Logo

Маскнинг болаларга бепул тарқатаётган $10 млрдлик «SpaceX» акциялари ортида қандай мақсад ётибди?

Бугун 10:575 дақиқа

Доналд Трампнинг сўзларига кўра, унинг номидаги ҳисобрақамлар орқали амалга ошириладиган бу ваъда АҚШдаги оралиқ сайловларга роппа-роса икки ҳафта қолганда янгради.

Маскнинг болаларга бепул тарқатаётган $10 млрдлик «SpaceX» акциялари ортида қандай мақсад ётибди? © Christophe Gateau | Picture Alliance | Getty Images

Илон Маск келаси йили Қўшма Штатлардаги ҳар бир болага биттадан «SpaceX» акциясини совға қилишга ваъда берди. Ушбу ҳадянинг умумий қиймати 10 миллиард доллардан ошиши мумкин.

«Бу ҳали бошланиши, бундай совғалар яна кўп бўлади», — деб ёзди дунёнинг энг бой одами душанба куни «X» тармоғидаги саҳифасида.

Жума кунги савдолар якунида қайд этилган 146,03 долларлик нархдан келиб чиқилса, мазкур ваъданинг умумий қиймати тахминан 10,7 миллиард долларни ташкил этади.

Президент Доналд Трамп «Truth Social» платформасида Маскка миннатдорлик билдириб, акциялар болаларга «ТРАМП ҲИСОБРАҚАМЛАРИ» орқали тарқатилишини таъкидлади. Бу — ўтган йили Трамп томонидан имзоланган солиқ ва харажатлар тўғрисидаги қонун доирасида болалар учун махсус очилган, солиқ имтиёзларига эга сармоявий ҳисобрақамлардир.

Эътиборлиси, бу ваъда 3 ноябрга белгиланган оралиқ сайловларга икки ҳафта қолганида янграмоқда.

Маск ушбу сайловлар арафасида энг йирик ва кўзга кўринган ҳомийлардан бири бўлиб турибди. Хусусан, июл ойидан буён у республикачилар партиясининг турли гуруҳларига 276 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган.

Аммо Маск акциялар айнан қайси болаларга, қачон ва қандай тартибда топширилишига аниқлик киритмади.

Хўш, бу акция қандай амалга оширилиши мумкин ва бундан аслида ким фойда кўради?

«SpaceX» акцияси қанча туради ва Маск қанча маблағ улашмоқчи?

Дунёдаги энг йирик компаниялар рўйхатида еттинчи ўринни эгаллаб турган «SpaceX» июн ойида «Nasdaq» биржасида ўз акцияларини дастлабки оммавий жойлаштириш (IPO) доирасида донасини 135 доллардан савдога чиқарган эди.

Бу нарх тез-тез ўзгариб турди. Биржага чиққанидан бир неча кун ўтиб энг юқори чўққига кўтарилган «SpaceX» акциялари шундан бери 35,3 фоизга арзонлашди.

Айни пайтда акцияларнинг донаси тахминан 146 доллардан сотилмоқда. Акция нархининг бор-йўғи 1 долларга ўзгариши ҳам совғанинг умумий қийматини тахминан 73 миллион долларга ўзгартириб юборади.

«АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси»га («SEC») август ойида тақдим этилган маълумотларга кўра, Маск тўғридан-тўғри 4,8 миллиард дона «SpaceX» акциясига эгалик қилади.

Ҳали тўлиқ расмийлаштирилмаган мукофотлар ва акция опционларини ҳисобга олганда эса, унинг улуши тахминан 6,4 миллиард донага ёки компания умумий акцияларининг 48,4 фоизига етади.

Болаларга 73 миллион дона акцияни тарқатиш Маскнинг тўғридан-тўғри улушини тахминан 1,5 фоизга камайтиради, холос. Бу эса унинг компания устидан назоратига деярли таъсир қилмайди.

«Bloomberg Opinion» ҳисоб-китобларига кўра, «SpaceX» акцияларининг икки хил тоифаси мавжудлиги сабабли Маскнинг ҳозирги 82 фоизлик овоз бериш ҳуқуқи бор-йўғи 0,1 фоизга пасаяди.

Шунга қарамай, бу Трамп ҳисобрақамларига йўналтирилган ҳозиргача энг йирик яхлит совға бўлиб тарихга киради.

Акциялар болаларга қандай етиб боради?

Маск бу борада сукут сақламоқда.

Доналд Трампнинг таъкидлашича, акциялар Трамп ҳисобрақамларида сақланади. Маск эса ушбу лойиҳа ортида турган технологик инвестор Бред Герстнерга уни амалга оширишга ёрдам бергани учун миннатдорлик билдирди.

Оқ уй маълумотларига кўра, ижтимоий суғурта рақамига эга бўлган 18 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун биттадан, жами 70 миллионга яқин Трамп ҳисобрақамлари очилган.

