Мубашшир Аҳмад шифохонага ўтказилди — Абдураҳмон Ташанов

Қандли диабетнинг оғир шакли билан оғриётган маҳкумга нисбатан жазони енгиллаштириш масаласи кўтарилмоқда. Илгари Салим Абдувалиев ҳам соғлиғи сабаб озод қилинганди.

Мубашшир Аҳмад шифохонага ўтказилди — Абдураҳмон Ташанов © Foto: Kun.uz

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жазо муддатини ўтаётган диний олим, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов чуқурлаштирилган тиббий муолажалар учун Тошкентдаги «Сангород» деб номланувчи жазони ижро этиш бошқармаси шифохонасига ўтказилган. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов олимнинг яқинларига асосланган ҳолда хабар берди.

Унинг билдиришича, Алишер Турсунов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан жазони қамоқда ўташга монелик қилувчи оғир касаллик — қандли диабетнинг оғир шакли билан оғриётгани тасдиқланган.

«Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг жазони ижро этиш Департаменти инсонпарварлик ва гуманизм тамойиллари асосида унинг жазо муддатини қамоқда ўтказиш билан боғлиқ чорани енгилроғи билан алмаштириш бўйича судга тақдимнома киритади,  деган умиддамиз», – деб ёзди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Маълумот учун, Алишер Турсуновнинг адвокатлари бундан бир ой аввал ҳам мижозининг аҳволи кескин ёмонлашиб бораётгани сабаб ортиқ жазо муддатини ўтолмаслиги ҳақида баёнот билан чиққанди. Аммо кейинроқ Олий мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Навоийдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига ташриф қилиб, маҳкум Алишер Турсуновнинг тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлигини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Турсунов Тошкент шаҳар Учтепа тумани суди ҳукми билан 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 75-моддаси биринчи қисмига кўра, «ҳукм чиқарилганидан кейин …жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим».

Ушбу моддага мувофиқ тушадиган касалликлар «Оғир касалликка чалинган маҳкумларни тиббий текширувдан ўтказиш ва уларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги ИИВ ва ССВнинг қўшма қарорида келтирилган.

Хусусан, диний уламо Мубашшир Аҳмадга аниқ ташхис қўйилган «Қандли диабет II типи» – қўшма қарордаги «Маҳкумларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш учун асос бўладиган касалликлар» рўйхатида мавжуд.

Аввалроқ, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Салим Абдувалиев ҳам соғлиғи сабаб Жиноят кодексининг 75-моддаси асосида жазодан озод қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид