add

Миллионлаб иш ўринлари СИ таъсирида йўқолиши мумкин

03.12.2025 | 22:553342 дақиқа

БМТТД ҳисоботига кўра, СИ ривожи айрим мамлакатларда иқтисодий ўсишни тезлаштирса-да, аёллар ва ёшлар бандлигини жиддий хавф остида қолдириши мумкин.

Миллионлаб иш ўринлари СИ таъсирида йўқолиши мумкин

БМТ Тараққиёт дастури сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ривожланаётган иқтисодиётларда тенгсизликни кучайтириши ва миллионлаб иш ўринларини йўқ қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Ҳисоботга кўра, СИ технологиялари энг тез жорий этилаётган соҳаларда меҳнат бозоридаги ўзгаришлар айрим ижтимоий гуруҳлар учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, Осиё–Тинч океани минтақаси дунё аҳолисининг ярмидан ортиғини ўз ичига олгани ва СИ инновациялари жадал ривожланаётгани сабабли асосий ўзгаришлар айнан шу ҳудудда содир бўлмоқда. Минтақада сунъий интеллектдан фойдаланувчилар сони тез ўсмоқда, Хитой эса глобал СИ патентларининг 70 фоизига яқин қисмига эгалик қилмоқда. Бу рақамлар СИнинг иқтисодий таъсири янада ортитишини англатади.

Ҳисоб-китобларга кўра, сунъий интеллектни кенг қўллаш ЯИМнинг йиллик ўсишини камида 2 фоизга ошириши, соғлиқни сақлаш ва молия каби соҳаларда унумдорликни 5 фоизгача кўтариши мумкин. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари эса келгуси ўн йилда ЯИМга тахминан 1 триллион доллар қўшимча қўшиш имконига эга. Шу билан бирга, бу жараён меҳнат бозорида янги хавфларни келтириб чиқармоқда.

Ҳисоботда айтилишича, айниқса аёллар банд бўлган касблар автоматлаштириш учун энг осон йўналишлардан бири ҳисобланади. Бундай иш ўринларини СИ орқали алмаштириш эҳтимоли бошқа соҳаларга нисбатан деярли икки баравар юқори. Ёшлар, хусусан 22–25 ёшдагилар, СИ фаол қўлланиладиган секторларда иш топишда тобора каттароқ қийинчиликларга дуч келмоқда.

Баъзи давлатлар эса сунъий интеллектни аҳоли учун қулайлик яратишда самарали истифода этмоқда. Сингапурда ёш ота-оналар учун ҳужжатлар расмийлаштириш муддати 2 соатдан 15 дақиқагача қисқартирилган. Пекинда эса рақамли нусхалар шаҳар инфратузилмасини режалаштиришда ва сув тошқинларига қарши чораларда қўлланилмоқда. Бу тажрибалар СИдан тўғри фойдаланилса, ижтимоий манфаат сезиларли бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Бироқ, БМТТДга кўра, ҳали ҳам кўплаб мамлакатларда сунъий интеллектга оид қонунчилик етарли даражада шаклланмаган. 2027 йилга қадар СИ билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг 40 фоизидан ортиғи генератив технологиялар суиистеъмоли билан боғланиши тахмин қилинмоқда. Хукуматлар бу тенденцияни инобатга олган ҳолда тегишли қонун ва мезонларни жорий этишлари зарур.

Шунингдек, минтақанинг айрим давлатларида инфратузилма, рақамли кўникмалар ва бошқарув салоҳиятининг етишмаслиги СИдан фойдаланиш имкониятларини чеклаётгани қайд этилган. Бу эса нафақат имкониятларни камайтиради, балки хавфларни ҳам кучайтиради.

Теглар

Мавзуга оид