Ушбу ҳисобрақамлардаги сармоялар бола 18 ёшга тўлиб, уларни ечиб олгунига қадар солиққа тортилмасдан кўпайиб бориши мумкин. Шунингдек, уларни катталар учун мўлжалланган ва солиқ имтиёзларига эга бўлган «IRA» пенсия ҳисобрақамига ўтказиш орқали солиқсиз мақомни сақлаб қолиш ҳам мумкин.

АҚШ Молия вазирлиги томонидан 30 сентябр куни эълон қилинган қоидаларга кўра, ҳомийлар энди ушбу ҳисобрақамлар орқали болаларга алоҳида компанияларнинг акцияларини совға қилиши мумкин. Боланинг ҳисобрақамига мунтазам равишда пул ўтказиб турадиган оила аъзолари ва яқинлари эса фақат паст хавфли индекс фондларига сармоя киритиш билан чекланади.

Оилалар фарзандлари номидан бу акциялардан воз кеча олмайди. Қолаверса, одатда уларни беш йил давомида ёки бола 17 ёшга тўладиган йилнинг охиригача сотиш мумкин эмас.

«Wall Street Journal» нашрининг хабар беришича, Маск 2027 йилнинг июн ойига қадар ўзига тегишли «SpaceX» акцияларининг катта қисмини сота олмайди ёки савдога чиқара олмайди.

Бундан ким ютади?

Ҳисобрақамлар президентнинг номи билан аталади ва Трамп бу совғани бевосита ўзи билан боғламоқда.

У «Truth Social» тармоғида Маскка миннатдорлик билдириб, бу ваъда ҳақида: «ТРАМП ҲИСОБРАҚАМЛАРИ»ни очганимизда айнан шундай бўлишини кўзда тутган эдик», деб таъкидлади.

Оқ уй бу ҳисобрақамларни Трампнинг солиқ қонунчилигидаги энг йирик ютуғи сифатида кўрсатиб, ҳар бир демократ ушбу қонунга қарши овоз берганини алоҳида қайд этди.

Бу ваъда, шунингдек, ўзига хос оммавий ярашув рамзи ҳамдир. Маск ва Трамп ўртасида 2025 йилда айнан солиқ ва харажатлар тўғрисидаги қонун сабабли келишмовчилик келиб чиққан эди. Кейинроқ Трамп бу узилишни шунчаки «арзимас баҳс» деб атади.

Болалар акцияларни текинга қўлга киритади, аммо бу совға Маскнинг ўзига ҳам каттагина маблағни тежаб қолиш имконини бериши мумкин.

АҚШнинг «CNBC» телеканали хабарига кўра, қимматлашган акцияларни хайрия қилувчи ҳомийлар капитал ўсишидан олинадиган солиқдан озод этилади ва одатда солиқ чегирмасини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

«SpaceX» асосчиси сифатида Маск ўз акциялари учун жуда кам пул тўлаган. Уларнинг 10,7 миллиард долларлик қисмини сотиш эса ундан тахминан 2,5 миллиард долларгача солиқ тўлашни талаб қилган бўларди.

«Бу, айниқса, юқори даромадли солиқ тўловчилар орасида кенг тарқалган амалиётдир. Акс ҳолда улар жуда катта миқдорда солиқ тўлашга мажбур бўларди», — деган эди май ойида «Tax Foundation» ташкилотининг бош иқтисодчиси Уилл Макбрайд телеканалга берган интервюсида.

Колорадо Боулдер университетининг ҳуқуқшунослик профессори Энн Липтон «Inc.» журналига берган интервюсида ўз улушини сота олмайдиган миллионлаб акциядорлар ҳам «SpaceX» муваффақиятидан ва компаниянинг меъёрий юкламаларини минималлаштиришдан бевосита манфаатдор бўлиб қолишини таъкидлади.

АҚШдаги сиёсий таъсирларни ўрганувчи Стокголм университети қошидаги Халқаро иқтисодий тадқиқотлар институти иқтисодчиси Митчелл Даунининг фикрича, бу ваъданинг энг ҳайратланарли томони ўзига хос «тақа эффекти»дадир. Яъни, бу ўнг ва сўл қанот сиёсатлари гўёки айланиб келиб, бир нуқтада кесишиши мумкинлигини англатувчи ғоядир.

Унинг сўзларига кўра, прогрессив кучлар ўнлаб йиллар давомида бойликдаги тенгсизликни камайтириш мақсадида ҳар бир чақалоқ учун мўлжалланган «Болалар тараққиёти ҳисобрақамлари» — сармоявий ҳисобрақамлар концепциясини қўллаб-қувватлаб келган. Бу ғоя «Democracy Collaborative» каби гуруҳлар томонидан илгари сурилган бўлса-да, федерал даражада етарлича қўллаб-қувватланмаган эди. Эндиликда Маскнинг совғаси ва Трамп ҳисобрақамлари туфайли бу ғоя янада оммавийлашиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид