Logo

Мирзиёев инвесторларга СИ ва дата-марказларга сармоя киритишни таклиф қилди

Давлат раҳбари сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш асосий вазифа эканини билдирди.

Мирзиёев инвесторларга СИ ва дата-марказларга сармоя киритишни таклиф қилди © Foto: president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида мамлакатнинг рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳасидаги янги режаларини маълум қилди.

Давлат раҳбари инвесторларни энергетика, дата-марказлар ва сунъий интеллект лойиҳаларига фаол сармоя киритишга чақирди.

Президентнинг таъкидлашича, хорижий экспертлар Ўзбекистонда сунъий интеллект технологиялари асосида келгуси беш йил ичида камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилишини прогноз қилмоқда.

«Асосий вазифамиз сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш, ундан таълим, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг фойдаланишдан иборат», — деди президент.

Янги имтиёзлар

Президент инвесторларга қуёш ва шамол электр станциялари билан бир қаторда энергия сақлаш тизимлари, электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда «яшил» энергияда ишлайдиган дата-марказлар қуришни таклиф қилди.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона ташкил этилган.

Ушбу ҳудудда фаолият юритадиган инвесторлар 2040 йилгача барча турдаги солиқ ва божлардан озод этилади. Шунингдек, йўл, электр ва сув инфратузилмаси давлат маблағлари ҳисобидан қуриб берилади.

Бундан ташқари, инвесторлар учун 1 киловатт-соат электр энергияси нархи 5 цент миқдоридаги имтиёзли тариф асосида белгиланади.

Президентнинг маълум қилишича, махсус ҳуқуқий режим асосида ишлайдиган Ўзбекистон халқаро рақамли технологиялар маркази ҳам ташкил этилмоқда.

Президент инвесторларни ушбу йўналишлар бўйича жозибадорлиги юқори бўлган лойиҳаларда ҳамкорликка таклиф этди.

Теглар

Мавзуга оид