
Медведев Украинани «даҳшатли якун» кутаётганини башорат қилди
Россия расмийси Ғарб ёрдами Украина ҳукуматини заифлаштираётганини ва вақт ўтиши билан унинг оқибатлари янада оғирлашишини айтди.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг айтишича, Ғарб Украинадаги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Унга кўра, Россия уруш бошланганидан бери Украина учун ажратилган ёрдам миқдори 500 миллиард еврога етган. Бу ҳақда The Moscow Times хабар берди.
«Жуда кўп, ҳаддан ташқари кўп. Бу маблағлар эвазига янги бетараф ва фаровон Украинани барпо этиш мумкин эди. Бироқ, насиб қилмади», — дея ёзди Медведев.
Шу билан бирга, у АҚШ Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий иштироки давомида бундан бир неча баробар кўпроқ маблағ сарфлаганини таъкидлади: «Енгилмас эркин «Пиндистон» 2001 йилдан 2021 йилгача Афғонистонда ҳокимиятни толиблардан толибларга топшириш учун 2,3 триллион доллар совурди».
Медведевнинг хулоса қилишича, Ғарб дунёси Украинани қўллаб-қувватлашга қанчалик кўп маблағ сарфласа, унинг ҳозирги ҳукумати учун «оқибат шунчалик даҳшатли бўлади» ва Россия янада кўпроқ ҳудудларни қўлга киритади.
У россияликларни яқинлашиб келаётган Халқ бирлиги куни билан табриклаб, «ҳаммаси АҚШнинг Афғонистондаги ҳолати каби бўлади», деди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил ноябр ҳолатига келиб, Россия босқини бошланган (2022-йил 24-феврал) кундан буён АҚШ Конгресси томонидан Украинага ажратилган ёрдам миқдори 182 миллиард доллардан ошган, шундан 65,9 миллиард доллари қурол етказиб беришга сарфланган.
2025 йил июл ойида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен Европа Иттифоқи уруш давомида Украинани қўллаб-қувватлаш учун деярли 165 миллиард евро ажратганини маълум қилди. Килс институти ҳисоб-китобларига кўра, Буюк Британия бу мақсад учун 11,8 миллиард доллар йўналтирган.
Шундай қилиб, Ғарб мамлакатларининг умумий ёрдам ҳажми 371 миллиард доллардан ошган.
Reuters хабарига кўра, урушнинг дастлабки икки йили Россияга 211 миллиард долларга тушган — бу маблағлар қуролланиш, ҳарбий сафарбарлик ва ҳужум операцияларидаги харажатларни ўз ичига олади.
Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилгача кутилган иқтисодий ўсишдаги йўқотишларни ҳам инобатга олганда, бу икки йиллик уруш Россияга 1,3 триллион доллар зарар келтирган.





