Logo

Микромолия бозорининг 99 фоизи 82 та ташкилот ҳиссасига тўғри келади — Марказий банк

Бугун 15:051 дақиқа

Ушбу микромолия ташкилотларининг активлари 10 млрд сўм ва ундан юқорига тенг.

Микромолия бозорининг 99 фоизи 82 та ташкилот ҳиссасига тўғри келади — Марказий банк © Foto: Vaqt.uz

Ўзбекистонда 2026-йил 1-сентябр ҳолатига кўра, 141 та микромолия ташкилоти фаолият юритиб, уларнинг жами активлари 20,8 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.

Шундан 82 таси активлари 10 млрд сўм ва ундан юқори бўлган ташкилотлар ҳисобланади. Айнан ушбу гуруҳ ҳиссасига 20,5 трлн сўм ёки жами активларнинг қарийб 99 фоизи тўғри келмоқда. Уларнинг соф кредитлари 17,9 трлн сўмни ташкил этиб, микромолия ташкилотлари жами кредит портфелининг асосий қисмини шакллантирган.

Капитал кўрсаткичларида ҳам худди шундай таркиб кузатилади. Жами 4,4 трлн сўмлик капиталнинг 4,3 трлн сўми активлари 10 млрд сўмдан юқори ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Устав капиталида ушбу гуруҳнинг ҳажми 2 трлн сўмдан ортиқ.

Мажбуриятларнинг жамланиш даражаси янада юқори: жами 16,3 трлн сўмлик мажбуриятнинг 16,27 трлн сўми ушбу 82 та ташкилот ҳиссасига тўғри келмоқда. Улар томонидан жалб қилинган кредитлар, қарзлар ва лизинг ҳажми эса 13 трлн сўмдан ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ микромолия ташкилотининг жами кредит қолдиғи 18,64 трлн сўмга етганди. Айрим микромолия ташкилотларининг ҳар учта кредитидан иккитаси муаммоли бўлиб, айрим компанияларда соф кредитлар жами активларнинг 50 фоизидан кўпроғини эгаллаган.

Теглар

Мавзуга оид