 йилда бор-йўғи 12,1 миллиард кВт·соатни ташкил этган.

Банк хулосасига кўра, мавжуд тармоқларнинг ўтказиш имкониятларини кенгайтириш, савдо қоидаларини такомиллаштириш ва диспетчерлик бошқарувидаги мувофиқлаштиришни яхшилаш орқали бу ҳажмни янада ошириш мумкин.

Ҳозирги ягона энергетика тизими Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистоннинг фақат жанубий қисмидаги тармоқларнигина қамраб олади. Туркманистон ва Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисми билан алоқалар эса бутунлай алоҳида, автоном тартибдаги уланишлар орқали амалга оширилади. Бу фарқ жуда муҳим, чунки минтақа мамлакатларининг барчаси ҳам ягона синхрон электр тизимига бир хил тарзда уланмаган.

«ЕОТБ» минтақавий электр бозорини шакллантиришни бир неча босқичда босқичма-босқич амалга оширишни таклиф қилмоқда. Биринчи босқичда рақамли ҳисобга олишни жорий этиш, мавжуд узатиш имкониятларини аниқлаш ва икки томонлама электр савдосини мувофиқлаштириш қоидаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Теглар

Мавзуга оид

Марказий Осиё ягона энергетика тизими нима беради? | Vaqt.uz