«Мингўрик»дан «Абу Сахий»гача метро, Устюртга «British Petroleum» кириши ва Ўзбекистон бозоридан чиқиши қимматга тушган банк — 13 май дайжести

Кеча 22:433 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Мингўрик»дан «Абу Сахий»гача метро, Устюртга «British Petroleum» кириши ва Ўзбекистон бозоридан чиқиши қимматга тушган банк — 13 май дайжести

Солиқ қўмитаси P2P ўтказмаларни текширишни бошлади

Солиқ қўмитаси айрим тадбиркорлар товар ва хизматлар учун тўловларни терминал ўрнига картадан-картага P2P ўтказмалари орқали қабул қилиб, бу даромадларни солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирмаётганини маълум қилди. Қўмитага кўра, текширувлар асосан савдо фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ва уларнинг раҳбар ходимлари карталаридаги савдо айланмаларига қаратилган.

Солиқ органлари аниқланган ҳолатлар бўйича тадбиркорларга хабарномалар юбормоқда. Қўмита текширувлар фуқароларга қарши эмас, балки яширин айланмаларни қисқартириш ва иқтисодий адолатни таъминлаш мақсадида ўтказилаётганини таъкидлади. Шунингдек, тадбиркорлар савдо тушумларини тўлиқ расмийлаштириш ва солиқ ҳисоботларида ҳаққоний кўрсатишга чақирилди.

«Hamkorbank» бошқарув раиси Бахтиёржон Жўраев лавозимидан озод этилди

Ўзбекистондаги хусусий банклардан бири — «Hamkorbank» бошқарувида ўзгариш юз берди. Полшалик банкир Рафал Юшчак банк бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У бу ҳақда ўзининг Facebook саҳифаси орқали маълум қилди, аммо банк ҳозирча расмий баёнот бермаган. Юшчак молия соҳасида 26 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, «PKO BP», «Alfa Bank Ukraine» ва «Getin Holding» каби молиявий институтларда раҳбарлик қилган.

Мазкур лавозимда бунга қадар Бахтиёржон Жўраев ишлаб келаётганди. У 2021 йилдан буён «Hamkorbank» бошқарув раиси сифатида фаолият юритган. «Банкирлар учун» Telegram канали маълумотига кўра, Жўраев ўз хоҳишига кўра лавозимни тарк этган ва банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланган.

Ўзбекистондан кетган Қозоғистон банки 10 миллион доллардан кўпроқ зарар кўрди

«Евроосиё банки» Ўзбекистон бозоридан чиқиши натижасида 5 млрд тенге, яъни 10 миллион доллардан ортиқ зарар кўрганини маълум қилди. Банк ҳисоботига кўра, 2025 йил август ойида Ўзбекистон Марказий банки лицензияни чақириб олган ва банкни мажбурий тугатиш жараёни бошланган. Асосий сабаб сифатида устав капитали қонунчиликда белгиланган 500 млрд сўмлик минимал талабга етмагани кўрсатилган.

Банк Ўзбекистондаги фаолиятини зарар билан якунлаган: 2024 йилнинг тўққиз ойида 12,6 млрд сўм, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 51,6 млрд сўм зарар қайд этилган. «Евроосиё банки» расмий баёнотида Ўзбекистондан чиқиш қарори олдиндан режалаштирилгани ва энди асосий эътибор Қозоғистон бозорини ривожлантиришга қаратилгани таъкидланган.

«SOCAR» Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади: Устюрт лойиҳасига «British Petroleum» ҳам қўшилди

«SOCAR» Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг «SOCAR» раҳбари Равшан Нажаф ҳамда «British Petroleum» раҳбарияти билан учрашувида маълум қилинди. Учрашувда Устюрт платосидаги углеводород конларини ўзлаштириш лойиҳаси ва нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Лойиҳага илк бор «British Petroleum» ҳам қўшилди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, битим Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой блокларини қамраб олади. Лойиҳада «BP» улуши 40 фоизни, «SOCAR» ва «Ўзбекнефтгаз» улуши эса 30 фоиздан ташкил қилади. Ҳозирда «SOCAR» оператор сифатида сейсмик қидирув ишларини олиб бормоқда.

Тошкент метрополитенининг «Мингўрик» бекати «Абу Сахий» бозори билан боғланиши мумкин

Тошкент метрополитенининг «Мингўрик» бекатидан «Чилонзор буюм бозори»гача бўлган янги метро йўналишини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга метрополитенда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва инфратузилмадан самарали фойдаланиш бўйича тақдим этилган таклифлар доирасида маълум қилинди.

Лойиҳани икки босқичда амалга ошириш режаси кўриб чиқилмоқда. Биринчи босқичда «Мингўрик – Жанубий вокзал» йўналиши, иккинчи босқичда эса «Жанубий вокзал»дан «Чилонзор буюм бозори»гача бўлган қисмни қуриш имкониятлари ўрганилади. Янги линия шаҳар жанубидаги транспорт юкламасини камайтириши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид